Ўз даврининг батлимуси

Ўз даврининг батлимуси

Мирзо Улуғбек ҳукмдорлиги пайтида Самарқанд нафақат Мовароуннаҳрнинг, балки бутун Шарқнинг маданият, санъат ва илм-фан марказларидан бирига айланди. Шарқда иккинчи Ренессанс — Уйғониш даври ана шу пайтга тўғри келди. Буни ғарб олими Франсуа Вольтер “Транссоксианада илмий академиянинг гуллаб-яшнаган даври” сифатида эътироф этади. Муаррих Зайниддин Восифий “Бадоъйи ул-вақоъйи” асарида 1420 йилдан бошлаб “Самарқанд алломалар масканига айланди. Бу ерга 150 дан ошиқ аллома, ўз даврининг улуғлари тўпландилар. Бундай кўп алломаларни тўплашга Самарқанддан илгари бирорта шаҳар муяссар бўлмаганди”, деб ёзади.

Дарҳақиқат, бу даврда Самарқандда Шарқнинг буюк қомусий алломалари бўлган Муҳаммад Ҳавофий, Тафтазоний, Мир Саййид Шариф Журжоний, Қозизода Румий, Ғиёсиддин ал-Коший кабилар тўпланган, мадрасаларда мударрислик қилишар, аксарияти расадхонада илмий фаолият юритишарди. Ана шундай алломалар даврасида Мирзо Улуғбек учун ардоқли, фарзанди аржуманддек бўлган яна бир улуғ аллома, ўз даврининг Батлимуси (Птолемейи) деб шуҳрат қозонган Али Қушчи ҳам бор эди.

Темурийлар ва ундан кейинги даврларда ёзилган тарихий асарларда Али Қушчи хусусида кўп фактлар тилга олинган бўлса ҳам алломанинг ёшлик йиллари ҳақида маълумотлар тўла эмас. Унинг Самарқандда таваллуд топгани, отаси темурийлар саройида қушларга қаровчи Муҳаммад исмли инсон бўлгани, Қушчи лақаби уларга ана шу сабабли берилгани тилга олинади. Лекин унинг қачон туғилгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Муаррихларнинг баъзилари уни XIV асрнинг охирларида таваллуд топган десалар, бошқалари XV асрнинг бошларида дунёга келган дейишади. Бу ўринда биринчи тоифа муаррихларининг фикрлари ҳақиқатга яқин. Бунинг сабаби бор. Бўлғуси аллома 1415-1417-йилларда Самарқанддан Кирмонга кетиб, у ерда олимлардан таълим олиб, машҳур астроном, математик ва файласуф аллома, XIII асрда яшаб ўтган Хожа Насриддин Тусийнинг “Тажвид” асарига “Хожа “Тажвиди”нинг шарҳи” асарини ёзади. Фалсафага оид бу асарга шарҳ ёзиш учун ҳар қандай одамга иқтидор ва билимдан ташқари ҳаё тий тажриба ҳам бўлиши керак эди. Демак, у бу асарни ёзган пайтида 20 ёшдан кам бўлмаган. Алломанинг тўлиқ исми Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи бўлиб, отаси вафотидан кейин Мирзо Улуғбек тарбиясига ўтади. У бошланғич ва шеърий билимларни Самарқанд олимларидан, математика ва астрономия соҳасида етук маълумотни Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший кабилардан олади. Шу туфайли ўз даврининг етук алломаси бўлиб етишади.

