“Муҳими, рост сўзлаш ва рост ёзишдир”

“Муҳими, рост сўзлаш ва рост ёзишдир”

Севимли адибимиз Саид Аҳмад билан биринчи учрашувим ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида бўлиб ўтган эди. Ўшанда адибнинг роман, қисса, ҳикоялари аллақачон ўқувчилар меҳрини қозонган, устоз машҳурлик пиллапоясининг юқори поғонасига кўтарилган пайтлар эди. Биз, ёш шоир, танқидчи ва қаламкашлар эл орасида танилган ижодкорларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрардик.

Навоий кўчасида жойлашган Ноширлар уйида ўзбек адабиётининг яловбардорлари ва ўз ишининг усталари — Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Жамол Камол, Машраб Бобоев, Низом Комилов, Хайриддин Султонов, Носир Фозилов, Эркин Аъзам, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф ва бошқалар меҳнат қилишарди. Камина ҳам Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг “Наср таржимаси” таҳририятида муҳаррир бўлиб ишлардим. Шеърий, насрий ва таржима китобларнинг нишона нусхаси ва тақдимоти шундоққина пастдаги чойхонада нишонланар эди. Қази-қартасиз оддий дастурхон — палов, кабоб, сомса ҳамда лим тўла “аччиқ-чучук”дан иборат камтарона давранинг тўрида кўпинча идорамизда ишламайдиган Саид Аҳмад, Рауф Парфи каби таниқли ижодкорлар ўтиргувчи эди. Саид Аҳмад аканинг ГАЗ-24 оқ “Волга” машинасини кунда-шунда чойхона олдида кўрар эдик.

— Оковси, ўтир, ҳозир обрўйингни кўтариб бераман, — ҳазиллашарди Саид Аҳмад ака. — Ижодий ютуғингни “ювиш”га айтилганлар тўпланиб бўлдими? Ҳамма гур этиб устознинг атрофига ўз даража ва мақомимизга яраша жойлашиб олардик. Ўн-ўн беш кишилик даврада кўпинча танқидчи Иброҳим Ғафуров, кейин Саид Аҳмад роман, қиссанинг кўз илғамас нозик қирраларини чертиб-чертиб очиб беришардики, наздимда бундай “дабдабали” таърифу тавсифларни муаллифнинг ота-онаси ҳам ҳеч қачон айта олмаган бўларди.

— Болам, сани осмонга кўтариб қўйдим, буни асло зиёфатинг шарофатидан демагил, ўзинг тўғри одамсан, — дерди Саид Аҳмад ака дилбарлик билан. — Муҳими, рост сўзлаш ва рост ёзишдир. Э-ҳе, бизнинг бошимиз қанча ёлғончи-ю туҳматчиларни кўрмади?! Гадонинг душмани гадо бўлар экан, укажон. Бир нарсага хурсандман: ўлигим бегона юртларда қолмади. Дўзах азобидан чиқиб келиб ҳам ёздим, ёзавердим. Сенга ҳам шуни маслаҳат бераман.

Рўпарамизда ўтирган ҳурматли адиб беш йиллик сургундан сўнг, 1955 йилда юртига қайтиб келганини билардик, аммо бу ҳақида ўзлари деярли гапирмасди. Ниҳоят, “тақдимот”имиз жиддийроқ кўриниш олиб, тандирдан узилган иссиқ нонлардек янги китоблар дастурхонга қўйилар, сўнг зиёфат бошланар, адабий гурунгда адабиёт, турмуш, давр қаҳрамони мавзуларигина эмас, яхшилик ва ёмонлик кўчасида учрагувчи ибратомуз воқеалар таҳлилу тадқиқдан ўтарди... Саид Аҳмад ака ҳозиржавоб, тўғрисўз, оқибатли, гапга чечан киши эди. Суҳбат ҳазил-мутойибага бой, шириндан шакар бўлиб, давра қурган маҳалда атрофи одамга тўлиб кетарди.

