Улуғ маърифатпарвар ва миллат виждони

Улуғ маърифатпарвар ва миллат виждони

Яқинда Адиблар хиёбонида бўлиб, маърифатпарвар мутафаккир, таълим-тарбия борасида миллатимиз виждони ва миллий ўзликни англатиш йўлида фидокорона меҳнати, эгилмас иродаси билан из қолдирган Абдулла Авлоний ҳайкали олдида уюштирилган хотира кечасида қатнашдим. Мен тадбирга муддатидан анча аввал келиб, барча улуғ зотлар сиймоларини бир-бир зиёрат қилдим ва уларнинг машаққатли ҳаёт йўллари, тазйиқларга қарши мардонавор курашлари хотирамда яна бир бор тикланди, маънавий ва маърифий қарашларим янгиланди, бойиди.

Миллат, халқнинг энг юқори, юксак камолот чўққиси уни белгиловчи асосий омиллар — тили, этник номи ва ўзлигини англай бошлашидир. Ана шу омиллар муштараклигида миллатга хос менталитет шаклланади. Бу тарихий ҳақиқат, илмий ва амалий аксиомадир.

Даҳо аждодларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётда, ижодда, мамлакатни бошқаришда, илму фан оламида байналмилал бўлган. Улар даврида келиб чиқиш илдизлари 4 минг йиллик тарихга тенг ўзбек миллати асослари яратилган бўлса-да, у турк номи билан юритилган, мамлакати эса Буюк Турон деб аталган.

Бухоро мадрасаларида тарбия топган чингизийзода Шайбонийхон бошлиқ Дашти қипчоқ чорвадор ўзбекларининг Ўрта Осиёга кириб келиши гарчи сулолавий ўзгаришларга сабаб бўлса-да, қадимдан тараққий этиб келаётган ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётни бузиб ташламади. Аксинча, бир бутун Турон, Туркистонни Темурийлардек бошқаришни давом эттирди. Бунга Абдуллахон II давридаги тараққиёт мисол бўла олади. 

Лекин Астрахан Аштархонийлари на Темурийлар, на Шайбонийлар бўла олмади. Бир бутун Туркистон Дашти қипчоқ кўчманчи ўзбекларининг ўзаро уруғ-аймоқ ва қабилавий бошқарувга мойилликлари туфайли ягона Туркистон мамлакати, унинг автохтон ўтроқ дилингвизм тилли аҳолиси уч хонликка бўлиниб кетди. “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” халқ мақоли амалда намоён бўлиб, ягона Туркистон аста секин Россия хомашё базасига, атеистик большевиклар мустамлакасига айланди.

Бу сўнгги ўзгаришлар иқтисодий тараққиёт, маърифий уйғонишлар сари интилишда, энг муҳими, миллий ўзликни англашда, маҳаллий аҳолини феодализм жаҳолатидан узоқлаштиришда ижобий излар қолдирган бўлсада, миллий қадриятлар, бой маданий мерос обидаларини сақлашда, аҳоли қатламларини диний диёнатли қилиб тарбиялашда жуда катта йўқотишларга олиб келди.

Большевикларнинг ленинча миллий сиёсати туфайли тарқоқ Туркистон СССР таркибидаги республикага айланди, унга Ўзбекистон деб ном берилди, халқи эса ўзбеклар деб аталди. Тўғри, бу тарихий жараёнларни амалга ошириш осон бўлмаган. Ўзбек сўзига дастлаб этник маъно ва мазмун касб эттиришнинг ўзи жуда оғир кечган.

Бугун ўзбек эканимиздан фахрланамиз. Бу фахр туйғуларини илк бор уйғотишда, ўзбек атамасининг миллат номига айланишида Туркистон зиёлилари, биринчи навбатда, жадидларнинг роли ва хизмати беқиёсдир. Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Абдулла Авлонийнинг маърифий саъй-ҳаракатлари, адабий ижодий асарлари ва педагогик фаолиятлари, амалий ишларининг самараси буюк эканини эндиликда янада кенгроқ англаб етмоқдамиз.

“Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари Абдулла Қодирийни ўзбек романчилиги асосчисига айлантирган. Аммо бу асарларнинг яна бир маънавий, тарбиявий ва сиёсий жиҳати борки, ўзбек деганда, Шайбонийхон билан Дашти қипчоқдан Ўрта Осиёга кириб келган саҳройи ўзбекларни эмас, балки уларгача бу заминда қадимдан яшаб келаётган ўтроқ туркийзабон халқни тушунмоқ кераклиги жуда моҳирона таърифланган.