Али Қушчи умрининг аксарият қисми Самарқандда ўтади. Фаолиятини илм-фанга бағишлайди. Дастлаб Мирзо Улуғбек мадрасасида мударрислик қилади. Кейин шаҳарнинг Кўҳак тепалигида барпо этилган расадхонада астрономиядан илмий кузатишлар олиб боради. Ҳаётини, илмий фаолиятини устози Мирзо Улуғбекка, унинг улуғ асари “Зижи жадиди Гурагоний”нинг яратилишига бағишлайди. Мирзо Улуғбек “Зиж”нинг муқаддимасида бундай деб ёзади: “Ишнинг бошланиши олимлар алломаси, камолот ва ҳикмат байроғини ўрнатган, таҳлил ва таҳқиқ маслакида бўлган Қозизода Румий деб шуҳрат қозонмиш жаноби ҳазрат Мавлоно Салоҳ ал-милла ваддин Мусонинг ва ҳазрат мавлонои Аъзам, оламдаги ҳукамоларнинг ифтихори, қадимги билимларда мукаммал, масалалар мушкилотларини ҳал этувчи Мавлоно Ғиёс ал-милла виддин Жамшид, иккисининг қўллаши ва ёрдамида бўлади. Аҳвол бошида ҳазрат Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид бу жаҳон дорулғурурдан у жаҳон дорулсурурга рихлат этди. Иш асносида, ҳали бу муҳим асар бажарилиб тугатилмасидан, ҳазрат устоз Қозизода парвардигор раҳматига пайваста бўлди. Бироқ ёш олим Али ибни Муҳаммад Қушчи болалик йилларидан фанлар соҳасида илғорлаб борди, унинг тармоқлари билан машҳур бўлди. Умид ва ишонч комилки, унинг шуҳрати, иншааллоҳ, яқин замон ва тез онларда жаҳон атрофлари ва мамлакатларга тарқалади. Бу муҳим китоб унинг ҳамкорлигида тамомила ёзилиб бўлди. Юлдузларнинг сифатларидан кузатилган барча нарсалар имтиҳон қилиниб, бу китобга киритилиб собит этилди”.

Мирзо Улуғбек шогирди Али Қушчига миннатдорлигини билдиришда юқоридагилар билан кифояланиб қолмайди, у яна бундай ёзади: “Зиж” фарзанди аржуманд Али ибн Муҳаммад Қушчи иттифоқлигида маҳорат билан поёнига етказилди”. “Фарзанди аржуманд”. Улуғ алломанинг Али Қушчига берган бу баҳоси унинг устозига қилган хизматларининг, илм-фан оламидаги буюк ишларининг эътирофи эди.

1449 йилда Мирзо Улуғбек ўлимидан кейин Самарқандда темурий шаҳзодалар ўртасида тахт учун курашлар кучаяди, олимларга, илм-фанга эътибор сусаяди. Натижада Али Қушчи бу ердаги илмий фаолиятини тўхтатади. У ҳаж сафари муносабати билан шаҳарни тарк этади. Бир фурсат Хуросонда, кейин Озарбайжоннинг Табриз шаҳрида яшайди. Илмий асарлар яратади. Кичик Осиё мамлакатлари мадрасалари фаолияти, алломалари билан танишади. XV асрнинг 70-йиллари бошида Туркияга боради. Уни Туркия султони Абул Вотиҳ Султон Муҳаммад Иккинчи яхши кутиб олади. Султон алломага Истанбулда доимий яшаб, илмий ишлар билан шуғулланишни таклиф қилади. У бу таклифни қабул қилади. Шундан кейин, муаррихларнинг ёзишича, “Али Қушчи Табризга қайтиб, у ерда турган икки юзга яқин қариндош-уруғи ва яқинини олиб Истанбулга келади. Аллома умрининг охирги йилларини шу шаҳарда ўтказади”. У 1474 йилнинг 17 декабрида вафот этади ва Истанбулдаги Абу Аййуб Ансорий мақбарасига дафн этилади. Унинг ўлими тўғрисидаги аниқ маълумотни набираси, муаррих, шоир Мирам Чалабий шеърий мисраларда бундай ифодалайди:

Мавлоно Али Қушчи илм-фан дарғаси,

Жаннат боғига қадам қўймиш санаси:

Ҳижрий саккиз юз етмиш тўққиз бораси,

Шанба – шаъбоннинг етинчи кун ораси.

Шундай қилиб Самарқандда бошланган, илм-фанга бағишланган ҳаёт Истанбулда поёнига етади.

