Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддамату-л-адаб” асаридаги грамматик рисолалар таҳлили

Маҳмуд Замахшарий фан ва маданиятимизнинг турли соҳалари бўйича самарали ижод қилган серқирра алломаларимиздан биридир.

З.М.Исломов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
илмий ишлар ва инновациялар бўйича
проректори,фил.ф.д., проф.

У адабиётшунослик, тилшунослик, луғатшунослик, диншунослик, география, фалсафа ва бош­қа катор соҳаларга бағишланган элликдан ортиқ етук илмий асарлар яратди. Улар асосан араб тилида ёзилган бўлиб, аксарияти қўлёзма ҳолида давримизга қадар етиб келган ва ҳозирда жаҳоннинг турли қўлёзма хазиналарида сақланмоқда.

Абулқосим Маҳмуд Замахшарийнинг ягона кўп тилли илмий асари “Муқаддамату-л-адаб” ҳисобланади. Бу нодир асар каби кўп тилли, кенг қамровли, мураккаб тузилишга эга, қомусий асар филология фани тарихида кам учрайди. “Муқаддамату-л-адаб” маданиятимиз, илм-фан ва маънавиятимизнинг жуда кўп соҳалари бўйича етарли, илмий асосланган маълумотлар беради. Шу сабабли мазкур асарни узоқ йиллар синчковлик билан ўрганган адиб Садриддин Айний уни “Дунё хазинасига тенг асар” деб бежиз атамаган.

“Муқаддамату-л-адаб” муқаддима билан бошланган ва асосий беш қисм – исмлар, феъллар, ҳарфлар (ёрдамчи сўзлар), исмларнинг турланиши, феълларнинг тусланиши қисмлари киритилган. Бу қисмлар ҳажман бир-биридан фарқланади.

«Муқаддамату-л-адаб»нинг учинчи қисми ҳарфлар – ёрдамчи сўзларга бағиш­ланган. Унда соф араб тили грамматикаси, араб адабий тилидаги юклама, боғловчи, кўмакчилар ҳақида маълумот берилади. Асарнинг бу қисми ўзига хос мукаммалликда яратилган. У мустақил асар сифатида грамматик мажмуалар таркибига киритилган. Ҳарфлар қисми қуйидаги саккиз фаслдан иборат:

Биринчи фасл. Исмларни қаратқич келишигида бошқарувчи олд қўшимчалар (ҳарфлар) фасли – فصل فى الحروف التى تجر الاسماء – фасл фи-л-ҳуру: фи-л-лати: тажарру-л-асма:.
Мазкур фаслда от, сифат, сон, умуман, араб тилида исм туркумига кирувчи сўз туркумларининг қаратқич (الجر – ал-жарр) келишигида келишини тақозо қилувчи олд кўмакчилар ҳақида маълумот берилган. Муаллиф бу олд кўмакчилардан ўн еттитасини санаб ўтади. Улар: ب – би, ت – та, من – мин, الى – ила, فى – фи:, ل – ли, و – ва, رب – рубба, على – ъала, عن – ъан, ك – ка, مذ – муз, منذ – мунзу, حاشا – ҳа: ша:, خلا – хала:, عدا – ъада:.

Замахшарий ҳар бир олд кўмакчиларга улар иштирок этган икки-учтадан жумлаларни мисол келтирган. Масалан, ب – би олд кўмакчисига مررت بزيد – марарту биЗай­дин – «Зайд билан ўтдим» жумласини ёки فى – фи: кўмакчисига ألمال فى الكيس – алма: лу фи-л-ки: си – «мол қопда» жумласини мисол тарзида берган. Муаллиф фаслда грамматик қоидани қисқача шарҳлаб, уларни мисол-жумлалар ёрдамида мустаҳкамлайди.
Иккинчи фасл. Исмларнинг тушум (ألنصب – ан-насб) келишигида келишини тақозо қилувчи ҳарфлар фасли فصل فى الحروف التى تنصب الاسماء – фасл фи-л-ҳуру: фи-л-лати тансибу-л-асма:. Муаллиф исмларнинг тушум келишигида келишини талаб қилувчи еттита юкламани келтиради. Улар الا – илла:, يا – йа:, هيا – ҳайа:, اى – ай, ألهمزة – ҳамза, تا – та:, واو – ва: в юкламаларидан иборат.

