ИСЛОМ ДИНИДА МУСИҚАГА МУНОСАБАТ

ИСЛОМ ДИНИДА МУСИҚАГА МУНОСАБАТ

Исломда мусиқага муносабат ҳақида гап кетганда дастлаб, турли хил бир-бирига зид фикрлар юзага чиқиши, ёки бу борада муайян тўхтамга келинмаган, ҳатто бу соҳа буткул таъқиқлангандек тасаввур ҳосил бўлиши мумкин. Минг афсуски, айрим ўзини олим деб ҳисобловчи кимсалар дин фақат таъқиқлардан иборат бўлиши керак, деб тушунадилар. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Хусусан, битта-иккита ҳадисни ушлаб олиб “у мумкин эмас экан”, “буниси ҳаром экан”, деб кетавермасдан аввал бир мавзуга тегишли барча манбаларни атрофлича ўрганиб чиқиб, кейин хулоса чиқарилса, кўпчиликка кўп нарса ойдинлашарди.

Ҳар ҳолда бунинг имкони бор. Фақат қарши тарафнинг далиллари билангина чекланиб, бор ҳақиқат шу экан, деб юрган билан илм ҳосил бўлмайди. Умуман, бу ўринда тақдим этилган кўп мисолларни келтириб ўтмаса ҳам бўлар эди. Аммо, “киши – билмаган нарсасининг душманидир”, деган нақл бор. Мусиқа санъати борасидаги кўп зиддиятлар айнан холис маълумотнинг камлиги натижасида юзага келган. Мақсад ҳосил бўлиши учун ислом манбалари чуқур таҳлил билан ўрганиб чиқилса, дастлабки юзаки хулосаларнинг акси намоён бўла бошлайди.

Аввало, Қуръони каримда бу хусусда қатъий бир таъқиқ йўқлигини билиб олиш керак. Қуръоннинг бирорта оятида “мусиқа эшитманглар”, “мусиқа ҳаром”, “мусиқа ножоиз” деган мазмундаги гапнинг ўзи йўқ. Бирор нарсани ҳаром ва ҳалол деб эълон қилиш Аллоҳнинг ҳаққи, бунга ҳеч кимнинг тажовуз қилишга ҳуқуқи йўқ. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 116-оятида марҳамат қилади:

“Аллоҳга нисбатан уйдирма тўқиш учун “Бу ҳалол, бу ҳаром” деб тилларингиз васф қилган ёлғонни гапирманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан уйдирма тўқувчилар нажот топмаслар”.

Исломнинг муқаддас манбаларига холис назар ташласак, мусиқа тўғрисида таъқиқлар мутлақ эмаслигини кўрамиз. Рум сурасининг 15-оятида: “Имон келтирган ва яхши амаллар қилганлар эса (жаннат) гулшанида шодланурлар”, дейилган. Кўпчилик саҳобийлар ва муфассирлар оятнинг охиридаги “шодланурлар” феълини “мусиқа тинглайдилар”, деб изоҳлаганлар. Имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирида ушбу оятга бир узун ҳадис илова қилинган бўлиб, унинг мазмунига кўра, Пайғамбар (с.а.в.) жаннат неъматларининг васфини келтирганларида, қавмнинг охиридан бир бадавий: “Эй Аллоҳнинг Элчиси, жаннатда мусиқа тинглаш ҳам борми?”, дейди. Шунда Пайғамбар (алайҳис-салом) “Ҳа эй аъробий… бу жаннат неъматларининг афзалидир”, деган эканлар .

Шундай бўлсада, мусиқанинг шаръий ҳукми ҳақида илм аҳлларининг ўртасида ҳам муайян ихтилофлар мавжуд. Қуръони каримнинг Луқмон сураси 6-оятида мусиқанинг ҳаромлиги ҳақида гап кетган, деган фикрлар бор. Аммо, аввал оятнинг ўзини ўрганиб чиқиш керак:
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир” (Луқмон, 6).