Тарихий битикларда Али Қушчининг Истанбулда қисқа муддат яшагани, лекин кўплаб илмий ишларни амалга оширгани хусусида маълумотлар берилади. У бу шаҳардаги Аё София мадрасасида бош мударрис вазифасида ишлайди. Астрономия илмидан талабаларга сабоқ беради. Шу билан бирга, аллома бу ерда расадхона ҳам қурдиради. XVI асрда яшаб ўтган аллома Ғиёсиддин Шерозий у ҳақда тўхталиб: “Али Қушчи ўрта асрларда Мовароуннаҳрда ривож топган аниқ фанлар соҳасидаги буюк олимларнинг энг сўнгги намояндаси бўлиш билан бирга, Туркияда биринчи ва энг машҳур аллома эди. Ушбу аллома Истанбулга келгунга қадар астрономия соҳасида бу ерда унинг даражасида бирор соҳиб вуқуфи бўлмаганди. Аллома усмонли турклар юртида астрономия илмига асос солди ва бу илмнинг тараққиёт йўлини белгилаб берди”, деб ёзади.

Али Қушчининг илм-фан тарихидаги яна бир улуғ хизмати ўзидан кейин буюк алломалар сулоласига асос солгани билан ҳам ўлчанади. Унинг қизларидан бири устози Қозизода Румийнинг Қутбиддин исмли ўғли билан турмуш қуради. Бу оиладан Шарқда Мирам Чалабий, Котиб Чалабий, Ғарбда эса Ҳожи Халифа номлари билан танилган улуғ аллома етишиб чиқади. Камолиддин исмли ўғли мантиқ, араб тили наҳви, фалсафадан етук аллома сифатида ислом оламига танилади. Яна бир фарзандидан мантиқ, тарих, фиқҳ илмида замонасининг ягонаси бўлган, қадим Шошда яшаб ижод этган Ҳофиз Кўхакий дунёга келади. Ҳофиз Кўҳакийнинг ўғли эса Абдуллоҳ ибн Ҳофиз Султон Муҳаммад номи билан алломалар ўртасида шуҳрат қозонган. Умуман, бу сулоладан кейинчалик ўндан ортиқ алломалар, шоирлар, табиблар, муаррихлар етишиб чиққан ва илмфан, маданият юксалишига хизмат қилганлар.

Али Қушчи илмий меросини ўрганган олимларнинг маълумотларига кўра, у ҳаёти давомида 40 дан ошиқ асар, рисола яратган. Бугунги кунгача шулардан 20 дан кўпроғи етиб келган. Бу асарларнинг аксарияти арифметика, математика, геометрия ва астрономия фанлари тадқиқига бағишланган. Жумладан, унинг “Рисола фил-ҳисоб” асарида ўнлик, олтмишлик ҳисоблаш тизимлари, ҳандаса илми таҳлил этилади. Бу рисола ўз даврида қомусий асар сифатида улуғланган. 1426 йилда ёзилган “Рисолаи қусур” асарида аллома ўнлик касрлар тушунчасини ва ўнлик касрлар ёрдамида иррационал квадрат илдиз чиқариш усулини дунё илмида илк бор баён этади. Ёхуд “Рисола ал-Муҳаммадийа фил-ҳисоб” асарида алгебра, геометрия, тригонометрияга оид масалалар хусусида тўхталади. Унда фанга “мусбат” ва “манфий” ибораларини киритади. Бу амаллар ушбу рисолада биринчи бор ҳозирги қўлланилаётган даражада ишлатилади. Араб тилида ёзилган “Ал-мисол ал-ҳандаса” рисоласида аллома айланага ўтказилган уринма ҳосил қилган бурчак ҳақидаги теоремани исботлайди. Бу теорема кейинчалик фанда улуғ кашфиётларнинг юзага келишига йўл очиб беради. Али Қушчи “Астрономия илми ҳақида рисола” асарида Самарқанд мактаби олимларининг астрономия соҳасида эришган ютуқларини кенг изоҳлайди. Улуғбек расадхонаси ҳақида, унинг “Зижи” яратилиши хусусида ноёб маълумотларни келтиради. Алломанинг “Улуғбек “Зиж”ига шарҳи” ҳам астрономия соҳасидаги нодир асарлардан биридир. Бу шарҳни дастлаб Ғиёсиддин Коший ёза бошлаган эди. Унинг вафотидан кейин Қозизода Румий шарҳни битишни давом эттиради. Румийга ҳам шарҳни якунлаш насиб этмайди. Натижада Али Қушчи шарҳни охирига етказади. Ушбу шарҳ Мирзо Улуғбек “Зижи”нинг дунё илм-фанидаги амалий ютуқларини яққол намоён қилади. Ундаги факт ва маълумотлар аниқлиги, ҳаққонийлиги билан ажралиб туради. Бу олимнинг фидойи меҳнатлари самараси эди.