Келтирилган мисолларнинг барчасида грамматик қоидани аниқ кўрсатиш мақсадида тушум келишигида келиши лозим бўлган сўзлар ҳаракатлари билан берилган.
Учинчи фасл. Исмни тушум келишигида (ألنصب – ан-насб) ва кесимни бош (ألرفع – ар-рафъ) келишикда бошқарувчи юкламалар фасли ألفصل فى الحروف التى تنصب الاسم وترفع الخبر – ал-фасл фи-л-ҳуру: фи-л-лати: тансибу-л-исм ва тарфаъу-л-хабар. Фаслда мазкур гуруҳга кирувчи ان – инна, أن – анна, كأن – каанна, لكن – лакинна, ليت – лайта, لعل – лаъалла юкламалари изоҳланган.

Грамматик қоидалар мисоллар билан мустаҳкамлангандан сўнг фасл охирида юқоридаги юкламаларнинг انى – инни:, اننى – иннани:, انا – инна:, اننا – иннана:, كانى – каанни:, كأننى – кааннани:, كأنا – каанна:, كأننا – кааннана:, لكنى – лакинни:, لكننى – лакиннани:, لكنا – лакинна:, لكننا – лакиннана:, ليتنى – лайтани:, ليتنا – лайтана:, لعلى – лаъалли:, لعلنا – лаъаллана: кўринишидаги ҳосила шакллари берилган.

Тўртинчи фасл. Исмни бош келишикда, кесимни тушум келишигида бошқарувчи икки юклама фасли فصل حرفان يرفعان الاسم وينصبان الخبر – фасл ҳарфа:н йарфаъа: ни-л-исм ва йансиба: ни-л-хабар.

Фаслда эгани бош келишикда, кесимни тушум келишигида бошқарувчи لا – ла:, ما – ма: юкламалари изоҳланган.

Бешинчи фасл. Ҳозирги-келаси замон (المضارع – ал-муда: риъ) феълини тушум келишигида бошқарувчи юкламалар фасли فصل فى الحروف التى تنصب المضارع – фасл фи-л-ҳуру: фи-л-лати: тансибу-л-муда: риъ. Бу юкламалар феълларнинг истак майли шаклида келишини тақозо қилади. Улар أن – ан, لن – лан, اذن – изан, كى – кай юкламаларидир. Фаслда буларнинг барчасига кўплаб мисоллар келтирилган.

Олтинчи фасл. Феълни шарт (ألجزم – ал-жазм) майлида бошқарувчи юкламалар фасли فصل فى الحروف التى تجزم الفعل – фасл фи-л-ҳуру: фи-л-лати: тажзиму-л-феъл.
Бу фаслга لم – лам, لما – ламма:, ل – ли, أن – ан, لا – ла: юкламалари киритилган.

Еттинчи фасл. Боғловчи юкламалар фасли فصل فى حروف العطف – фасл фи ҳуру: фи-л-ъатф.
Мазкур фаслда гапда уюшиб келган бўлакларни расмийлаштирувчи тўққизта юклама ҳақида маълумот берилади. Улар: و – ва, ف – фа, أو – ав, أم – ам, ثم – сумма, لا – ла:, بل – бал, حتى – ҳатта, لكن – лакин юкламаларидир.

Саккизинчи фасл. Ўзгариш ясамайдиган юкламалар фасли. فصل فى الحروف غير عاملة – фасл фи-л-ҳуру: ф ғайри ъа: мила.
Бу фаслда исмлар билан келиб, уларнинг келишигига таъсир этмайдиган, феъл­ларнинг шаклларини ўзгартирмайдиган لو – лав, لولا – лавла:, قد – қад, س – са, سوف – савфа, هل – ҳал, أم – ам, أ – а, نعم – наъам, أجل – ажал, بلى – бала, أى – ай, الا – илла, أما – амма:, اما – имма:, أما – ама: юкламалари изоҳланган.
Маҳмуд Замахшарий араб тилида истеъмолда бўлган барча ёрдамчи сўзлар ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилган.