Устоз билан иккинчи учрашувим ёзган асарларини ўқиб-ўрганиш асносида кечди. Адибнинг услуби шахсиятига, характерига жуда ўхшайди, деган гапда жон бор. Мисол учун, Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Тоғай Муроднинг ички дунёси, фикрлаш тарзи, ҳатто сўзлаш услуби уларнинг ўлмас асарларига кўчган (“Адиб замондошлари хотирасида” номли туркум китобларни ўқисангиз, бунга гувоҳ бўласиз). “Чамамда у ёқда мени иккита нарса қутқариб қолди. Биттаси ҳазил-ҳузулга ўчлигим. Юмор ҳиссининг кучлилиги. Иккинчиси шуки, жуда кам ухлайман. Доим тетик бўлишга ҳаракат қиламан”, дегувчи эди устоз қамоқдаги йилларини хўрсиниш билан эслаб.

“Саид Аҳмад баъзан китобхон кулавермаса, қитиқлаб кулдиради, йиғлайвермаса, кўзига пиёз суртиб йиғлатади”, дейди наср устаси, адибимиз Абдулла Қаҳҳор. Ростдан ҳам, Саид Аҳмад ижодида кулгининг кўлами бениҳоя кенг ва ранг-баранг. У ҳар гал танлаб олинган воқеанинг оқимига, қаҳрамонларнинг савиясига, ўзининг ниятига мос равишда кулгининг шаклларини қўллайди. “Чўл ҳикоялари” туркумида, “Келинлар қўзғолони” комедиясида, “Уфқ” трилогиясининг баъзи эпизодларида кулги орқали ўқувчининг туйғусига таъсир қилади. “Уфқ” трилогияси (1964-74)да Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида Катта Фарғона канали қурилиши мисолида халқимизнинг фронт орқасида кўрсатган қаҳрамонлиги, меҳнаткашлиги, тўғрисўзлиги, метин иродасини ҳамда урушдан олдинги ва кейинги даврнинг муаммоларини устакорларча тасвирлайди. “Жимжитлик” (1988) романида собиқ иттифоқда анча йиллар ҳукм сурган турғунлик даври иллатларини фош этишга ҳаракат қилади.

Ҳаёт — муаллим, у ҳам ўргатади, ҳам кулдиради, ҳам йиғлатади. Саид Аҳмад бир марта тили куйганидан кейин йирик полотнолар — романлар ёзиш йўлидан бормади, балки ўзи ишлаган “Муштум” журнали “одоб” таълимига суяниб, ҳаётдаги камчиликларни халқнинг назарига тушган миниатюралар театри орқали ҳажв остига олаверди. “Йўқотганларим ва топганларим” (1998), “Қоракўз мажнун” (2001), “Киприкда қолган тонг” (2003) каби китобларида бошидан ўтказган қора кунларни хотирлади. Мазкур асарлар ўзбек насрининг олтин хазинасидан ўрин эгаллади.

Халқ ёзувчиси билан учинчи учрашувим Адиблар хиёбонида содир бўлди. Ушбу масканда Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотирасига ўрнатилган ҳайкал ҳам бор. Севиб-севилиб оила қуришга киришган, никоҳ куни (1949 йил ноябри охири) Саидахоннинг ёлғиз укаси вафот этиб, базм сал кейинга қолдирилган, январь ойида эса туҳмат, алдов туфайли қўққисдан маҳкамага тортилиб, машъум “учлик” қарори билан халқ душмани сифатида ўн йилга ҳукм қилинган, Қозоғистонни Жезқозғони қаҳратон совуғида беш йил қамоқ муддатини ўтаб, онасининг Усмон Юсуповга шахсан ўзи топширган хати сабаб озодликка чиқиб, яна шу одамнинг тавсиясига кўра “Шарқ юлдузи” журналига ишга олиниб, елкасига офтоб теккан, шу зайлда ҳаёти бир маромга тушиб кетиб, сабр-бардошини синаб, ажойиб роман, қиссаларни ёзишга киришган шахснинг матонати бугунги ўзбек ёшларига андоза бўлишга арзигулик. Бундан ҳам муҳими, юрт, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига қўшган ҳиссасини ҳисобга олиб, давлатимиз “Буюк хизматлари учун” ордени (1990), Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига (1999) лойиқ кўрди.

