Халқимизда хайр ва саховат фазилати

Халқимизда хайр ва саховат фазилати

Бори элға яхшилиғ қилғилки, мундан яхши йўқ,

Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Хайр ва саховат, муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш инсонсеварлик белгиси бўлиб, ҳар бир шахс учун энг олий сифатлардан ҳисобланади. Меҳр ва шафқат, кишини фақат эзгу ишларга чорлайди. Тор доирада қолиб кетмаслик, ўзгалар манфаатидан ўз шахсий манфаатини устун қўймасликни билдиради. Кишини ҳалол яшаш, яхши амалларни бажаришга ундайди.

Ҳазрат Навоий ҳам қуйидаги мисралар орқали меҳр ва шафқат, бошқаларнинг ҳам ғамида бўлиш хислатини ҳақиқий инсонийлик белгиси деб кўрсатади:

Одамий эрсанг демагил одамий,

Оники йўқ ҳалқ ғамидин ғами.

Навоийнинг ушбу мисрасида халқимизнинг инсонсеварлик, меҳр ва саховат каби фазилатлари ўз аксини топган. Чунки хайр ва саховатли ва карамли бўлиш хислати азалдан ўзбек халқи характерининг ажралмас қисмига айланиб келган ва тарих зарварақларида из қолдирган.

Туркий халқлар, айниқса, ўзбек халқи давлатчилиги тарихида меҳр ва шафқат билан йўғрилган хайр ва эҳсон, саховат ва кўмак қанча чексиз бўлганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, Қорахонийлар даврида давлат арбоблари, бадавлат кишилар, хайр ва эҳсон эгалари Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва бошқа жойларда саройлар, дўконлар ва ҳаммомлар қуриб, баъзан ўз ерларини мадрасаларга вақф қиларди. Вақф институти, “Жамғарма”нинг бошланғич шакли сифатида биринчи марта ислом мамлакатларида юзага келиб, охирги даврларда Ғарб мамлакатларида “фундишан” шаклини олган. Вақф этилган мулк ва жой, расмийлаштирилгандан кейин ўз эгаси тасарруфидан чиқиб, мустақил бир мулкка айланади ва суд орқали идора қилиниб, даромади вақф қилинган муассасаларга топширилади. Ҳеч ким, ҳатто давлат ҳам уни сотиш, ёки сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Қорахонийлар даврида мадраса ходимлари ва талабалар маоши ушбу мулкдан келадиган даромаддан тўланарди. Масалан, Санкт-Петербургдаги Салтыкова-Шедрин номидаги қўлёзмалар фондида сақланаётган Иброҳим Тамғачхон томонидан ёзилган вақфномага кўра, Самарқанд мадрасаси мутаваллиси (идорачиси)нинг бир йиллик маоши 2000 дирҳам, фиқҳ илми мударриси маоши 3600 дирҳам, адабиёт фанлари мударриси маоши 1200 дирҳам, Қуръони карим мударриси маоши 1299 дирҳам ва талабалар маоши 360 дирҳам бўлган. Бир мударриснинг бир ойлик маоши билан 200-150 дона ёпилган нон, 2-3 бош боқилган қўй сотиб олиш мумкин бўлган.

Хоразмшоҳлар даврида яшаган бухоролик муаллиф Муҳаммад Авфий “Жавомеъ ул-ҳикоёт ва лавомеъ ул-ривоёт” китобида ёзишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи чет эллик бир олим, қонунга хилоф иш қилгани учун 30 дарра уруш жазосига ҳукм қилинган экан. Шунда Бухоро садрларидан бири Бурҳониддин Абдулазиз ибн Умар давлат бошлиғига мурожаат қилиб, қонунбузарга ўриладиган ҳар бир дарра ўрнида 1000та олтин танга беришга келишади ва давлат хазинасига 30000 қизил олтин тўлаш билан нафақат маҳкумнинг, балки илм аҳлининг ҳам  обрўсини сақлаб қолади.