Асарда келтирилган грамматик ҳолат қисқа, илмий жиҳатдан пухта хулоса-қоида тарзида берилиб, содда, тушунарли мисоллар билан тўлдирилган. Бу эса мазкур қисмнинг давр ўтиши билан мустақил асар сифатида кўплаб кўчирилиб, тарқалишига сабаб бўлган. Муаллиф ҳарфлар қисмида изоҳлаган ёрдамчи сўзларнинг барчаси ҳозирги араб адабий тилида қўлланилмоқда. Демак, «Муқаддамату-л-адаб»нинг ҳарфларга бағишланган қисми ҳозирги кунда ҳам ўзининг илмий аҳамиятини йўқотган эмас. Асардан ҳозирги кунда ҳам араб тилини ўқитиш учун асосий манба сифатида фойдаланиш мумкин.

Асарнинг тўртинчи қисми араб адабий тилида исмларнинг турланишига бағишланган. Унда гапда турли грамматик ҳолатлар таъсири остида исмларнинг охирида юз берадиган ҳаракатлардаги ўзгаришлар изоҳланади. Улар араб тилидаги бош келишик (ألرفع – ар-рафъ), қаратқич келишиги (ألجر – ал-жарр), тушум келишиги (ألنصب – ан-насб) ҳолатларида намоён бўлади. Исмларнинг турланишига ба­ғишланган қисм қуйидаги фасллардан иборат.

Биринчи фасл грамматик аниқ ва ноаниқ ҳисобланган исмларга бағишланган. Унда исмлардаги аниқлик ҳамда ноаниқлик ҳолатларининг аломатлари изоҳланган.

Иккинчи фаслда аниқлик артикли ال – алиф ла: м баён этилади. Унга кўра танвин ва алиф ла: м бир ҳолатнинг ўзида бир исмда жамланиши мумкин эмас, исмга алиф ла: м орттирилганда танвин тушиб қолади ва танвин билан алиф ла: м бирга қўлланилмайди. Бу ҳолатлар мисоллар билан мустаҳкамланган.

Учинчи фаслда исмларнинг икки, уч келишикли бўлиши мисоллар ёрдамида кўрсатилган. Шунингдек, ўзгармас, турланмайдиган исмлар ҳақида ҳам маълумот берилган.

Тўртинчи фаслда алиф мақсура билан тугаган исмларнинг ҳар учала келишикда ўзгармай қолиши ҳақида маълумот берилади.

Бешинчи фасл исмлардан иккилик шаклининг ясалишига бағишланган. Унда иккилик қўшимчаси қўшилиши билан содир бўладиган ўзгаришлар ҳақида фикр юритилади.

Олтинчи фаслда музаккар жинсдаги исмлардан тўғри кўплик шаклининг ясалиши изоҳланган. Умуман, тўғри ҳамда синиқ кўпликнинг бир хил қолипда ясалмаслиги ҳақида сўз юритилган.

          ЎҚИНГ: МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИНИ ЎРГАНИШ БУГУН ҲАМ АҲАМИЯТЛИ

Саккизинчи фасл синиқ кўплик шаклига бағишланган бўлиб, унда أفعل – афъулун, أفعال – афъа: лун, أفعلة – афъилатун, فعلة – фиълатун қолипидаги сўзларнинг جمع القلة – жамъу-л-қилла, яъни «кам сонли кўплик» деб аталмиш ўн ва ундан ортиқ бўлмаган нарса, буюмларнинг ҳисоби изоҳланган.

Тўққизинчи фаслда جمع القلة – жамъу-л-қилла дан кўплик шаклининг ясалиши берилган ва бу ҳолат أكلب – аклубун – أكالب – ака: либу – «итлар», أنعام – анъа: мун – أناعيم – ана: ъи: му – «ҳайвонлар» каби мисоллар билан ёритилган.

Ўнинчи фаслда исмларда иккиликни ифодалаш учун кўплик шаклидан фойдаланиш мумкинлиги, лекин бу ҳолат мазмунан иккиликни ифодалаши ёритилади. Масалан, ما أحسن رأسيهما – ма: аҳсана ра’сайҳима: ўрнига ما أحسن رؤوسهما – ма: аҳсана ру’у: саҳума: иборасини қўллаш мумкинлиги изоҳланган.

