Миллий маърифат раҳнамоси

Миллий маърифат раҳнамоси

 Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига

 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланади. Мутафаккирнинг илмий, ижодий, педагогик фаолияти ва мероси алоҳида аҳамиятга молик. ХХ аср ўзбек адабиёти ва санъатида, ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этган, миллат маърифати, озодлиги, ҳурлиги йўлида мардонавор курашган бу улуғ алломанинг сермашаққат ва сермаҳсул фаолияти тарих саҳифаларидан мангу ўрин эгаллади, авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолди.

Маълумки, Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бошларида Туркистонда вужудга келган миллий уйғониш ҳаракатининг атоқли раҳбарларидан бири сифатида айни шу даврда ўзбек халқи ижтимоий онгининг уйғонишида муҳим роль ўйнади. У Туркистонда янги усул мактабларининг очилиши, миллий матбуотнинг юзага келишида фаол иштирок этибгина қолмай, биринчи ўзбек драмасини яратиб, профессионал ўзбек театр санъатининг майдонга келишига замин ҳозирлади. У халқ ва жамиятни маърифатлаштириш орқали мустақилликка эришиш ғоясини олға сурган ва шу қутлуғ йўлда ҳалок бўлган улуғ аждодимиздир.

Биз Беҳбудий ҳақида фикр юритар эканмиз, ҳар гал кўз ўнгимизда халқ ва миллатни юксак маърифат ила тараққий эттиришга бел боғлаган маҳоратли педагог, моҳир драматург, салоҳиятли адабиётшунос, қатъий позицияли публицист, бир сўз билан айтганда, миллий қаҳрамоннинг виқорли қиёфаси, бой маънавий сиймоси гавдаланади. Бу шунчаки баландпарвоз эътироф, қуруқ мақтов эмас, жадидчилик ҳаракати ва алломанинг ҳаётий­ижодий фаолиятидан хабардор барчанинг кўнглидан кечадиган аниқ тасаввур. Чунки Беҳбудий яратган санъат асарлари, театр саҳнаси, ноширлик манбалари, маърифат масканлари бу борада кенг маълумот, илиқ хулоса, ўчмас хотиралар бера олади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти ва меросини ўрганишу ўргатиш борасидаги ҳаракатлар адибнинг ўзи яшаб турган даврданоқ бошланган бўлиб, бугунги кунгача аллома тўғрисида жуда ҳам кўплаб махсус тадқиқотлар олиб борилди, илмий­педагогик, бадиий­публицистик асарлар яратилди. Шу боисдан ҳам бу борада яна нимадир муҳим сўз айтиш, нодир янгилик кашф этиш амримаҳол. Аммо, адибнинг ижодий мероси ҳамиша янгиликларга ошуфта, илмий­амалий кашфиётлар учун бой маърифий манбадир. Хусусан, алломанинг ўз даври нашрларида чоп этилган ижтимоий­маърифий характердаги мақолалари ҳам алоҳида аҳамиятга сазовор.

Ёш авлод таълим­тарбияси масаласи барча жадидлар сингари Беҳбудийни ҳам чуқур қайғуга солган. Ёшлар тақдирини бевосита миллат тақдирига боғлаган. Миллатнинг тараққий этиши ёки йўқ бўлиб кетиши ўсиб келаётган ёш авлоднинг илм­маърифати, мақсад­маслагига чамбарчас боғлиқ, деб ҳисоблаган. Ушбу улуғвор ғояларини, муҳим амалий қарорларини жамиятга сингдириб, барчани хайрли ташаббусларга, ислоҳотларга ундаган. Маърифатпарвар ўз қарашлари ва қайғуларини 1913­1914 йилларда “Ойина”, “Самарқанд” журналларида чоп этилган “Ёшларға мурожаат”, “Муҳтарам ёшларға мурожаат” “Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Эҳтиёжи миллат”, “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” каби кўплаб мақолаларида, адабий манзумаларида аниқ таҳлилий маълумотлар асосида, рақамли кўрсаткичлар билан чуқур ва таъсирчан ёритиб берган.

Жумладан, “Муҳтарам ёшларға мурожаат” номли мақоласида муаллиф шундай хитоб қилади: “Муҳтарам биродарлар! Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб — тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса, дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас. “Муборизаи ҳаёт” майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур, диний, иқтисодий ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора­бора миллият ва диёнатини ҳам қўлдан берур. Ана ушбу йўллар ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар”.

Замондош ҳаммаслаклари сингари Беҳбудий ҳам миллат маърифатини ошириш, шу орқали жамиятни юксалтириш, ижтимоий ҳаётни яхшилашни истайди. Шу йўлда ўзининг барча куч ва имкониятларини сафарбар этади. Жамиятни ҳалокатдан қутқарувчи, ривожлантирувчи асосий манба илм­маърифат, деб ҳисоблаган аллома юқоридаги мақоласида ўз даврининг фаол ва зиёли ёшларига мукаммал савод чиқаришга, замонавий билимлар беришга мўлжалланган мактаблар очиш, юқори малакали муаллимларни кўпайтириш заруратини юклайди. Тараққий этган давлатларнинг бу борадаги тажрибаларини ўрганишга чақиради. Ривожланиб бораётган мамлакатлар ва миллатларнинг барчаси, аввало, замон билан ҳамнафас ҳолда ибтидоий (бошланғич) таълим ва тарбияни мустаҳкамлашга, миллий ва диний руҳни сингдиришга чуқур эътибор қаратишини аниқ далиллар билан кўрсатиб ўтади: “Биноан алайҳ, ер юзидаги барча миллатлар ўз болаларининг ибтидоий тарбиясиға ва мактабларнинг ҳар жиҳатдан интизом ва акмолиға аҳамият беруб болаларини миллий ва диний руҳда мукаммал суратда етушдурарлар. Анинг учундурки, ўзга миллатлар диний ва миллий ҳиссиётға молик бўлуб, ҳар ишда диёнат ва миллиятни муқаддам тутарлар. Ва лузуми келганда бу йўлда молу жонларини фидо этмоқға ҳозир турарлар. Мана, ҳозирги урушлар ва иқтисодий тортишлар диёнат ва миллият ҳиссиёти натижасидур”.