 Бутун мавжудот инсонга хизмат қилиши керак, чунки инсон унинг соҳибидир. У ақл ёрдамида илм эгаллайди, илм туфайли дунёни бошқаради. “Ақл — инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидур. Руҳ ишловчи, ақл бошловчидур. ...Инсонни ҳайвонлардан сўз ва ақл ила айирмишдур. Лекин инсон ақл ва идроки соясида ўзига келадирган зарар ва зулмлардан сақланур. Ер юзидаги ҳайвонларни асир қилиб, бўйнидан боғлаб, ипларининг учини қўлларига берган инсонларнинг ақлидур”.

Ўзбек халқи Шайбоний ўзбеклари Мовароуннаҳрга кириб келмасдан  5 аср аввал Ўзбекистон ҳудудлари ва унга туташ вилоятларда халқ сифатида узил-кесил шаклланиб бўлган эди, саҳройи ўзбеклар Ғарбий Қорахонийлар давлати даврида ўзбек халқи таркибига қўшилган этнографик қатлам эди, холос. Бу қатлам номи совет ҳокимиятининг Ўрта Осиёда миллий чегаралаш сиёсати туфайли рус шарқшунослари томонидан ўзбек халқига берилган ном бўлиб, баъзилар ўзбек халқи тарихи Ўзбекистон ССР ташкил топишидан бошланди, деган таъналар билан тарихий ҳақиқатни сохталаштиришга уринадилар. Жадидлар, Абдулла Қодирий ва Абдулла Авлоний тасаввурида ўзбек халқининг тарихий илдизлари жуда чуқурдир.

Жадидлар кўтарган ўзликни англаш, миллат тилини асраш ва ривожлантириш, унинг адабий ва тарихий мероси асосида аҳоли қатламларини тарбиялаш миллатнинг вазифаси. Бу мақсад ва вазифа тарбия ва таълим орқали миллий сиёсий ҳокимият учун курашга олиб келмоғи керак. Улар миллий қадриятлар, дин ва диёнат, сиёсий ва маънавий барқарорликка эришмасдан туриб, истиқболли жамият қуриш мумкин эмас, деган ғоянинг байроқдори бўлдилар.

Мана шу тарихий ҳақиқат учун курашган маърифатпарварлардан бири Абдулла Авлоний бўлиб, у 1878 йилда Тошкентда “Мерганчи” маҳалласида тўқувчи оиласида туғилди, эски усул мактабини тамомлагандан кейин 12 ёшида мадрасага ўқишга кирди. Ўта иқтидорли бўлган Абдулла Авлоний 15 ёшида шеърлар ёза бошлади. Дастлабки шеърларидаёқ, халқни янги усул мактабларида ўқиб-ўрганишга тарғиб қилди.

Абдулла Авлоний 1907 йилда “Шуҳрат”, “Осиё” номли янги газеталар чиқарди, лекин чор амалдорлари тез орада уларни ёптириб қўяди. Сўнг у “Садойи Туркистон” (1914-1915), “Турон” (1917), “Иштирокиюн” (1918) газеталарида, “Касабачилик ҳаракати” (1921) журналида муҳаррир бўлиб ишлайди. Ўша кезларда у ўзбек матбуотининг забардаст вакили, асосчиларидан бири сифатида танилади. 

ХХ аср бошларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги педагогик фикрлар ривожида Абдулла Авлоний алоҳида ўрин эгаллади, бутун фаолияти даврида у ўз халқига хизмат қиладиган комил инсонни тарбиялаш, унинг маънавиятини шакллантиришга алоҳида эътибор берди.

Абдулла Авлоний ўзбек халқининг санъати ва адабиёти ҳамда миллий маданиятини, халқ таълими ишларини йўлга қўйишда катта хизматлар қилган адиб, жамоат арбоби ва истеъдодли педагогдир. У ўзбек зиёлилари ичида биринчилардан бўлиб, ўзбек халқ театрини профессионал театрга айлантириш учун 1913 йилда “Турон” театр труппасини ташкил қилади. Мазкур труппа учун “Адвокатлик осонми?”, “Пинак”, “Икки муҳаббат”, “Портуғолия инқилоби” каби драмалар ёзди. “Қотили Карима”, “Уй тарбиясининг бир шакли”, “Хиёнаткор оиласи”, “Бадбахт келин”, “Жаҳолат”, “Ўликлар” каби саҳна асарларини татарча ва озарбайжончадан таржима қилади.

Абдулла Авлоний 1917 йилдаги октябрь тўнтаришига қадар Туркистонда жуда катта ижтимоий-маърифий ишларни амалга оширган жадидлар ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларидан эди. У илғор зиёли кишилар қаторида театр томошалари ва матбуотдан тушган маблағлар ҳисобига дунёвий илмларни ўқитадиган “Усули жадид”, яъни янгича илғор усулдаги мактаблар очди ва бу мактабларда халқ болаларига ўзи дарс берди. Мактаб ўқувчилари, асосан, камбағал аҳоли фарзандлари бўлиб, ўқув жиҳозлари — парта ва доскаларни ўз қўли билан ясади. Мактабнинг камбағал ўқувчиларини кийим-кечак, озиқ-овқат, дафтар-қалам билан таъминлаш мақсадида дўстлари кўмагида “Хайрия жамияти” ташкил этади ва бу жамиятга ўзи раислик қилади.