Ўн биринчи фаслда яккалик исмларининг ясалиши ҳақида сўз юритилади. Исмларга ة – атун қўшимчасини қўшиш билан бирликдаги яккалик исмлари ясалади, масалан:
نخل – нахл – «хурмо», نخلة – нахла – «бир дона хурмо» каби.

Ўн иккинчи фасл охири касрали йо ёки алиф билан тугаган исмлардан кўплик шаклининг ясалишига бағишланган. Уларнинг келишикларда турланиши мисоллар билан тушунтирилган. Масалан, قاض – қа: дин, قاضون – қа: ду: на, قاضين – қа: ди: на.

Ўн учинчи фасл изофага оид бўлиб, унда изофанинг биринчи қисми алиф ла:м
олмаслиги, уч келишикдан бирида келиши, иккинчи қисм эса вазиятга қараб аниқ ёки ноаниқ келиши ҳақида фикр юритилиб мисоллар келтирилади. Шунингдек, грамматик материални тўғри англаш мақсадида айнан грамматик нотўғри тузилган мисоллар ҳам берилган.

Ўн тўртинчи фасл иккиликдаги исмларнинг изофа занжирига кириши ва уларнинг таркибида рўй берадиган ўзгаришларга бағишланган.

Ўн бешинчи фаслда исмлардан муаннас шаклини ясаш қоидаси изоҳланган. Масалан, مسلم – муслим, مسلمة – муслима.

Ўн олтинчи фасл саноқ сонларга бағиш­ланган. Унда дастлаб ўнгача бўлган саноқ сонлар, уларнинг саналмиш билан мослашиш қоидалари, сўнгра ўн бир, ўн икки сонларининг ўзига хос хусусиятлари ва ўндан ортиқ бўлган сонлар ҳақида маълумот берилган.

Ўн еттинчи фаслда муаннаслик белгиси бўлмаса-да, муаннас ҳисобланган исмлар изоҳланган. Бу фаслда шаклан музаккар бўлса ҳам муаннас ҳисобланувчи عين – айн, شمس – шамс, نار – на: р каби сўзларга боғлиқ ҳолатлар кўрсатилган.

Ўн саккизинчи фасл. Унда муаннас жинсдаги исмлардан тўғри кўплик шаклини ясаш, уларнинг келишикларда турланиши баён этилган.

Ўн тўққизинчи фасл فعلة – фаълатун қолипидаги исмлардан кўплик шаклининг ясалишига бағишланган. Агар فعلة – фаълатун қолипидаги сўз исм бўлса, ундан кўплик ясалганда ўрта ўзакдаги сукун фатҳага айланади, масалан: ركعة – ракъа, ركعات – ракъа: т. Агар мазкур қолипда сифат ясалган бўлса, у ҳолда кўплик шаклида ўрта ўзакдаги сукун ўзгармай қолади, масалан: ضخمة – дахма, ضخمات – дахма: т.

Йигирманчи фасл исмларнинг синиқ кўп­ликдаги шакли билан феълларнинг бирга ишлатилишига бағишланган. Унда изоҳланишича, агар исм синиқ кўплик шаклида бўлса, у билан келаётган феъл бирлик музаккар ёки бирлик муаннас жинсда қўлланиши мумкин. Масалан, جاء الرجال – жа: ‘а-р-рижа: л, جاء النساء – жа: ‘а-н-ниса: ёки جاءت الرجال – жа: ‘ати-р-рижа: л, جاءت النساء – жа: ‘ати-н-ниса:.

Йигирма биринчи фасл гапнинг эга ва кесимига бағишланган. Бу фаслда исмий содда гапларнинг тузилиши шарҳланади. Унга кўра, бош келишикдаги икки ёнма-ён келган исмларнинг бири атоқли, иккинчиси эса турдош от бўлса, уларнинг биринчиси эга, иккинчиси кесим вазифасида келади. Масалан, زيد ذاهب – Зайд за: ҳиб, عمرو خارج – Амр ха: риж.