Шунингдек, “Эҳтиёжи миллат” мақоласи ҳам Беҳбудийнинг жамият тараққиёти, миллат маърифати, ёш авлод тақдири борасидаги куюнчак фикрларини қамраб олган. Унинг мазмунида бугуннинг нафаси ҳам акс этиб туради. Бундан роппа­роса бир аср аввал Беҳбудий ва у каби маърифат пешволарининг тинчини бузиб, уйқусини ўчирган муаммолар бугун ўз ечимини топмоқда. Хорижий тажриба алмашиш асосида фан­техника жадал тараққий этмоқда, замонавий билимларни эгаллаган, “икки эмас, кўп тилни” биладиган

 малакали ёшлар, масъулиятли мутахассислар сафи кенгайиб бормоқда. Шундай бўлса ҳам, Беҳбудийнинг оташин даъватлари ўз долзарблигини сақлаб турибди: Қисқа қилайлик, бошқа миллатларнинг бойлари фақира ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар соладурлар, фақир ва етимларни ўқумоғи учун вақф “истипендия”лар таъйин қилур. Бошқа миллат милиунерлари мактаби ила истипендияси­ла, идора қилатургон газет ва мажалласи­ла, бино қилган доруложизин (аёллар университети), барпо қилган жамъияти хайрияси­ла фахр қиладур.

Ушбу фикрлардан кўринадики, алломани миллат, юрт келажаги ташвишга солади. Мол­дунё, дабдабага ўч бўлиб, ундан фақат маиший мақсадларда фойдаланишни чинакам қашшоқлик деб қоралайди. Бу иллат эгаларини эзгу амалларга чорлаш учун бошқа миллат давлатмандларининг илм­фан, мактаб­маориф йўлида қилаётган хайрли ташаббусларини намуна қилиб кўрсатади. Тўю томоша, маишатларга сарфлаётган бойликларини замонавий мактаблар очиш, муаллимлар тайёрлаш каби маърифий ишларга йўналтиришга чақиради. Шуниси эътиборлики, Беҳбудийнинг ушбу қарашлари ҳамон долзарб. Бугун ҳам жамиятда ўз бойлигини кўз­кўз қилишни, турли кўринишдаги оилавий тадбирларини ўта дабдабабозлик билан нишонлашни хуш кўрувчи тоифалар кўплаб кузатилади. Ваҳоланки, муқаддас каломларда ҳам инсонга берилган бойлик ўзи учун неъмату синов бўлиб, бу давлатда кўпгина муҳтожларнинг, фақирларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уни хайру эҳсон йўлида сарфлабгина чинакам саодатга эришиш мумкинлиги уқтирилади.

Тарихнинг зиддиятли ва кескин вазиятларида эрк ва озодлик, илм ва маърифат учун кураш майдонига чиқиб келган аллома юқоридаги каби қарашларини “Падаркуш” драмасида ҳам санъаткорлик билан акс эттирганки, мазкур асар ўз давриданоқ театр саҳналарини забт этиб, жамиятга, бутун инсоният қалбига, шуурига маърифат уруғларини, илм зиёсини сочиб, жоҳилиятдан қочишга чорлаб келади. Бойликка ҳирс қўйиш ва очкўзликнинг, илмсизликнинг салбий оқибатларини шахс фожеасида гавдалантирган мазкур драма жамики инсоният учун муҳим ибрат мактабидир.

Дарҳақиқат, таълим­тарбия, илм­фан, маънавият ва маърифат масаласи инсониятнинг умри давомидаги ижтимоий зарурати саналади. Бу масалалар ҳаёт билан, жамият билан, ривожланиш билан ўзаро қоришиб кетгани, бири иккинчисини тақозо қилгани боис, ҳамиша, ҳар қандай давр ва замон, ҳар қандай манзил ва макон, ҳар бир миллат ва мамлакатнинг муҳим эҳтиёжидир.

Зотан, яхши таълим­тарбия олган, замонавий билимларни эгаллаб бораётган авлод ёрқин келажак учун ишончли ва мустаҳкам кафолат бўла олади. Шу жиҳатдан, бугун ҳам ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасидаги мақомини сақлаб турибди. Ёш авлоднинг етук салоҳиятли, теран тафаккурли, илму маърифатли, юксак маънавиятли баркамол шахс бўлиб улғайиши учун зарур бўладиган барча шарт­шароитлар яратиб берилмоқда. Биз буларни кўп бор эътироф этамиз, таъкидлаймиз. Ёшлардан ҳам ушбу кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, чуқур билим олиб, оиласи ва жамиятга нафи тегадиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга амал қиладиган, Ватан равнақига камарбаста чин инсон, буюк маърифатпарвар аждодларига муносиб авлод бўлиб етишишини умид қилиб қоламиз.

Феруза АЗИМОВА,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси


Print   Email