МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ ҲАР БИР ДАВР УЧУН МУҲИМ

Ислом динини халқимиз нафақат диний таълимот сифатида қабул қилди, балки уни янги илмий, маърифий поғоналарга кўтарди. Исломнинг илмий жиҳатдан юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшди. Натижада, ўрта асрларда яшаб ижод этган мовароуннаҳрлик фақиҳ аллома ва мутафаккирлардан катта ҳажмдаги ноёб қўлёзма манбалар мерос бўлиб қолди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “...маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Шу мақсадда, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, куни кеча академияда Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан тўрт кун мобайнида “Маҳорат дарси” ташкил этилди.

“Мотуридия таълимоти ва замонавий тараққиёт” мавзусида ўтказилган маҳорат дарсларида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари, таянч докторантлари ва магистлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар мутасадди ходимлари иштирок этганлиги мавзунинг бугунги кундаги нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Кейинги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг маънавий меросини ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли Имом Мотуридий ва унинг мотуридия таълимоти ҳам кенг тадқиқ этилмоқда.

Бугун глобал дунёда ислом динини тўғри англаш ва талқин қилиш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мотуридия таълимотининг ўрни беқиёслиги, илмий-маънавий бой мероси давлат ва жамият тараққиёти,  инсонийлик тамоийлларига асослангани қатор хорижий ва маҳаллий олимлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани аҳамиятли, албатта.

Бунинг яққол мисолини куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилган  “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияга дунёнинг 70 га яқин давлатидан кўзга кўринган уламмолари, етакчи олий таълим муассасалари олимлари иштирок этганида ва улар томонидан Имом Мотуридий маънавий меросини ўрганиш борасидаги тадқиқотлар, алломанинг дунё тараққиёти, халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда тинчликни таъминлаш хусусида билдирган фикр-мулоҳазлари дунё олимлари томонидан эътироф этилганида яна бир бор ўз исботини топди.

Мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан ташкил этилган маҳорат дарслари ҳам халқаро анжуманнинг мантиқий давоми бўлди. Олим тўрт кун давомида академия профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти”, “Бағрикенглик ва кенгфикрлилик маданияти. Мутаассиблик ва терроризмга қарши курашда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти”, “Имон ва эътиқод масаласи. Такфирчиликнинг олдини олишда мотуридий таълимотининг ўрни” ва “Калом илми. Илмий тараққиёт ва маърифат моделининг мотуридийлик бўйича талқини” каби мавзуларда дарс машғулотлари олиб борди.

Мотуридийшунос олимнинг маҳорат дарсларида бир нечта муҳим бўлган масалаларни кўриш мумкин. Масалан, аллома Баёзий “Ишаратул маром” асарида: “Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг ақидаларини тахқиқ қилган ва уни далиллар билан бойитиб исбот қилган”, деб келтирилган. Зоҳид Кавсарий Мотуридий ҳақида: “Мотуридий хизмати Имом Абу Ҳанифанинг эътиқодга оид масалалари ақлий ва нақлий далиллар билан исбот қилиш бўлган; янгилик пайдо қилиш, ихтиро киритиш бўлмаган”, дея айтиб ўтган.

Биз Мотуридийнинг таълимоти билан Абу Ҳанифанинг таълимотини бир-бирига солиштириб кўрсак, тўла-тўкис мувофиқликни кўрамиз. Абу Ҳанифанинг аслий ва фаръий масалалардаги йўли Мотуридийнинг таълимотига асосий манба ва масдар бўлгани тафсир китобида кўп учрайди. “Таъвилотул аҳли сунна” тафсирида шофеъийлар билан фаръий (фиқхий) масалаларда кўп бахс қилади. Чунки, бу асар ҳанафийлар йўлини устунлигини исботлаш учун ёзилгандир.

Бундан ташқари, Аҳмад Саъд Даманҳурий алломанинг таълимоти энг омонатдор ва адолатли таълимот эканини далиллар билан келтирди ва буни биринчи ҳақиқат деди. Иккинчи ҳақиқат, Абу Ҳанифа ақида илми билан шуғуллангани ва бу илмда ҳам пешқадамлиги, устунлигини барча уламолар эътироф этганлиги учинчи ҳақиқат, Абу Ҳанифа ва Мотуридийнинг таълимоти яхлит бир экани, фарқ ва тафовут учрамаслиги, ҳанафий мазҳаби уламолари мўътазила оқимига аралашмагани, ҳанафийлар ичидан мўътазилалар чиқмаганини тўртинчи ва Имом Мотуридийнинг илм санади
Абу Ҳанифага бевосита боғланиши, ўртада узулиш бўлмагани айни бешинчи ҳақиқатга мос эканини, олтинчи ҳақиқат, Мотуридийнинг таълимотига эргашиш энг саҳиҳ ва тўғри йўл эканлигига барча уламолар ижмоъ қилган. Ижмоъ - ислом динида мўътабар иш бўлиб, уни инкор қилиб бўлмайди. Айнан олим юқоридаги олтита ҳақиқатни келтириб, дарс давомида иштирокчиларга турли манбаларда келтирилган мисоллар орқали тушунтириб ўтди.