Йигирма иккинчи фаслда от билан сифатнинг мослашиши изоҳланади.
Араб тилида улар жинсда, сон, ҳолат ва келишикда мослашади.
Улардан кейин келаётган мослашган аниқловчилар ўзлари боғлиқ бўлган сўз билан келишикда мослашади. Бу ҳолатлар кўп сонли мисоллар билан мустаҳкамланган: رأيت ابن زيد الكريم – ра’айту ибна Зайдин ал-кари: ма – «Мен Зайднинг сахий ўғлини кўрдим».

Йигирма учинчи фаслда алиф мақсу: ра ва алиф мамду: дали исмлар шарҳланган. Алиф мақсу: рали исмларга حبلى – ҳубла:, بشرى – бушра:, алиф мамду: дага тугаган исмларга эса حمراء – ҳамра: ‘у, صحراء – саҳра: ‘у каби мисоллар келтирилган.

Йигирма тўртинчи фасл араб тилидаги атоқли отлардан иккилик ҳамда кўплик шаклларининг ясалишига бағишланган. Унда زيد – Зайд, هند – Ҳинд каби атоқли отлар иккилик ва кўплик шаклида алиф ла:м олиши изоҳланади. Масалан, زيد – Зайд, الزيدان – Аз-Зайда: н, الزيدون – Аз-Зайдун, هند – Ҳинд, الهندان – Ал-Ҳинда: н, الهندات – Ал-Ҳинда: т.

Йигирма бешинчи фаслга нисбий исмлар киритилган. Уларнинг сўз охирига қўшалоқ ى йо қўшиш билан ясалиши кўрсатилган, масалан: بلد – балад, بلدى – баладийй, مصر – Миср, مصرى – мисрийй. Шунингдек, муаннас жинсдаги исмлардан нисбий отлар ясалганда ة – танинг тушиб қолиши кўрсатилган: ألبصرة – ал-Басра, بصرى – басрийй, ألكوفة – ал-Ку: фа, كوفى – ку: фийй.

Йигирма олтинчи фасл кўплик шаклидаги нисбий исмларнинг ясаб бўлмаслиги ҳақида. Унда изоҳланишича, кўпликдаги فرائض – фара: ‘иду, صحائف – саҳа: ‘ифу каби сўзлардан فرائضى – фара: ‘идийй, صحائفى – саҳа: ‘ифийй шаклида нисбий от ясаб бўлмайди.

Йигирма еттинчи фасл исмлардан кичрайтирма отлар ясашга бағишланган. Бунда уч ўзакли сўзлардан فعيل – фуъайл, فلس – филс – فليس – фулайс, тўрт ўзакли сўзлардан درهم – дирҳам – دريهم – дурайҳам, беш ўзакли сўзлардан دينار – ди: на: р – دنينير – дунайни: р шаклида кичрайтирма отлар ясалиши изоҳланган.

Йигирма саккизинчи фасл кўпликдаги исмдан кичрайтирма исм ясашга доир бўлиб, агар кўпликдаги исмдан кичрайтирма исм ясаш лозим бўлса, у ҳолда бу исм бирлик ҳолатига келтирилади ва кичрайтирма исм ясалиб, кўпликка ўгирилади. Масалан, دراهم – дара: ҳим – درهم – дирҳам – دريهم – дурайҳим – دريهمات – дурайҳима: т; مساجد – маса: жид – مسجد – масжид – مسيجد – мусайжид – مسيجدات – мусайжида: т.

Йигирма тўққизинчи фасл исмларни сукун ва танвинсиз ўқиш ҳақида.
Агар исм бош ва қаратқич келишигида бўлса, уни сукунли, агар исм тушум келишигида бўлса, фатҳали ўқилади. Масалан, هذا زيد – ҳа: за: Зайд, مررت بزيد – марарту биЗайд, رأيت زيدا – ра’айту Зайда.

Ўттизинчи фасл бошланиши васлали алиф билан ифодаланган ўнта сўзга ба­ғиш­ланган. Улар: اسم – исм, است – ист, ابن – ибн, ابنة – ибна, اثنان – исна: н, اثنتان – исната: н, امرؤ – имру’, امرأة – имра’а, أيم – айм.