Али Қушчи жаҳон илм-фан тарихига беқиёс илмий мероси билан биргаликда яна бир улуғвор хизмати учун ҳам муҳрланган. Бу хизмат асосида Шарқ илм-фанини Европага тарғиб қилиш, Мирзо Улуғбек ижодий мероси ва унинг “Зижи жадиди Гурагоний” асари билан европаликларни таништиришдан иборат фаолият ётади.

Аллома умри давомида илм-фаннинг муайян бир соҳалари билан шуғулланиб қолмади. У барча соҳаларга доир етук асарлар яратди. Унинг араб тилида ёзган “Маҳбуб ул-ҳамойил фи кашфил масойил” деб номланган асари бор. Асар 20 бобдан иборат. Ҳар бир боб алоҳида фанга бағишланган. Шу жиҳатдан уни қомусий асар дейиш мумкин. У 1430 йилда Самарқандда ёзган “Рисолаи мантиқ”, “Рисола ал-муфрадия”, “Рисола ал-Истиорат”, “Ал-унут ва заваҳир фил-назмил жавоҳир” асарларида мантиқ илми хусусида сўз боради. Бу илмнинг Шарқ халқлари ҳаётида тутган ўрни, туронликлар унинг илмий асосчилари бўлганликлари ҳақида фикр юритади. Ушбу илмнинг янги, мураккаб ҳукмлари, қоидалари асосини очиб беради. У “Мантиқ — тафаккурдаги хатолардан халос қиладиган восита, янги билимлар пайдо қилиш учун асос”, деб ёзади. Алломанинг фалсафага оид асарлари орасида “Рисола татаъллақ би куийа” (“Умумиятга алоқадор рисола”)си алоҳида ажралиб туради. Бунда у коинот, инсон ва ақлни қамраб олувчи дунё манзарасини яратади. Дунё манзараси эса борлиқ ҳақидаги таълимот, коинот жумбоқлари, модда ва унинг шакллари, жисмоний ва руҳий муносабатлар, билиш муаммолари, тил ва тафаккур алоқалари кабиларни қамраб олади. Али Қушчининг Тафтазоний, Қутбиддин Шерозий, Ғиёсиддин Коший, Насриддин Тусий, Мирзо Улуғбек, Маҳмуд Чағминий каби улуғ алломалар асарларига шарҳлар, ҳошиялар битгани унинг ниҳоятда иқтидорли, кенг қамровли, қувваи ҳофизаси кучли инсон бўлганидан дарак беради.