Шунингдек, Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий “Жалолиддин Мангуберди сийрати” номли китобида қайд этишича, Бухорода Оли Маза (Моза оиласи)нинг буюк имоми Садри Жаҳон ва унинг авлодлари ҳимояси ва нафақаси билан 6000 фиқҳ олими ҳаёт кечирар экан.

Темурийлар даврига келсак, ўзбек аёлларида хайр ва эҳсон олий фазилатини, Бибихоним ва Гавҳаршодбегим тимсолида кўриш мумкин. Таниқли тарихчи Тўрғун Файзиев “Темурий маликалар” китобида берган маълумотларга кўра, Темурий малика Бибихоним Самарқанд шаҳрида унинг номи билан аталган жомъе масжид тўғрисида, ҳашаматли катта мадраса қуриб, унда таълим олаётган талабаларнинг барча харажатини таъминлаб турар экан.

Темурий малика Гавҳаршодбегим хайр ва саховат ҳамда эзгу ишларни йўлга қўйиш бўйича жаҳон маликалари ичида олий мақомда турган. У Ҳирот шаҳрида “Мусалло” мажмуасига асос солиб, у ерда ҳозирги “Гавҳаршодбегим мақбараси” ёнида, Самарқанд шаҳрида ўғли Мирзо Улуғбек қурган мадрасадан намуна олиб, Ҳирот шаҳрида “Гавҳаршодбегим мадраса”сини бунёд эттирган. Мадрасанинг ислимий хатлари ва нақшлари унинг йирик хаттот ва санъаткор ўғли Бойсунқур Мирзо назорати остида бўлгани учун гўзаллик ва мукаммаллик намунаси бўлган экан.

Эроннинг Машҳад шаҳрида темурий малика Гавҳаршодбегим томонидан қурдирилган “Гавҳаршодбегим жомъе масжиди” ички безакларидан бирининг кўриниши

Таниқли ҳиротлик темурийшунос олим Фикрий Салжуқий (раҳматли)  менга қуйидагидек маълумот берган эди: “Кўп умр кўриб вафот этган раҳматли отам, ёшлигида “Гавҳаршодбегимнинг ҳашаматли мадраса”сини, у портлатилмасидан олдин кўрган экан. Улар айтадиларки, Ҳирот хаттотлари ораларида хат ёзиш қоидалари бўйича ихтилоф келиб чиққанда, Гавҳаршодбегим мадраса котибаларига қараб, ихтилофни ҳал қилардилар, яъни мадраса ёзувлари — тўғрилик тимсоли эди. Гавҳаршодбегим ҳар доим мадраса ва талабалар яшаш шароитини назорат қилиб, уларга ёрдам бериб тураркан”.

Гавҳаршодбегимнинг энг олий хайрли ишларидан бири Эрондаги Машҳад шаҳрида “Имом Ризо” мақбараси ёнида “Гавҳаршодбегим жомъе масжиди”ни қуриш эди. Гавҳаршодбегим қимматли олмослардан таркиб топган ўзининг ниҳоят қимматбаҳо тақинчоғини сотиб, Эрон ўлкасида тенги йўқ бу азаматли жомъе масжидни қурдирган. Масжиднинг пештоқи унинг ўғли Бойсунқур Мирзо ёзган ниҳоятда чиройли хат билан безатилган. Бу чиройли масжидни кўргани ҳар доим кўплаб зиёратчилар келиб туради.

Темурийлар даврида хайр ва саховат эгалари кўп бўлган, улардан бири Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий эди. Абдураҳмон Жомий айтганидек, “унинг минглаб гектар экинзорлари бор, лекин уларнинг даромади беҳишт йўлига бориш озуқаси ҳисобланади”, яъни Худо йўлида хайр ва саховат ҳамда муҳтожларга ёрдам кўрсатишга бағишланган. У қурдирган масжид ва мадрасалар Тошкент ва бошқа жойларда мавжуд ва Хожанинг вақфномасида кўрсатиб берилган. Унинг энг эътиборли эзгу ишларидан бири — Самарқанд ва Бухоро аҳолисига кўмак тариқасида улар тўлай олмаган икки йиллик ер солиғини давлатга тўлашдан иборат бўлганди.