Ўттиз биринчи фасл. Мураккаб саноқ сонлар. Унда юз, минг сонларининг саналмиш билан мослашиш ҳоллари изоҳланган. Масалан, ثلاثمائة ثوب – сала: су ми’ати савбин, ألف درهم – алфу дирҳамин.

          ЎҚИНГ: МУСУЛМОН ДАВЛАТЛАРИДА ФАТВОЛАРНИНГ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ РОЛИ

«Муқаддамату-л-адаб»нинг бешинчи қисми араб тили грамматикасининг энг муҳим мавзуси – феълларнинг тусланишига бағишланган. Араб тилидаги феъл сўз туркуми, феълларнинг тусланиши араб тили грамматикасининг асосини ташкил этади. Феълларнинг тусланишига бағишланган қисм барча қўлёзмаларда бисмилло билан бошланади. Мазкур қисм асар қўлёзмаларида турлича номланган. «Муқаддамату-л-адаб»нинг ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фондидаги қўлёзмасида бу қисм القسم فى تصريف الافعال – ал-қисму фи тасрифи-л-афъа: л, Россия ФА Шарқшунослик институти фондидаги С 291 рақамли қўлёзмада القسم فى تصرف الأفعال – ал-қисму фи тасарруфи-л-афъа: л деб кўрсатилган. Араб тили грамматикасига мувофиқ ҳар иккала تصريف – тасри: ф ва تصرف – тасарруф сўзлари «турланиш, тусланиш» (АРСл. 435-436) маъноларини англатади.

Қисмнинг бошланишида анъанавий араб тилшунослари томонидан қабул қилинган ўзак системаси ҳақида фикр юритилади. Унга кўра, сўз ўзаги уч ҳарф ف – фа:, ع – ъайн, ل – ла: м ҳарфлари билан белгиланади. Кириш қисмида феълларнинг биринчи бобдан ўнинчи бобгача бўлган қолиплари, турли шаклдаги феълларнинг қайси бобга мансуб эканлигини аниқлаш ҳақида маълумот берилади.

Биринчи фасл ўтимли ва ўтимсиз феълларга бағишланган. Унда грамматик қоида келтирилиб, мисоллар билан тўлдирилган. Шунингдек, ўтимсиз феълни ўтимликка ва аксинча, ўтимли феълни ўтимсизга айлантириш усули ҳам кўрсатилган. Масалан, قعدته – қаъадтуҳу – «мен унга ўтирдим», أقعدته – ақъадтуҳу – «мен унга ўтқаздим».

Иккинчи фаслда иккиланган (المضاعف – ал-муда: ъаф) феъллар ҳақида сўз юритилган. Уч ўзакли феъллардан شد – шадда, مد – мадда шаклида, тўрт ўзакли феъллардан فعلل – фаълала қолипида ясалган سلسل – салсала каби феъллар воситасида грамматик қоидалар изоҳланган.

Учинчи фасл иллатли феъллар ва уларнинг тусланиши ҳақида. Феъл ўзакларидан бирортаси ا – алиф, ى – йа:, و – ва: в ҳарфларидан бири билан ифодаланган бўлса, бундай феъллар иллатли феъллар (المعتل – ал-муъталлу) деб изоҳланган. Улар мисоллар билан мустаҳкамланган.

Тўртинчи фасл ҳамзали феъллар тўғрисида. Муаллиф ҳамзани ъайн (ع) ва ҳа: (ح) каби саҳиҳ деб атаган. Фаслда ҳамза билан келган ҳаракатлар таъсирида бўладиган ўзгаришлар ҳақида фикр юритилган.

Феълларнинг тусланиши қисмининг давоми боб тарзида шарҳланган.
Биринчи боб ўтган замон феъллари (الماضى – ал-ма: ди)га бағишланган.
Унда ўтган замон феъли, унинг аниқ ва мажҳул даражаси, ўтган замон феълининг уч ўзакли ўнта боб кўринишлари ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, тўғри феъллар ضرب – дараба, иккиланган феъллар فر – фарра мисолида изоҳланган. Бундан ташқари тўрт ўзакли феълларнинг ўтган замон шакли, уларнинг турли ҳолатлари билан боғлиқ ҳолатлар қоидалар ҳам берилган.

