Халқчил сатрлар халқнинг қалбида қолади

Халқчил сатрлар халқнинг қалбида қолади

 

Ёш авлод тарбиясида адабиётнинг ўрни беқиёс. Кейинги йилларда адабиётга, китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбонини чинакам маърифат манзили ва тарбия масканига айлантириш, бу ерда мунтазам равишда турли адабий тадбирлар ўтказиш, китоб кўргазмалари, таниқли ижодкорлар билан учрашув ва мушоиралар ташкил қилиш ҳам ана шу эътибор туфайли бўлаётган саъй-ҳаракатлардандир.

Ўзбек адабиётининг йигирма тўрт забардаст вакили орасида Муҳаммад Аминхўжа Муқимийни ҳам борлиги алоҳида эътирофга сазовор. Зеро, академик шоир Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, “ўзбек халқининг мўътабар шоири” Муқимий ижоди мумтоз адабиётнинг энг ёрқин саҳифаларидан ўрин олган. Ўз даврида Муқимийнинг ғазал, мурабба ва мухаммаслари сиёҳи қуримай туриб ҳофизлар созига тушган, давраларда севиб ўқилган, қўлма-қўл бўлиб, оғиздан- оғизга ўтган. Қўшиқ бўлмаган шеърлари кам. “Кўнглим сандадур”, “Соядурмен”, “Якка бу Фарғонада”, “Гирифтормен яна”, “Доғмен”, “Ёдимга тушти”, “Қилма кўп”, “Навбаҳор”, “Эй чеҳраси тобоним” каби ўнлаб шеърлари миллий қўшиқчилик санъатининг олтин фондидан жой олган.

Муқимий адабий мероси тахминан 10 минг мисрани ташкил этиб, анъанавий ва ҳажвий йўналишдаги шеърлардан иборат. Анъанавий шеърларида Жомий, Навоий, Фузулий, Машраб, Амирий ижод йўлини давом эттириб, янги ижтимоий шароитда уларни ривожлантирган. Шоир лирикасида ғазал, мухаммас ва мурабба жанрлари етакчи ўрин тутади. У Машрабдан кейин мурабба ва мухаммас жанрлари тараққиётига катта ҳисса қўшди. Таъбир жоиз бўлса, Машраб ва Муқимий бу икки жанрни мумтоз шеъриятнинг ғазалдан кейинги энг машҳур жанрларига айлантирдилар. Хусусан, мурабба жанрига Муқимий янги ҳаёт бағишлади, дейиш мумкин. Шоирнинг содда тил, равон услубдаги ҳассос ва ўйноқи мураббаларининг деярли барчаси қўшиққа айланиб, халқ меҳрини қозонди. Муқимий шеърияти чуқур ҳаётсеварлик руҳи билан суғорилган, ҳасрат, шикоят оҳанги устувор шеърларида ҳам некбинлик кайфияти барқ уриб туради.

Муқимий том маънодаги халқ шоири эди. Аслида бадиий сўзни содда асосга кўчириш Бобурдан бошланиб, Машрабда ўзининг ҳадди аълосига етган эди. Лекин Машраб шеърлари шаклан содда, енгил, ўйноқи ва жарангдор бўлса-да, мазмунан анъанавий — диний-тасаввуфий мазмун, тимсолу ташбиҳларга бой эди. Муқимий эса уни мазмунан ҳам соддалаштирди. Тўғри, Муқимий ижодининг ҳам катта қисмини анъанавий ишқу муҳаббат мавзусидаги шеърлар ташкил этади. Лекин у ана шу анъанавий мавзуни ҳам салафлардан ўтиб келаётган бир қадар китобий образлар эмас, балки ҳаётий тимсоллар воситасида ёритади. У ташбиҳни кўпроқ теварак-атрофдан қидирди, ҳамма кўриб, лекин ҳеч ким эътибор бермайдиган нарса-ҳодисалараро боғлиқлик ва ўхшашликларни топиб, гўзал бадиий шаклларда ашъорлари қатига олиб кирди.

Бир умр халқ ичида юрган, халқ билан бирга нафас олган, унинг турмуши, орзу-ўйларини яхши билган Муқимий халқона сўз ва ибораларни топиб ишлатишга жуда уста эди. Шоир шеърлари содда, тушунарли, айни пайтда таъсирчан ва нишонга бехато тегиши билан ўзига хос бадиий қиммат касб этади.