Мусиқани ҳаром дейдиганлар одатда, ушбу оятдан кейин Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум) “оятдаги “беҳуда сўз” қўшиқдир” деганларини ва бир қанча тобеийлар буни тасдиқлаганларини келтирадилар. Бироқ Абу Исо Термизий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Имом Суютий каби олимлар бу йўсиндаги ҳадисларнинг деярли барчасини заиф, баъзиларини мавзу (тўқима), айримларини эса асоси номаълум деб топганларини ҳам билиб қўйиш фойдадан холи эмас. Агар бу хабарлар заиф бўлмаганда ҳам, уларни ҳадис деб баҳолаб бўлмасди. Чунки, уларда Пайғамбаримиздан (алайҳис-салом) бирор-бир ривоят келмаган, балки, саҳобийларнинг фикрлари айтилган. Бу алоҳида манба бўлиб, уни “қавлус-саҳоба” (саҳобийларнинг гапи) дейилади. Аммо, ана шу гаплар ҳам саҳиҳ санад билан етиб келмаган экан. Масалан, улардан энг машҳури, Абдуллоҳ ибн Масъуддан қилинган ривоят деб билинувчи “Ғино (қўшиқ) қалбда нифоқни худди сув ўсимликни ўстиргандек ўстиради” дейилган қавл ҳам аслида заиф . Қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ибн ал-Арабий ўзининг “Аҳкомул-Қуръон” асаридаги Луқмон сурасининг 6-ояти шарҳида ушбу оятда ғино назарда тутилган дейилувчи ҳадисларни келтириб ўтиб, уларнинг барчаси ботил, деган ҳукмни айтади:

“Ушбу келтириб ўтган ҳадисларимиздан бирор нарса ҳеч бир ҳолда саҳиҳ эмас. Уларни нақл қилувчиларнинг ишончлилари (сиқалари) йўқлиги туфайли… Бу ўринда энг саҳиҳ гап “Албатта бу ботил гап” деювчининг гапидир ”.

Кейинги масала, келтирилган оятдаги бир қатор белгилар бу ерда очиқ-ойдин мусиқа ҳақида гап кетмаётганини кўрсатиб турибди. Биринчидан, оятдаги “билимсизлик билан”, “Аллоҳ йўлидан оздириш учун”, “масхара қилиш учун” жумлалари “беҳуда сўзни сотиб олиш”нинг мақсади сифатида келтирилмоқда. Гап мутлақ мусиқа тўғрисида бўлганида эди, унга юқоридаги мақсадлар изофа қилинмас эди. Ёки, ушбу мақсадларнинг йўқлиги ўз-ўзидан мусиқанинг жоизлигига далолат қилар эди. Хуллас, бу оятда мутлақо мусиқа ёки қўшиқ тўғрисида гап кетаётганига қатъий далил йўқ. Ислом шариатида қатъий далилсиз ҳаром ҳукми собит бўлмайди.

Бу ўринда аниқ бир ҳолат ва аниқ бир шахс назарда тутилаётгани оятнинг сиёқидан ҳам маълум бўлиб турибди. Аввало ушбу оят ўзидан кейинги оят билан чамбарчас боғлиқ ва уни умумий маънодан (контекстдан) юлиб олиб талқин этиш нотўғри. Кейинги оятга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу фикрнинг тасдиғи намоён бўлади:

“Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек ёки қулоқларида оғирлик (карлик) бордек, кибру ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас, унга аламли азоб ҳақида “хушхабар” бериб қўйинг” (Луқмон, 7).
Яъни қачонки ўша “беҳуда сўз”ни сотиб олган кимсага Қуръон оятлари ўқиб берилса, у одам эшитмай юз ўгириб кетар экан. Тафсирларда бу кимсанинг исми ва “беҳуда сўз” нима экани аниқ-тиниқ келтирилган:

“Ушбу оят Назр ибн Ҳорис тўғрисида нозил бўлган. Чунки, у аъжамларнинг “Рустам” ва “Исфандёр” китобларини сотиб олиб, ўзи Маккага ўрнашиб олган эди. Қачонки, Қурайшиклар “Муҳаммад бундай деди”, дейишса бундан кулар ва уларга Форс подшоҳлари ҳаётидан гапириб берарди ҳамда “ушбу гапларим Муҳаммаднинг гапларидан яхшироқ” дер эди (Имом Қуртубий ушбу оят тафсирида Фарро ва Калбийдан ривоят қилган) . Бу ривоят барча мўътабар тафсирларда бор. Илми бўлса олиб ўқиш керак. Тўртта ҳадиснинг таржимасини ўқиб олиб, дунёнинг илмини биламан деб ўйлаётган бир тўда жоҳилларнинг етагида юриш оқил кишиларга хос эмас.

Ушбу хабардан маълум бўладики, “билимсизлик билан, “Аллоҳ йўлидан оздириш учун” ва “масхара қилиш учун” “беҳуда сўзни сотиб олувчи” кимса аниқ бир шахс бўлиб, у сотиб олган нарса мусиқа ҳам, қўшиқ ҳам эмас, балки, форс эртаклари ва достонлари экан. Аммо, дарҳол “унда эртак ва достонлар ҳаром эканда”, деб хулоса чиқармасдан, оятда унинг сотиб олган нарсаси эмас, балки, сотиб олишдан кўзлаган мақсади – яъни “билимсизлик билан”, “Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун”, “масхара қилиш учун”ва Қуръон оятларига бўлган беписанд муносабати қораланаётганини тушуниб олиш керак. Негаки, Қуръони каримда:
“Эй имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (Моида, 87), дейилган.