Абдулла Авлоний “Усули жадид” мактаблари учун тўрт қисмдан иборат “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар”, “Биринчи муаллим” (1912), “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” (1913), “Иккинчи муаллим” (1915), “Мактаб гулистони” (1917) каби дарслик ва ўқиш китобларини яратди. Бу асарларида ва публицистик мақолаларида дунё халқлари маданиятини, илм-фанни, мактаб ва маорифни улуғлаб, ўз халқини илмли, маданиятли бўлишга чақирди.

Абдулла Авлонийнинг педагогикага оид асарлари ичида “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари ХХ аср бошларидаги педагогик фикрлар тараққиётини ўрганиш соҳасида катта аҳамиятга моликдир.

Бу асар ахлоқий ва таълимий-тарбиявийдир. Асарда инсонларни “яхшиликка чақирувчи, ёмонликлардан қайтарувчи” илм-ахлоқ ҳақида фикр юритилади. Шу жиҳатдан қараганда, бу асар Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носир Хисравнинг “Саодатнома”, Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Жомийнинг “Баҳористон”, Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, Аҳмад Донишнинг “Фарзандларга васият” асарлари шаклидаги ўзига хос тарбиявий асардир.

Абдулла Авлоний педагог сифатида бола тарбиясининг роли ҳақида фикр юритиб: “Агар бир киши ёшлигида нафси бузулиб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, аллоҳу акбар, бундай кишилардан яхшилик кутмоқ ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур”, дейди. Унинг фикрича, болаларда ахлоқий хислатларнинг таркиб топишида ижтимоий муҳит, оилавий шароит ва боланинг атрофидаги кишилар ғоят катта аҳамиятга эга. Ўзбек педагогикаси тарихида Абдулла Авлоний биринчи марта педагогикага “бола тарбиясининг фанидир”, деб таъриф берди.

Болаларда фикрлаш қобилиятини ўстириш ва бу тарбия билан мунтазам шуғулланиш бениҳоя зарур ва муқаддас вазифа, деб ҳисоблайди. “Таълим-тарбия бериш муаллимларнинг виждонларига юкланган муқаддас вазифадир”, дейди Авлоний. Айни замонда у таълим ва тарбиянинг узвийлиги, узлуксизлиги ҳақида гапиради.

Абдулла Авлоний бола тарбиясини нисбий равишда тўрт бўлимга ажратади: “Тарбиянинг замони”, “Бадан тарбияси”, “Фикр тарбияси”, “Ахлоқ тарбияси”.

“Тарбиянинг замони” бўлимида тарбияни ёшликдан бериш зарурлигини, бу ишга ҳамма — ота-она, муаллим, ҳукумат ва бошқалар жалб этилиши кераклигини таъкидлайди. “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидур”, деб уқтиради.

Тарбия хусусий иш эмас, у миллий, ижтимоий ишдир. Ҳар бир халқнинг тараққий қилиши, давлатларнинг қудратли бўлиши авлодлар тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Авлоний тарбиянинг доирасини кенг маънода тушунади. Уни биргина ахлоқ билан чегаралаб қўймайди. У, биринчи навбатда, боланинг соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш лозимлигини уқтиради.

Авлоний фикрича, соғлом фикр, яхши ахлоқ, илм-маърифатга эга бўлиш учун баданни тарбия қилиш зарур. “Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур. Чунки ўқимоқ, ўқитмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучли, касалсиз жасад лозимдир”. Абдулла Авлоний бадан тарбияси масаласида — болани соғлом қилиб ўстиришда ота-оналарга мурожаат қилса, болани фикр томондан тарбиялашда ўқитувчиларнинг фаолиятларига алоҳида эътибор беради.

Болаларда фикрлаш қобилиятини ўстириш ва бу тарбия билан мунтазам шуғулланиш бениҳоя зарур ва муқаддас вазифа, деб ҳисоблайди. “Таълим-тарбия бериш муаллимларнинг виждонларига юкланган муқаддас вазифадир”, дейди Авлоний. Айни замонда у таълим ва тарбиянинг узвийлиги, узлуксизлиги ҳақида гапиради. “Дарс ила тарбия орасида бироз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан айрилмайдурган, бирининг вужуди бирига боғланган жон ила тан кабидур”, дейди.