Ошно бўлдим десам,

кўнглунг сенинг бегонада

каби соф халқона мисраларни Муқимийдек халқчил шоиргина ижод қилиши мумкин. Халқчил шоирлар сўз топишга қийналмайди, улар учун сўзлар тизими шундоққина оқиб келади, дейиш тўғри эмас. Тўғри, сўз ҳам, тимсолу ташбиҳлар ҳам теварак-атрофда тўлиб-тошиб ётибди. Лекин уларни танлаб ишлатиш, ўрнига тушириш ва ўқувчига маъқул қилишнинг ўзи бўлмайди. Бу ҳам машаққатли ижодий жараёндир. Айтайлик, шоир халқона соддагина қилиб “бир гул учун хорман”, дер экан, шу оддий гап ҳам икки маънога эгалигини ҳамма сезавермайди: бир гул ишқида хорман ва бир гул учун тиканман.

“Эшикдин урсангу қувсангки, кетмас бир гадойингман”, “Ҳар кеча ёдингда минг йўл уйқудин уйғонаман”, “Чиқди ҳижрон чилласи, келди баҳорим, хайрият”, “Қилмасам зикрингни кесулсун забон”, “Ғайр ила кўрсам мабодо худ-бахуд рашким келур”, “Ширин асалдин сўзлари, иссиғ ажаб юлдузлари”, “Доманингни тутмасун то рўзи маҳшар қонгинам”, “Кишининг жонидек жисмимдаги руҳи равоним сиз”, “Миниб ноз отиға”, “Кўзича душманим ер бирла яксон айладингкетдинг” сингари кўпдан-кўп халқона мисра ва ибораларнинг ўзи Муқимийнинг халқчил шоир бўлганидан сўзлайди.

Сув сепиб кўз ёшидин, қўйдим йўлингиз тозалаб,

То келур вақтида доманни ғубор этмай келинг.

Албатта, шоир ўзини зўрлаб, атай оддийлик ва соддаликка интилмайди — бу унинг табиатида бўлади. Муқимий ҳаётда ҳам оддий, камсуқум, камтарин инсон бўлган. У бу дунёнинг неъмату давлатларига қизиқмай, бир умр мадраса ҳужрасида фақирона кун кечирган. Унинг дўсту яқинлари, атрофидагилар оддий одамлар эди. Бу ҳол унинг шеърларида доим ўзини паст тутиб гапиришида ҳам кўринади. Шоир шеъриятининг бу қадар халқчиллиги илдизларини худди шу ердан қидириш керак. Шоирнинг шоирлигини унинг ярқ этиб кўзга ташланадиган ва хотирада мангуга муҳрланиб қоладиган фавқулодда ва оҳорли тимсолу ташбиҳлари намоён этади, шоирнинг маҳоратини унинг шаклан гўзал, мазмунан теран ва серқирра, бадиий баркамол шеърлари кўрсатади, шоирни унинг ўқувчилар томонидан эътироф этилган ва халқ кўнглидан жой олган шеърлари машҳур қилади. Бу жиҳатдан Муқимийга унча-мунча ижодкорга насиб этмаган бахт кулиб боқди: халқ орзу-армонлари, дарду ташвишларини ҳассос мисраларда тараннум этган шеърлари, одамларнинг кўнглини безовта қилган, тилининг учида турган фикру ўйларини баралла ифода этган, ошиқ аҳлининг оташин ҳис-туйғулари, гоҳ маҳзун, гоҳ некбин кечинмаларини ўтли тилда тараннум этган ғазал, мурабба ва мухаммасларининг аксарияти халқимиз кўнглидан чуқур жой олди.

Муқимий ҳаётнинг азалий ва абадий ҳақиқатини, тирикликнинг энг буюк мантиғини, инсон турмушининг энг аччиқ мазмун-моҳиятини энг оддий сўзлар билан оддий усулда тасвирлайди. Масалан, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деган мақолни мана бундай шаклда ўзига хос ва оҳорли тарзда шеърга солади:

Мулки Ҳинду Марвдин келсам, топардим эътибор,

Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман.

