Маҳмудхўжа Беҳбудий: МИЛЛАТ ТАРАҚҚИЙСИ ХАЁЛИЙ ОРЗУ-ҲАВАСДА ЭМАС, ФАРЗАНДЛАР КАМОЛОТИДАДИР

Маҳмудхўжа Беҳбудий: МИЛЛАТ ТАРАҚҚИЙСИ ХАЁЛИЙ ОРЗУ-ҲАВАСДА ЭМАС, ФАРЗАНДЛАР КАМОЛОТИДАДИР

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасида Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчиларидан биридир.

Туркистонда янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист ҳамдир.

Беҳбудий тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. ХVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, турли низолар халқни ҳолдан тойдирганди. Бундан фойдаланган кучлар эса ўлкани забт этиб, турғун ва тутқун сақлашга уринарди.

Шундай бир мураккаб даврда Туркистонда “Усули жадид”, “Усули савтия” номлари билан шуҳрат топган янги мактабларни айнан жадидлар ташкил қилиб, биринчи бўлиб замонавий мактаб ғоясини илгари сурдилар. Улар ўз ҳисобларидан мактаблар очиб, ёш авлодни истиқлол ғояси сари етаклади. Шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётида жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспринскийнинг хизмати катта бўлган. Беҳбудий ўз хотираларида устози билан учрашувларини ихлос ва муҳаббат билан тилга олган.

Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан (1899—1900). Сафар давомидаги таассуротлари, мулоқот қилган инсонларини, шунингдек, ҳар хил дин вакиллари ва муқаддас жойлар ҳақида ўз кундаликларида ёзиб боради. Кейинчалик эса бу ҳақда ўзининг “Ойна” журналида кетма-кет мақолалар эълон қилган.

Беҳбудий сафарда кўрганларини мушоҳада қилиб, Туркистон ўлкаси билан таққослайди. Ўз халқининг ривожланаётган бошқа халқлардан орқада қолаётгани, маърифатпарварни қалбини эзарди. Илму маърифатдан бебаҳра қолган оммани билимсизлик ботқоқидан қутқариш йўлларини изларди. Ўзга юртларга қилган саёҳати давомида эса Беҳбудий янги (усули жадид) мактабларини очиш фикрига келади.

Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида Ажзий, Ражабаминда, Абдулқодир Шакурийлар билан ҳамкорликда янги мактаб очади. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Жумладан, “Рисолаи асбоби савод” (Савод чиқариш китоби — 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (Аҳоли географиясига кириш — 1905), “Мунтаҳаби жуғрофияи умумий” (Қисқача умумий география — 1906), “Китобат ул-атфол” (Болалар хати — 1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби китоблар чоп эттиради. Кейинчалик 1908 йилда Шакурийнинг Ражабаминдаги мактабини Самарқанддаги ўз ҳовлисига кўчириб келтиради.

1903-1904 йилларда Москова, Петербургга боради. 1907 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новогородда бўлади. Беҳбудий у ерларга саёҳат эмас, хизмат сафари билан боради. Масалан, Нижний Новогородда 1907 йилнинг 23 августида “Россия мусулмонларининг турмуш ва маданияти муаммолари”га бағишланган қурултойда иштирок этади. Қурултойда Беҳбудий туркистонликлар гуруҳини бошқаради ва нутқ сўзлайди.

Қуйида Беҳбудий томонидан қилинган маърузадан парча келтирамиз.

“Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини ҳам малоҳатини ҳам кўра олсин”.

Мана шу зарурат Беҳбудийда театр ва матбуотга эътибор қаратиш эҳтиёжни уйғотди. 1911 йилда “Падаркуш” драмаси шу тариқа яратилди. Бироқ унинг саҳна юзини кўриши осон кечмайди. “Падаркуш” драмаси 1913 йилдагина китоб ҳолида босилиб чиқади. Китоб жилдига “Бородино жанги ва Россиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилей санасига бағишланади”, деган ёзув билан Тифлис цензурасидан рухсат олинади. Босилиб чиққанидан кейин ҳам саҳнага қўйиш учун бир муддат вақт кетади.

Бу биринчи ўзбек драмаси эди. 3 парда ва 4 манзарали бу асар мазмунан содда бўлиб, ўқимаган, жоҳил ва нодон боланинг ўз отаси ўлимига сабабчи бўлиб қолиши ҳақида эди. Беҳбудий бу асар жанрини “миллий фожиа”, деб атаган. Асар Самарқандда 1914 йил 25 январда саҳнага қўйилади. Драма халққа кучли таъсир кўрсатади. Абдулла Қодирий “Бахтсиз куёв” драмасини айнан Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси таъсирида ёзгани маълум. “Падаркуш” ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётида ўзига хос янги даврни бошлаб берган асар бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Абдулла Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилади.