Ана энди мусиқанинг шаръан жоизлигига далил сифатида бутун ислом оламида Қуръондан кейинги энг ишончли манба деб эътироф этилган “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадислардан қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
“Оиша (р.а.) ривоят қиладилар: “Ҳузуримга (отам) Абу Бакр кирдилар. Олдимда иккита ансория жория қизлар “Буос” кунига бағишланган байтларни ашула қилиб айтаётган эдилар. Лекин, иккала жория қиз ҳам ашулачи эмас эди. Шунда Абу Бакр: “Шайтоннинг сурнайлари (келиб-келиб) Расулуллоҳнинг уйларида чалинадими?” – деб койидилар… Шунда Расулуллоҳ (алайҳис-салом): “Эй Абу Бакр, қўяверинг уларни, ҳар бир қавмнинг байрами бордир, бугун бизнинг байрамимиз!” деган эдилар”.
“Саҳиҳи Бухорий”дан мавзуга доир яна бир ҳадис:

“Рабиъ бинт Муаввиз айтадилар: “Мен келин бўлиб туширилган кечанинг эртасига эрталаб Расулуллоҳ (алайҳис-салом) кириб келдилар-да, мен солган тўшакка худди сиз ўтирганингиздек ўтирдилар. Қизлар эса, доира чалишиб, Бадрда вафот қилган оталарини эслашарди, уларнинг биттаси: “Орамизда Пайғамбар борлар, эртага нима бўлишини ҳам биладилар, – деб куйлади. Шунда Расулуллоҳ (алайҳис-салом): “Бу қўшиғингни бас қил, аввалги қўшиғингни айтавер!” – дедилар”.

Шунингдек, “Сунани Ибн Можа”нинг биринчи жилди “Ғино ва дуф” (Қўшиқ ва ноғора) бобида саҳиҳ санад билан келган қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

“Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинадики: “Бир куни Пайғамбар (алайҳис-салом) Мадина кўчаларидан кетаётганида жория қизларнинг: “Биз Бану Нажжор қизларимиз, Муҳаммадга қўшни бўлганимиздан хурсандмиз” – деб куйлаётганини эшитиб қолдилар, ва уларга: “Аллоҳга қасамки,мен ҳам сизларни яхши кўраман” – дедилар ”.
Юқоридаги ҳадисни Имом Байҳақий “Далоилун-нубувват” асарида ҳам келтирган . Имом Аҳмаднинг ривоятида бу воқеа Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Мадинага кириб келаётганларида содир бўлгани батафсил келтирилган:

“Оиша (розияллоҳу анҳо) айтадиларки, “Набий (алайҳис-салом) Мадинага кириб келган кунлари олдиларида ноғора чалинди. Шунда, Абу Бакр қарши бўлгандилар, Расулуллоҳ (алайҳис-салом): “Уларни қўй, эй Абу Бакр, токи яҳудийлар динимиз гўзаллигини кўриб қўйсинлар”, дедилар. Улар (жориялар) ноғорани уриб, “Биз Бану Нажжор қизларимиз, Муҳаммадга қўшни бўлганимиздан хурсандмиз” – деб куйлай бошладилар”.

Ушбу ҳадисни Имом Бусирий ўзининг “Мисбоҳуз-зужожа фи завоиди Ибн Можа” асарида келтириб: “Ушбу санад саҳиҳ, ровийлари ишончли (сиқот) баъзи қисми “Икки саҳиҳ”да Оишадан ва “Тўртта сунан” соҳибларида Рабиъ бинт Муаввиздан келган”, деган сўзларни айтади.
Бирорта саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳис-салом) ўзлари мусиқани ҳаром деганлари ёки эшитмасликни буюрганлари, ўзлари эшитишдан бош тортганлари ҳақида гап йўқлиги кўриниб турибди. Қолган ривоятлар эса, заиф ва тўқима асосларга таянганини айтиб ўтдик. Бу бугунги куннинг гапи эмас, ўрта аср муҳаддисларининг хулосаси. Бунинг аксига эргашадиган одам, саҳиҳ хабарни тарк этиб заифига эргашишни танлаган одамдир.