Шунингдек, Аҳмад Саъд Даманҳурий Салафи солиҳлар даврида ақида масалалари борасида уламолар 2 гуруҳга бўлинганлигига алоҳида изоҳ берди. “Биринчи, гуруҳ ақида борасида оят ва ҳадис, саҳобалар сўзидан ташқари чиқилмасди. Бу гуруҳнинг раҳбари Аҳмад ибн Ҳанбал эди. Иккинчи, гуруҳ вакиллари эса оят ва ҳадисга таяниш ҳамда шу билан бирга зарурат бўлганда ёки нотўғри оқимлар билан мунозарада ақлий ва мантиқий услубни ҳам қўлларди. Давр тақозоси билан аксар уламолар иккинчи гуруҳ йўлини тутдилар. Мотуридийнинг йўллари ҳам шу йўлдир” – дейди олим.

Доктор Даманҳурий билан савол-жавоблар қисмида ҳам айрим масалаларга ойдинлик киритилди. Хусусан, салафийларга бирор-бир тарихий воқеа тўғри келмаса, ёлғондан ҳеч тап тортмасликларини ҳозирги кундаги сохта салафийлар шайхи Усмон Хомис мисолида кўриш мумкинлиги айтилди.

 Сохта салафийлар Имом Мотуридий ва Ашъарий ҳақларида тарихий вокеликка тўғри келмайдиган уйдирма маълумотлар келтиришади. Шунингдек, қадимги уламолар асарларига ҳам ўзлари тарафидан ўзгартириш киритиш, баъзи жойларни олиб ташлаш сохта салафийларнинг одати бўлиб қолгани қатор мисоллар орқали изоҳланди.

Мотуридийшунос олим бағрикенглик масаласига ҳам алоҳида тўҳталиб ўтди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Византия императорига мактуб йўллаганида “Румнинг улуғи.....” сўзи билан мурожаат қилганлари бағрикенглик намунасининг ўзига хос кўриниши, деб юксак баҳолади. 

Мотуридийнинг “Таъвилоти аҳли сунна” асарида турли оқимларга раддия берилган. Энг аввало, ўша даврда кенг тарқалган мулҳидлар яъни динсизларга кучли раддия берилган. Башарият тарихида худосиз таълимоти милодий IX асрларга тўғри келади. Шу билан такфирчиликнинг зарарлари гапирилди. Имом Мотуридий оятлар тафсирида Яратганнинг борлиги ва бирлигига кўп ақлий далиллар келтиради. Яна бу тафсирнинг хусусияти шуки, пайғамбарликка ишонмайдиган тоифаларга ҳам мантиқий далиллар келтирилиб, уларнинг даъволари пуч экани исбот қилинади.

Имом Мотуридий тафсирида бароҳима оқимига муносабат билдирилган. “Таъвилоти аҳли сунна” асари муаллиф даври учун кўзгу. Чунки ўша даврдаги сўфийлар ва аҳли ҳадислар, шунингдек, мўтаъзила, ботинийлар, яҳуд ва насронийлар, мулҳид ва зиндиқлар, бароҳималар ҳақида тўхталган. Муаллиф бу фирқаларнинг сўзларини, иддаоларини келтириб, сўнг уларга раддия беради. Мотуридий таълимоти асосида ҳукм олиб борган тарихдаги Ислом давлатларида бошқа дин вакиллари, зиммийларга самимий муносабатда бўлгани тарихдан маълум.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Мотуридий ҳикматларида соғлом эътиқод, теран фикр, тўғри талқин ислом таълимотини тушунишда катта омил саналади. Зеро, диннинг вазифаси тўғри йўлга мулойимлик ва насиҳат ила чақириш, қоқилганни ўрнидан туришига кўмаклашишдир.

Умуман олганда, бундай халқаро миқёсида эътироф этилаётган олимлар томонидан ўтказилаётган маҳорат дарсларида иштирок этиш, тингловчиларга муайян билим, маълумотлар базаси ҳамда кенг дунёқарашни шаклланишида бевосита хизмат қилади.

Алломаларимизнинг ҳаётига доир яна бошқа маълумотларни аниқлаш ва уларнинг ўша даврда Мовароуннаҳрда рўй берган сиёсий-ижтимоий ҳаётга кўрсатган таъсирини, асарларининг бугунги кун нуқтаи назаридан аҳамиятли жиҳатларини тадқиқ этиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Бобурмирзо БОТИРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянч докторанти


Print   Email