Мустабид тузум даврида ҳам, ўзбек халқи хайр ва саховат олий хислатини ҳеч қачон, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам унутган эмас. Улар Ватан ҳимояси учун фашизмга қарши урушга қатнашган ўн минглаб фарзандлари ва бошқа миллатлар фарзандлари учун бор-у йўқлари, ҳаттоки аёллар ўз олтин ва кумуш тақинчоқларини моддий қўллаб-қувватлаш сифатида фронтга юборган. Бу эса дунёда мисли кўрилмаган ва одамларни ҳайратлантирувчи саховат ва эҳсон олий намунаси ҳисобланади.

Ўзбекистон мустақиллигидан кейин хайр ва эҳсон фазилати янада ўзига хос тус олди ва турли соҳаларда ўз аксини топиб келмоқда. Яқинда жамиятимизнинг экология, соғлиқни сақлаш, инновацион технологиялар ва жамоатчилик ҳуқуқи соҳасидаги мутахассисларидан иборат ташаббускорлар гуруҳи, нодавлат нотижорат ташкилот сифатида “Замин” халқаро жамоат фондига асос солди. Зироат Мирзиёева раислигида фаолият юритадиган бу фонднинг мақсади — эҳсон ва кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам беришдан ташқари мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 8-, 9-бандида кўрсатилган йўлланмалари асосида, Ўзбекистон диний идораси таркибида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, амалий иш бошлади. Бу ташаббус ўзбек давлатчилиги тарихида унутилмас из қолдириб, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган вақф институтининг замонавий услубда тикланишидан иборат бўлиб, барча мўмин-мусулмон ватандошларимиз эътибор ва ишончини ўзига жалб этмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эълон қилиниб, муҳтож шахслар ва кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш йўли очиб берилди. Бу ҳақда давлат раҳбари шундай деган эди: “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намойиши бўлишига ишонаман”. Бу — ҳаққоний эътироф. “Сардоба” туманида юз берган сув тошқини фожиасидан зарар кўрган юзлаб оилаларга хайр ва эҳсон эгалари, инсонпарвар оилалар ва фирмалар томонидан жўнатилган беҳисоб озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, нақд пул, ҳатто болалар учун юборилган ўйинчоқларда ўз тасдиғини топди. Ўзбекистонда яшовчи Афғонистон фуқаролари ҳам бу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди.

Шу ўринда бир муҳим масала устида тўхтаб ўтиш керак. Айрим ватандошларимиз бир марта Ҳаж сафарини адо қилиб, зиммаларидаги фарзни бажарган бўлсалар-да, қайта-қайта Ҳаж ва Умра зиёратига қизиқиб, яна бир бор муқаддас сафарга йўл оладилар. Албатта, Ҳаж ва Умра зиёратига қанча борилса, савобли иш, лекин фарз эмас, балки суннатдир. Аммо унинг савобидан кўра, ҳаж сафари учун сарфланадиган катта маблағларни, савоби кўпроқ ва фойдаси кенгроқ бўлган мақсадда сарфласалар, масалан қашшоқ ва кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатсалар, ёки муҳтожларга кўмак қилиш учун ташкил этилган хайрия фондлар – жамғармаларга топширсалар, албатта, Аллоҳ розилигига сабаб бўлиб, хайр ва эҳсон эгасига ажри азим ҳосил бўларди.