Иккинчи боб феълларнинг ҳозирги-келаси замони (المضارع – ал-муда: риъ) ҳақида. Мазкур бобда араб тилидаги мавжуд бобларнинг ҳозирги-келаси замон шакл­лари, уларнинг қолиплари берилган. Изоҳланган барча ҳолатлар мисоллар билан мустаҳкамланган.

Учинчи бобда феълларнинг буйруқ майли шарҳланган. Унда буйруқ майли феълининг ҳозирги-келаси замон шаклидан ясалиши, у билан қўлланувчи юкламалар, барча феъл боблари бўйича қоида-қолиплар келтирилган.

Тўртинчи бобда араб тилидаги ажабланиш феъллари ва уларнинг шаклланиши тўғрисида фикр юритилади. Улар икки усулда ясалади, биринчиси ما أفعله – ма: афъалаҳу, иккинчиси أفعل به – афъала биҳи. Мана шу ҳолатларни тасдиқловчи кўплаб мисоллар берилган.

Бешинчи – масдар боби (باب المصدر – ба: бу-л-масдар)да масдарларнинг феъллардан ясалиши, уларнинг исм хусусиятига эга эканлиги изоҳланади, феъл бобларидан масдарлар ясалиш қолиплари мисоллар билан тасдиқланган ҳолда келтирилади.

Олтинчи бобда аниқ даража сифатдош­лари (اسم الفاعل – исму-л-фа: ъил), уларнинг ясалиши, قاض – қа: дин – القاضى – ал-қа: ди каби кўринишлари, сифатдош ясалишининг барча қолиплари ҳақида маълумот берилган.

Еттинчи боб мажҳул даража сифатдошларига (اسم المفعول – исму-л-мафъу:л) бағишланган бўлиб, мажҳул даража сифатдошларининг ясалиши, турли шакллари изоҳланган.

Саккизинчи боб сифат даражалари (اسم التفضيل – исму-т-тафди: л) ҳақида бўлиб, орттирма ҳамда қиёсий даража сифатлари, уларнинг бирикиб келувчи олмошлар билан келиши тушунтирилган.

Тўққизинчи боб مفعل – мафъал қолипига бағишланган. Мазкур қолипда ясалган исмлар замон (اسم الزمان – исму-з-зама: н), макон (اسم المكان – исму-л-мака: н) мазмунини англатиши ва уларнинг ясалиши кўп сонли мисоллар билан изоҳланган.

Маҳмуд Замахшарий юқоридаги масдар, аниқ ва мажҳул даража сифатдошлари, сифатнинг қиёсий ва орттирма даражалари, макон ва замон маъноларини ифодаловчи отларни الاسماء المتصلة بالأفعال – ал-асма: у-л-муттасила би-л-афъа: л, яъни «феъллардан ясалувчи исмлар» деб атайди.
«Муқаддамату-л-адаб»нинг феълларнинг тусланишига бағишланган қисми ҳам унинг олдинги араб тили грамматикаси қоидаларига бағишланган ҳарфлар, исмларнинг турланиши қисмлари каби мукаммал, етук илмий асар сифатида машҳур бўлган.

“Муқаддамату-л-адаб”нинг ёрдамчи сўзлар, исмларнинг турланиши, феълларнинг тусланиши қисмлари соф араб тили грамматикаси қоидаларига бағишланган. Мазкур қисмлар юқори илмий савияда, содда, равон тилда, грамматик жиҳатдан пухта ёзилган бўлиб, ҳар бир грамматик қоида кисқача изоҳланган ва мисоллар билан мустаҳкамланган. Шу сабабли мазкур грамматик рисолалар қадимдан мустақил асарлар сифатида шаклланган ва мадраса тизимида араб тилини ўқитиш жараёнида кенг истифода этилган, юзлаб қўлёзмалар шаклида китобат қилинган.

 

© Ислом тафаккури. 2019 йил, 2-сон


Print   Email