Али Қушчининг бугунги кунгача етиб келган, лекин илмий тадқиқ қилинмаган, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмаган кўплаб асарлари мавжуд. Шулардан бири “Шарҳ ар-рисола ал-Азудия” деб номланади. У Иззиддин ибн Аҳмад Ижиний асарига битилган шарҳ ҳисобланади. Араб тилида битилган бу асар Али Қушчини тилшунос олим сифатида намоён қилади. Шунингдек, алломанинг “Тиббиётга мансуб мўъжаз рисола” деб аталган асари ҳам бор. Бу асар мўъжаз деб сифатланса ҳам ҳажми катта. Унда XV аср табобати, касалликлар, уларнинг олдини олиш, даволаш йўллари, тиб илмининг энг муҳим муаммолари ҳақида сўз юритилади. Аллома яна бир асарини фиқҳ илмига бағишлаган. “Шарҳ рисола ал-фиқҳ” деб аталган бу асарда Имом Аъзам мазҳабига асос солган машҳур имом Абу Ҳанифа Нўъмон томонидан ёзилган “Ал-фиқҳ” рисоласи шарҳланади. Ислом қонуншунослигининг манбалари, асослари таҳлил қилинади. У бошқа бир асари “Тавҳид калимасига алоқадор рисола”да илоҳиётга доир муаммоларни қаламга олади. Дунё олимлари орасида биринчи бўлиб диний ва дунёвий фанларни ўзаро чоғиштириш асосида ўрганиш масаласини ўртага ташлайди. “Хитойнома” Али Қушчининг географияга оид асари ҳисобланади. Аллома 1438 йилда Мирзо Улуғбек томонидан Хитойга элчи қилиб юборилади. У элчиликдан қайтгандан кейин бу мамлакатнинг табиати, иқлими, аҳолиси урф-одатлари тўғрисида асар яратади. Асарга математика, географияга оид илмий мулоҳазалар билан бирга ўша давр дунё харитаси ҳам киритилган. Алломанинг бу асарлари келгусида кенг тадқиқ этилса, дунё илм-фани тарихи кўплаб янги маълумотлар билан бойиши шубҳасиз.

Али Қушчи жаҳон илм-фан тарихига беқиёс илмий мероси билан биргаликда яна бир улуғвор хизмати учун ҳам муҳрланган. Бу хизмат асосида Шарқ илм-фанини Европага тарғиб қилиш, Мирзо Улуғбек ижодий мероси ва унинг “Зижи жадиди Гурагоний” асари билан европаликларни таништиришдан иборат фаолият ётади. XV асрнинг 50-йилларида Истанбул шаҳри Шарқ ва Ғарб маданиятлари, илм-фани вакиллари учрашадиган жой бўлиб қолганди. Ўша даврда Европада Шарқ фанига, маданиятига қизиқиш кучайганди. Истанбулга Италия, Германия, Голландия, Франция, Австрия, Испания каби мамлакатлардан олимлар, маданият намояндалари келган эди. Али Қушчи Истанбулда пайтида Германиядан келган олимлар ундан сабоқ оладилар. Шарқ математикаси, астрономияси Мирзо Улуғбек ва унинг “Зижи” ҳақидаги маълумотлардан ана шу немис олимлари илк бор хабардор бўладилар. Улар Али Қушчи ишлатган “косинус” сўзи шарафига кейинчалик “Коссистлар” номи билан Европада таниладилар. Инглиз олими Томас Ҳайд бу хусусда тўхталиб, “Коссислар Али Қушчидан Шарқ фанлари ва Мирзо Улуғбек илмий меросини чуқур ўзлаштириб, Европага тарқатдилар. Натижада Европа илм-фанида янгиланиш пайдо бўлди. Бу эса XVII асрда Европада уйғониш даврини бошлаб берди. Али Қушчи Улуғбек меросини тарғиб қилиш орқали бу даврнинг тамал тошини қўйиб берди”, деб ёзади.

Шу билан бирга, Европада ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида Али Қушчи илмий меросини ўрганиш ишлари XVII асрнинг бошларидан бошланади. Аллома асарларининг ноёб қўлёзмалари дунёнинг турли мамлакатлари хазиналарида тўпланади ва уларни тадқиқ этишга киришилади. Бу илмий тадқиқотлар бугунги кунда давом этмоқда.

Аллома бутун ҳаёти ва фаолиятини илм-фан йўлига бағишлади. Асарлари халқимизнинг ўлмас меросига айланди. Эндиликда унинг асарлари устози Мирзо Улуғбек мероси билан биргаликда мамлакатимизда кенг тадқиқ қилинмоқда.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсат журналист

 


Print   Email