Вафо-садоқат тимсоли (Саида опа 51 ёшда, Саид Аҳмад ака 87 ёшда, яъни рафиқасининг вафотидан кейин 30 йил ўтиб вафот этган)нинг илҳақ-ла бир-бирига йўллаган мактублари, рафиқасининг кундалиги “Саид билан Саида” ҳужжатли фильми, “Сабру садоқат” 5 қисмли сериалини яратишга асос бўлиб хизмат қилганди (сценарий муаллифи адибнинг қизи Нодира Ҳусанхўжаева). Севги, андиша, кечиримлилик, садоқат тараннум этилган мактубларни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмасди: “Саид Аҳмад ака, тўғри, сочимда оқ толалар кўпайган. Тезроқ келмасангиз, бутунлай оқариб кетади. Унда нима қиламиз? Сочингизни бўянг, десангиз, мен эпчилроқ ҳам эмасман. Яхшиси, тезроқ келинг. Баъзида ойим ҳазиллашади. “Агар шундай қилса, мен ҳам бир қийнайман, ўғлингизнинг ҳам сочи оқаради. Ундан кейин тенг бўламиз”, дейман”.

Аммо кенжа шогирд сифатида учинчи учрашувдан ўзим учун топганларим, англаб етганларим олдингиларидан ўн чандон баланд эди. Давлатимиз раҳбарининг бу ажойиб ғояни амалга оширишида чуқур маънони англадим. “Адабиёт яшаса — миллат яшайди”, дейди оловқалб шоир Чўлпон. Адабиёт —миллатнинг кўнгли, у инсонни майда-чуйда ташвишлардан қутулиб, юқори манзилларни эгаллашга йўналтиради.

“Келинлар қўзғолони” спектакли финалида узоқ йиллар бирга яшаган келин-куёвларнинг энди янги уйни хоҳлаши, алоҳида бўлиш ғояси собиқ иттифоқ умри тугаганлигига ишора бўлганди, аслида. Ҳа, Саид Аҳмад аччиқ ҳаётда жафо-ю дардларини кулгуси билан енгди, жамият ва шахснинг оғриқларини асарлари қатига жойлаб, бизга мерос қолдирди. Бир гал севимли укахони адиб Ўткир Ҳошимов устозига: “Сиз “ғаройиб” воқеалардан таъсирланиб, каттароқ романлар ёзмайсизми”, деб сўраганда, Саид Аҳмад: “Ёзиш учун ҳаммасини юракдан ўтказиш, ҳис қилиш керак. Юрак кўтармайди, юрак тамом бўлган, укам, асаб чидамайди”, деб жавоб беради. Демак, халқимиз қисматида қатағонлар, қама-қамалар бўлмаганида, адиб ва шоирларимиз, жумладан, Саид Аҳмад ҳам тафаккур дунёмизни бойитадиган, фаол шахсни руҳан тарбиялайдиган буюк асарларни ёзишга жазм этган бўларди.

Адабиёт — инсон оғриқлари, илоҳий оғриқлари. У инсоннинг ёруғ орзу-интилишларини қўллаб-қувватлайдиган, ўқувчига ҳаётбахш куч ато этувчи гўзал ҳиссиёт! Наср миллат тафаккурини, шеърият туйғусини тарбиялайди (Хорхе Борхес). Демак, фуқаронинг маънавий-руҳий олами бойиса, ўзини англаса, фикрлай бошласа, ғайрати бирдан жўш уриб, тоғларни забт этишга чоғланса, ўзбек оиласида покиза муҳит яратилади, аҳиллик пайдо бўлади, демак, жамиятга тоза руҳ киради, одамларда покланиш, тозариш учқунлари кўринади, фаровон турмуш қуришга бел боғлайди, давлатнинг мақоми, нуфузи кўтарилади. Миллат юксалиш сари юз буради...  Устоз Саид Аҳмаднинг бетакрор ижоди ҳам миллатнинг дардларига дармон бўлиб, олға интилишига хизмат қилаверади.

Бахтиёр ОМОНОВ,

адиб, сиёсий фанлар доктори


Print   Email