1913 йили Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” газетасини чоп этишни бошлайди. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта нашр этилади. Мърифатпарвар бобомизнинг ўз маблағлари ҳисобидан тайёрланиб келинган нашрнинг 45-сони чиққач, моддий танқислик туфайли тўхтатилади. Аммо, шу йилнинг 20 августидан “Ойна” журналини чиқаришни бошлайди. Ҳафталик суратли бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, шеър, мақола (форсча), эълонлар (русча) бериб борилган. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалади.

Беҳбудий китоб чоп этишни ҳам йўлга қўяди. Дастлаб Абдурауф Фитратнинг “Баёноти сайёҳи ҳинди” асарини русчага таржима қилдириб нашр этади (1913).

Беҳбудий 1914 йилнинг 29 майида иккинчи марта Араб ва Чор Россияси мамлакатларига саёҳатга чиқади. Саёҳати давомида Байрамали, Ашхобод, Красноводск, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск, Ростов, Одесса шаҳарларида бўлади ва 8 июнда Истанбулга келади. Ундан Аданага ўтиб, яна Истанбулга қайтади ҳамда 20 июнда Исмоилбек Гаспринский билан учрашади. Сўнг Қуддус, Байрут, Ёфа, Халилар-Раҳмон, Порт-Саид, Шом шаҳарларида бўлади.

Беҳбудий саёҳат хотираларини “Ойна” журналида чоп эттиради. Бу хотиралар ҳар жиҳатдан муҳим бўлиб, анъанавий тарихий-мемуар жанрининг  XX аср бошидаги ўзига хос намунаси эди. Маърифатпарвар унда йўл таассуротлари, кишилар билан учрашувларининг ибратли томонларига кенг урғу беради. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди. Турли миллатлар, уларнинг урф-одатлари, турмуш маданияти билан қизиқади. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради.

“Ойна” журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт деб ҳисоблайди. Журналнинг биринчи сонидаёқ “Икки эмас, тўрт тил лозим”, деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (масалан, француз) тилини билиш шарт деб ҳисоблайди.

Айни пайтда тилнинг муҳофазаси (“Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар” —1914), ўзаро муносабатлари (“Тил масаласи” — 1915) мавзуларида муҳим ва зарур мақолалар чоп эттиради. Адабий танқидга катта эътибор беради. Унинг хусусиятларини белгилашга уринган. Бошқа адабий жанрлар билан тенг ҳуқуқлиги масаласини кўтариб, (“Танқид сараламоқдир” — 1914) мақоласини эълон қилади. Миллат шаънини оёқ ости қилувчи фикр-қарашларга зарба бериб, Туркистон халқини ўз номи билан атамоқ лозимлигини талаб қилиб чиқиб, (“Сарт сўзи мажҳулдур” — 1915) сарлавҳали мақоласи нашрларда босилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий матбуотимиз тарихида ўз мавқега эга. Унинг ҳозирча аниқланган мақолаларининг сони 300га етади. Улар хилма-хил мавзуда. Илк мақолаларидаёқ, коммунистик мафкурани кескин рад этиб, “Хаёлий”, “Бу тоифага қўшулмоқ биз, мусулмонлар учун ниҳоятда зарарлик”, деб ёзган эди “Хуршид” газетасининг 1906 йил 6-сонида чоп этилган ўзининг “Хайру лумури авсатуҳо” (Ишларнинг яхшиси ўртачасидир) номли мақоласида. Бундан ташқари, ўзликни англаш муҳим деб ҳисоблаб, 1914 йили “Ойна” журналида “Сарт сўзи мажҳулдур” сарлавҳали мақоласида: “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни “марқуқ” дерлар”, дея ёзади.

1917 йилнинг охири 1918 йилнинг бошларида жадидлар қурган илк демократик давлатчилик намунаси — Туркистон мухториятининг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда ўлка халқларини бирликка чақиради.

Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ишларга қизғин қўшилади. Аслида бу фаолият 1906 йилдан бошланган. Тошкентда бўлиб ўтган (1917) Туркистон мусулмонларининг қурултойида иштирок этиб, нутқ сўзлади. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофга қарши чиқади. Беҳбудий шу қурултойда ўлка мусулмонлари шўросининг раиси этиб сайланади.

1917 йил 26 ноябрда Қўқонда ўлка мусулмонларининг 4-фавқулодда қурултойи иш бошлайди. 27 ноябрга ўтар кечаси “Туркистон мухторияти” эълон қилинди. Унинг ғоявий асосчиларидан бири Беҳбудий эди. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий май ойининг бошларида Самарқандга қайтади. У ерда кўп тура олмай Тошкентга келади. Туркистон шўролар ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади, аммо натижа чиқмайди. 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади. Ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Фитрат, Чўлпон, Айний ва бошқа зиёлилар Беҳбудийга атаб марсиялар ёзганлар.