Абдулла Авлоний фикрича, инсон бутун борлиқнинг кўрки ва шарафидир. Инсон ўз гўзаллиги ва мураккаблиги билан коинотдаги барча махлуқотлардан афзалдир. Бутун мавжудот инсонга хизмат қилиши керак, чунки инсон унинг соҳибидир. У ақл ёрдамида илм эгаллайди, илм туфайли дунёни бошқаради. “Ақл — инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидур. Руҳ ишловчи, ақл бошловчидур. ...Инсонни ҳайвонлардан сўз ва ақл ила айирмишдур. Лекин инсон ақл ва идроки соясида ўзига келадирган зарар ва зулмлардан сақланур. Ер юзидаги ҳайвонларни асир қилиб, бўйнидан боғлаб, ипларининг учини қўлларига берган инсонларнинг ақлидур”.

Авлоний инсонга ва унинг ақлига юксак баҳо беради: “Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари нажотидур. Ҳар нарса кўп бўлса, баҳоси арзон бўлур, аммо ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур”. Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобида илм тўғрисида бундай дейди: “Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий, муқаддаc бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилур. ...Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур... Бизларни жаҳолат, қоронғуликдан қутқарур”.

Адибнинг образли ифодасига кўра, илм бамисоли бодомнинг ичидаги мағиз. Уни қўлга киритиш учун меҳнат қилиш, яъни чақиб, уни пўчоғидан ажратиб олиш керак. Абдулла Авлоний илмнинг жамият тараққиётидаги ролини яхши тушунади. Шунинг учун ҳам у ёшларни илм сирларини билишга, ҳодисалар моҳиятини ечишга, китоб мутолаа қилишга чақиради. Унинг фикрича, илм агар жамият манфаатига хизмат қилмаса, халқ фаровонлиги йўлида қўлланмаса, у ўликдир. Абдулла Авлоний ўз илмини амалда қўллай оладиган кишиларга юксак баҳо беради, уларни доно инсонлар, деб атайди. Абдулла Авлоний ўтмиш мутафаккирлари каби ёшларни фойдали касб-ҳунар эгаллашга чақиради. Адиб бойлик кетидан қувувчиларнинг одамгарчиликка тўғри келмайдиган ишларини кўриб, улардан нафратланади. Авлоний ёшларни бойликка ружу қўймасликка ундайди. Бойликни ўткинчи булутга ўхшатади. Аллома меҳнатсиз кун кечиришни барча ёмон сифатларнинг ибтидоси, деб ҳисоблайди.

Абдулла Авлоний 1918 йилдан бошлаб республикамизда ўқитувчилар уюшмаси, қоровуллар, тунукачилар, кўнчилар, ҳунармандлар ва босмахона ходимларининг касаба уюшмаларини ташкил қилиб, уларга раҳбарлик қилади. Собиқ эски шаҳар ишчи-деҳқон совет ижроия комитетига раис этиб сайланади. Туркистон республикаси миллий комиссариятининг масъул ходими сифатида миллий урф-одатлар ва янгича маданий нормалар ҳамда қонунларга доир масалалар билан шуғулланади.

1919-1920 йилларда Авлоний Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида совет элчихонасида бош консул бўлиб ишлади. Халқимиз ўртасида биродарликни мустаҳкамлаш соҳасида олиб борган ишлари учун Афғонистон шоҳи Омонуллахон томонидан кумуш соат билан тақдирланди.

1920 йилларда Авлоний турли ижтимоий вазифалар билан бирга, муаллимлик касбини ҳам давом эттирди, саводсизликни тугатишда фаол қатнашди, Тошкентда ташкил қилинган ўлка билим юрти, сўнгра хотин-қизлар билим юртида мудирлик қилди. У халқ маорифи институтида, туркфронт ҳарбий мактабида (ҳарбий билим юрти) ўқитувчи бўлиб ишлади. 1924-1929 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (САГУ) ўқитувчилик қилиш билан бирга, илмий-тадқиқот ишларини ҳам олиб борди. 

Абдулла Авлоний янги адабиёт дастури асосида 1933 йилда ўзбек мактабларининг VII синфлари учун “Адабиёт хрестоматияси”ни тузди. Унинг фаолияти юксак қадрланиб, узоқ йиллик ҳалол меҳнати учун 1925 йилда “Меҳнат қаҳрамони” унвони, 1930 йилда меҳнатсеварлиги, илмий ишлари ва асарлари учун “Ўзбекистон маорифи зарбдори” унвони берилди. 

Абдулла Авлонийнинг таълим-тарбия соҳасидаги қарашлари ўзбек халқининг руҳияти, турмуш тарзи, миллий қадриятлари билан чамбарчас боғланган. Унинг бой педагогик мероси миллий мактаб, миллий педагогикани ривожлантиришда қимматбаҳо манба бўлиб хизмат қилади. Шу маънода Авлонийнинг сиймоси, фаолияти биз учун қадрли ва ибрат тимсолидир.“

Аҳмадали АСҚАРОВ,

Низомий номидаги ТДПУ профессори, академик

 

 

 

 


Print   Email