Ҳаётни обдан ўрганган, инсон феълининг турфа манзараларини кузатган, тириклик фалсафасини чуқур англаган, ўзи ҳам турмуш қозонида қайнаб пишган шоирнинг кўплаб байту мисралари халқ мақол-маталларидай, мутафаккир шоирларнинг ҳикматларидай жаранглайди:

Баланду пастиға дунёни чандон чоптиму елдим,

Кезиб қисматдин ортиқ ризқу рўзи йўқлигин билдим.

Муқимий қўллаган тимсолу ташбиҳлар ҳам ўзининг табиий ва самимийлиги билан кишини ҳайратга солади. Айтайлик, тинчим бузилиб, тоқатим битди, деган одатий бир гапни у мана бундай гўзал тимсолу ташбиҳлар воситасида таъсирчан қилиб айтади:

Меваи сабрим тўкулди шохи оромим синиб.

Ёки ҳар лаҳза бир баҳона топиб, зулм ўтказишдан мақсад нима, деган фикрни қуйидагича кутилмаган ўхшатиш орқали бетакрор шаклда ифодалайди:

Зулм танбурин бураб, ҳар лаҳза соз этмак надур?

Шоир ҳамиша образлар тили билан сўзлашга, фикру туйғуларини бирор нарсага қиёсан гўзал ва таъсирчан шаклда ифодалашга ҳаракат қилади. Бинобарин, ёрсиз орому сабрини йўқотиб, безовта ва беқарор бўлганини, ўзини ҳар ёққа уриб, нима қилишни билмаётганини илон чаққан кишининг аҳволига ўхшатар экан, бу ташбиҳ унинг ҳолатини бутун мураккаблиги билан тасаввур этишга имкон яратиши баробарида, байтнинг бадиий етук ва таъсирчанлигини ҳам таъминлайди:

Оҳким, сенсиз қарору, сабру оромим кетиб,

Бир илон чаққан кишидек ҳар тараф тўлғонаман.

Ишқ туфайли қандай балоларга дучор бўлганини агар ишқ даштида Мажнун учраса, бошидаги минг савдони кўриб, ҳолига йиғлаши билан далиллайди. Мажнун муҳаббати тарихидан хабардор ўқувчи эса ҳатто буюк ишқ телбаси — Мажнуннинг раҳмини келтирган ошиқнинг аҳволи қанчалик чидаб бўлмас даражада эканлигини тасаввур қилиб олаверади:

Менга Мажнун учрасайди ишқ даштида агар,

Йиғлар эрди ҳолима бошимда минг савдо кўруб.

Ҳажрингда шу қадар йиғладимки, дейди бошқа бир байтида, кўзим тўккан қонли ёшлардан дашт лолазорга айланди. Ошиқнинг ҳижрон азобидаги оғир аҳволини бундан ортиқ тасвирлаш мумкинми?

Ҳажрингда йиғладим чунонким, қон ёшим билан

Дашт ўлди лолазор, тасаддуқинг кетай.

Шоир ана шундай халқона тансиқ сўз ва иборалар, фавқулодда тимсолу ташбиҳлар, нозик лутфу қочиримлар, ўткир киноя-тамсиллар, нишонга тегадиган таъсирчан сўзларни топиб, ўрнига қўйиб ишлатади ва шеърларининг бадиий баркамоллигини таъминлаб, эстетик таъсир кучини оширади.

Буюк сўз санъаткорларининг худди бугунги кунда ёзилгандай таассурот қолдирадиган чуқур мазмунли байту мисралари бунинг ёрқин мисолидир. Муқимий шеърлари хусусида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Шоирнинг кўп шеърлари теран ва серқирра мазмунни оддий ва содда ифодалаши билан ўзига хослик касб этади. Шоирни халққа яқин ва севимли қилган энг асосий омиллардан бири ҳам айни шунда.

Муқимий энг оддий сўзлар воситасида энг олий ҳақиқатларни айта оладиган даражадаги юксак истеъдод соҳиби, маҳорат эгаси. Шеърга тушиб-тушмайдиган сўзлар ҳам шоир шеърларидан ўзига хос ўрин топиб, муайян бадиий мақсадга хизмат қилади.

Эргаш ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди


Print   Email