Беҳбудийнинг буюклиги шундаки, у миллат тараққиёти учун ҳамиша долзарб бўлиб қоладиган, барча давр ва замонга бир хил тегишли бўлган муаммо ва масалаларнинг ўқтомирига назар солиб, унинг иллатига аниқ ташхис қўя олган ва мазкур камчиликларни бартараф этиш чораларини ҳам илмий ва ҳаётий жиҳатдан асослаб берган.

Жумладан, миллатнинг тараққиёти ҳамда жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун одамларнинг ҳаёт маслаги, орзу-аъмолини тўғри шакллантириш лозимлигини таъкидлайди. Масалан, “Аъмолимиз ё ички муродимиз” мақоласида умрининг учдан икки ҳиссасини машаққатли меҳнатга сарфлаган косибнинг косаси оқармаслигига асосий сабаб – топганини фарзандлари билимли бўлишига эмас, балки тўй-ҳашамдаги исрофгарчилик ва ортиқча орзу-ҳавасга сарфлашида, деб билади. Натижада у ўзининг мақолаларидан бирида: “Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ёки гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъдур, бизнинг уламо билъакс авомга тобеъдур. Бунинг охири харобдур”, деб аччиқ алам билан таъкидлайди.

Шунинг учун ҳам тараққиётга эришиш учун фарзандлар камолотида сарф қилинадиган моддият тўй-ҳашамлар, хаёлий орзу-ҳавас йўлида эмас, балки маънавий юксалиш, илм-маърифатли бўлишига йўналтирилиши, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаган Беҳбудий биринчи навбатда мактаб ва маориф тизимини ислоҳ қилиш, онгли шахсларни тарбиялаш, фикр қарамлиги ва тафаккур қуллигидан халос этишни орзу қилган ва бу йўлда бутун умрини бағишлаган. Беҳбудийнинг бундай хулосалари бугунги кунда ҳам, келажакда ҳам заррача ўз аҳамиятини йўқотмайди.

Мисол учун, унинг “Самарқанд” газетасида 1913 йил 30 июль куни чоп этилган “Миллатлар қандай тараққий этарлар” мақоласида шундай сўзлар келтирилади. “Ҳар замон учун асбоби ислоҳ ва тараққий ионат бошқарур. Миллатга ионат этмоқ учун, ислоҳи мактаб ва мударрис учун, русий мактабларига бола тайёрламоқ учун, деҳқон ва санъаткорларни ривож бермоқ учун: “қамийяти хайрия”, “нашри маориф”, қироатхоналар, фўндлар, куружуклар, жаридалар, мажаллалар, нашриётлар... керакдур. Миллатлар тараққийси шул ила бўлур ва бу ишларга оқча керакдур, оқча бойларда ва афродда!..

Маро ба тажриба маълум шуд даро ҳар кор,

Ки қадри мард ба илм аст қадри илм ба мол”

(Маъноси: менга тажрибадан маълум бўлдики, одамда қанчалик илм бўлса ҳам илмнинг қадри молдадур).

Юқоридаги биргина шу мисол орқали ҳам фаҳмлаш мумкинки, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳар бир ёзган мақоласида эл-юрт фаровонлиги, давлат ва жамият ривожи, кишиларнинг илм ва юксак маънавият соҳибига айланиши учун ҳаракат қилган.

Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, илмий-маънавий бой меросини ўрганиш олимлар, адабиётшунослар ўртасида бошланиб кетди. Жумладан, Ўзбекистонда Б.Қосимов, Ҳ.Сайид, Н.Авазов, З.Аҳророва, Тожикистонда Р.Ходизода, Германияда И.Балдауф (Ўзбекистонлик Б.Қосимов билан ҳамкорликда), АҚШда Э.Олворт, Эронда Ҳусейнпур Акрам каби қатор мамлакатларнинг олимлари Беҳбудий ҳаёти ва ижоди бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боришди. Пойтахтимиздаги кўплаб шаҳар ва кўчалар, мактабларга Маҳмудхўжа Беҳбудий номи қўйилди.

Бугун Беҳбудий сингари маърифатпарвар жадид боболаримиз муқаддас тутган юрт озод ва мустақил бўлди. Улар томонидан аждодларимиз амал қилиб келган асрий анъаналар, урф-одатлар, миллий маданий ва маънавий ўзлик бизгача безавол етиб келди. Албатта, биз жадид боболаримизга муносиб ворислар бўлиб, улар тутган эзгулик ва ўз миллий юксалиш йўлимиздан адашмай боришимиз зарур.

Наргиза ШОАЛИЕВА,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ўзбек тили ва мумтоз Шарқ адабиёти”

кафедраси катта ўқитувчиси,

филология фанлари номзоди


Print   Email