Ислом оламида олимлар иттифоқи асосида, омма, яъни халқ манфаати, фардий манфаат, шахс манфаатидан устун туради. Мисол учун, нафл шаклида ижро этиладиган Ҳаж ва Умра манфаати савоби фақат бир кишига тегишли, лекин агар ўша йўлда сарфланадиган маблағ, хайр ва эҳсон йўлида сарфланганда, фойдаси юзлаб ва минглаб инсонларга етиб боради ва уларни очлик, ялонғочликдан қутқариб, хайр ва эҳсон эгалари учун чексиз ажру савоб ҳосил бўлишига сабаб бўлади.

Такрорий ёки нафл ҳажини адо қилиш учун ҳар бир мўмин киши ҳеч бўлмаса 25-30 миллион сўм сарфлайди. Энди агар такрорий ҳаж зиёратини ният қилган мўмин-мусулмонлар шу миқдордаги маблағларини коронавирус пандемияси сабабли Ҳаж маросими тўхтатилган оғир шароитда, ҳожатманд кишиларга тарқатсалар, ёки хайрия муассасалари орқали уларга ёрдам берсалар, албатта, Аллоҳ томонидан улар номига чексиз ажру савоб ёзилиши табиий.

Агар хайру эҳсон эгаси бир миқдор ўз мулки ёки бойлигини Худо йўлида вақф қилиб, Ўзбекистон диний идораси таркибидаги “Вақф” хайрия жамоат фондига топширса, бу хайрли иши билан “Хайроти жория” ёки “Садақаи жория” яъни, доимий ажру савоб манбаи бўладиган амалга қўл урган бўлади. Масалан, агар унинг мулки, китобхонаси, сармоясидан ҳар қанча одамлар фойдаланса, унинг савоби, албатта, ўзи ва яқинларига доимий тегиб туражак.

Пайғамбаримиз деган эдилар:  “Инсон оламдан ўтгандан кейин у қилган жорий садақадан ташқари унинг барча алоқалари дунёдан узилади”. Яна бир ҳадисда “Солиҳ фарзанд ва садақаи жория инсонга ажру савоб етиб боришига сабаб бўлади”, дейилган.

Дарҳақиқат, садақа ва хайрли ишнинг савоби, ундан одамларга етиб борадиган хайру манфаат миқдори билан ўлчанади. Масалан, бир қашшоқ оилани озиқ-овқат билан таъминлаш ва бир камбағал ўқувчига моддий ёрдам бериш хайрли иш, лекин юзлаб киши ўқийдиган бир мактаб қуриш, ёки юзлаб оилага ёрдам бериб турган бир хайрия жамғармасига катта ёрдам кўрсатиш, Аллоҳ томондан юзлаб маротаба ажру савоб берилишига сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Темурийлар даврида юз берган, мавзуга тегишли бир муҳим воқеани эслатиб ўтиш жоиз. XV асрда Темурийлар давлатининг бош вазири ҳазрат Алишер Навоий ҳаж ибодатини адо қилиш ниятида тайёргарлик кўриб турган чоғида, Султон Ҳусайн Бойқаро у кишини ўз ҳузурига чорлаб, ҳозир ушбу сафар вақтини келажакка чўзишини сўрайди. 

Навоий бунинг боиси нелиги билан қизиқанида Султон шундай дейди: “Албатта, Ҳаж зиёратини қилиш фарз, лекин унинг учун муайян вақт белгиланган эмас, у намоз каби вақти ўтиб қазо бўлмайди. Банда ҳар қачон вақт топиб, уни адо қилса бўлади. Энди сабабини мендан сўрамоқчи экансиз, айтишим керакки, раъйият муаммоларини ечиш билан мамлакатда қонунни назорат қилиш, мазлумлар додини эшитиб, уларни золимлардан нажот бериш каби муҳим ишлар, Сизнинг зиммангизда турган асосий вазифалардан ҳисобланади. Айтинг-чи, Сиз бир узоқ муддат мавжуд бўлмаган шароитда бу ишларни ким бажариши мумкин ва Сиздан бошқа кимга ишониб бўлади?”.

Навоий ҳазратлари Ҳусайн Бойқаронинг фикрини маъқуллаб, Ҳаж сафарини келгусига қолдиради.

Пайғамбаримиз айтадилар: “Адлу соатин хайрун мин ибодати сантин” яъни, бир соатлик адолат қилиш, бир йиллик ибодатдан устун туради. Сиз ҳажни адо қилсангиз, унинг савоби фақат ўзингизга тегади, лекин агар бу ерда туриб адолат ўрнатиш ва халқ хизматида бўлиш, барча мусулмонларнинг чексиз олқишларига сабаб бўлади ва бу йўлдан сиз учун ҳосил бўладиган савоб ва ажри азим беқиёс саналади.

Темурийлар даврида хайр ва саховат ҳаракати ҳеч қачон тўхтамаган. Алишер Навоий ота-боболаридан мерос қолган катта бойлик даромадидан бир миқдорини ўз эҳтиёжига сарфласа, қолган тўқсон фоизини хайрия ишларига ажратганди. Манбалар гувоҳлигида у Афғонистон ва Эрон ҳудудларида мадраса, шифохона, кутубхона, қироатхона, хонақоҳ, етимхона, боғ ва ҳовузлар, кўприк ва ариқлар каби 370дан ортиқ хайрия иншоотлар қурдириб, халқ хизматига қўйган. Тоғлар ичидан ариқ қаздириб, чашмалар ичимлик сувини Машҳад шаҳрига олиб келгани ҳақида Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкиратуш-шуъаро”да ҳайратланиб маълумот беради. Булардан ташқари ҳазрат Навоийнинг саховат ва карам дастурхони шунча кенг ёзилган эдики, ҳар йили “Ихлосия” хонақоҳсидан минглаб кийим-кечак, сарпо, тўн, салла, пўстин ва пойабзал, камбағал ва муҳтожларга тарқатиларди. Афғонистон шимолида жойлашган қадимий Жузжон маркази бўлмиш бизнинг шаҳримиз – Сарпул шаҳри ҳам бу карамли инсон назаридан четда қолмаган. Иккига бўлинган ушбу шаҳар қисмининг катта дарё устига ҳазрат Навоий икки қаватли катта кўприк қурдирган, шу кўприк биносидан кейин, шаҳримиз “Сари пул” отини олган. Беш асрдан оша узоқ муддат давомида сув тошқинлари ва ер силкинишларига чидам кўрсатиб келган бу обида, ҳазрат Навоий эзгу хотирасини одамлар қалбида мангу сақлайди.  

Алишер Навоий қурдирган “Сари пул” кўприги таъмирдан олдин (Афғонистон)

“Сари пул” кўприги таъмирдан сўнг

Бир сўз билан айтганда, хайр-саховат, кишиларга ёрдам қўлини чўзиш инсонийликнинг энг олий хислатидир. Аждодларимиздан бизга мерос бўлган ушбу азалий қадрият, анъаналарга риоя қилиш, келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг олдимизда турган мақсадларимиздан бири. Ҳозирги кунда ҳам бунинг амалий ифодасини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Инсоният бошига келган бугунги коронавирус пандемияси шароитида ҳам кишилар чин инсонийлик тамойилларига амал қилган ҳолда, юртдошларига ёрдам бермоқдалар. Давлат раҳбари ва масъул мутасаддиларнинг бу борадаги кўрсатма, тавсиялари ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга фуқароларимиз амал қилишяпти. Зеро, бу синовли кунлар ҳам ортда қолади. Ўзбек халқи илм-маърифат, сабр-матонатли миллат. Мана шу кунларда ҳам ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-биримизга кўрсатган меҳр-мурувват, хайр-саховатимиз билан ушбу синовларни, албатта, енгиб ўтамиз.

Абдуҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,

юридик фанлари доктори, профессор (Швеция)

 


Print   Email