Мусиқа ва қўшиқ тинглашни жоиз, деб билувчилар орасида Ҳужжатул-ислом Имом Ғаззолий, Шаҳобиддин Суҳравардий, Ҳужвирий каби ислом оламининг дарғалари ва қанча бошқа тасаввуф намоёндалари ҳам бор. Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул-қулуб” асарида шундай дейилади: “Мусиқа тинглаш, дуф (ноғора) ишлатиш ҳақидаги насслар, ғино, рақс, дуф чалиш, қилич ва найзаларни ўйнатиш, шунингдек, ушбуларни томоша қилиш ҳамда тинглашнинг жоизлигига ишора қилади. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) сафдошларидан Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Муғира ибн Шуъба, Муовия ва бошқалар қўшиқ тинглаганлар. Қадимда яшаб ўтганлардан, саҳобийлар ва тобеийлардан бир қанчалари ҳам мусиқа тинглашни айб кўрмаганлар. Солим ибн Абу Ҳасандан “қўшиқ тинглашни ҳаром дея оласизми?” деб сўрашганда, у шундай деганди:

– Мендан яхшироқ кишилар уни жоиз ҳисоблашар ва тинглашар эди. Шундай бўлгач, мен нима дея оламан?”

Саҳиҳ ҳадисларда Пайғамбар (алайҳис-салом) “бошқасини айтавер” деб турганларидан кейин, ким мусиқа тинглашни ёки қўшиқ айтишни жоиз эмас, дея олади? Ҳадисга эътибор қаратсак, Пайғамбар (алайҳис-салом) қўшиқнинг мазмунигагина эътироз билдирганлар. Тўғри, келтирилган ҳадисларда Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) эътироз билдирганлари акс этган. Аммо Пайғамбар (алайҳис-салом) бу муносабатни очиқчасига қувватламаганлари кўриниб турибди. Бундан хулоса шуки, кимдир шахсан қўшиқ ёки мусиқани ёқтирмаслиги мумкин, бу унинг ихтиёри, аммо таъқиқлаш даражасига бормаслиги керак. Яна бир масала, қўшиқларнинг мазмуни, сифати, ижро маҳорати танқид остига олиниши, ҳатто таъқиқланиши ҳам мумкин, аммо ўзи эмас. Бугунги кунда бўлар-бўлмас нарсаларни бетайин мусиқаларга солиб “куйлаётган” айрим ўзини қўшиқчи деб билган, аслида “оммавий маданият”нинг яловбардорлари бўлган кимсалар бундан ўзларига хулоса чиқариб олишлари керак.

Ҳанафий фақиҳлардан Ибн Ҳумом ўзининг машҳур “Фатҳул-Қадийр” асаридаги ушбу гапларини бу ўринда мазҳабнинг хулосаси сифатида келтириш мумкин: “Қўшиқда ҳаром нарсалар куйланса, масалан, аниқ бир шахснинг чиройи ёки сифатлари (ғийбат бўлгани учун), майхўрликка ундовчи майга мақтовлар айтиш, кимнингдир оилавий ҳаётидан лавҳалар ёки кимнингдир шаънига масхараловчи ва мазах қилувчи гаплар бўлсагина ҳаром ҳисобланади”.

Бундан ташқари ислом динида пешқадам бўлган, биз бугун фахр билан тилга оладиган аждодларимизнинг барчаси у ёки бу даражада мусиқа назариёти билан шуғуллангани илм аҳли орасида маълум ва машҳур. Масалан Абу Наср Фаробийнинг “Китобул-мусиқо ал-кабир” (Катта мусиқа китоби), Ибн Синонинг “Жавоме илмил-мусиқо” (Мусиқа илми тўпламлари), Ибн Зайлаънинг “Китобул-кофий фил-мусиқо” (Мусиқа борасида кифоя қилувчи китоб), Сафийюддин Урмавийнинг “Китобул-адвор” (Мусиқий давралар (ритм-усул-парда чизмалари) ҳақида китоб), Зайнулобидин Ҳусайнийинг “Қонуни илми амали мусиқо” (Мусиқа илми қониятлари), Нажмуддин Кавкабийнинг “Дар баёни давоздаҳ мақом” (Ўн икки мусиқий мақом баёни), Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи мусиқо”, Дарвешали Чангийнинг “Туҳфатус-сурур” (Шодлик туҳфаси) каби қатор асарларни санаб ўтиш етарли. Афсус, оддий халқ бу асарларнинг номини ҳам эшитмаган бўлиб чиқар. Уламонинг вазифаси маърифат тарқатиб, ушбу илмларни ҳеч бўлмаса маълумот тариқасида етказишку аслида. Имом Шотибий айтганидек, илмнинг салмоғи олимни вазмин қилади, илм кишилари ҳиссиётга берилувчан бўлмаслиги лозим.

Биз Абдураҳмон Жомийнинг мусиқа илмига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтмоқчимиз. Абдураҳмон Жомий бутун ислом оламида машҳур, Покистон, Ҳиндистон, ҳатто айрим араб давлатларида ўқитиладиган Ибн Ҳожибнинг араб тили грамматикасига оид “Кофия” асарига шарҳ сифатида “Шарҳи Кофия”, “Шарҳи Мулла” номи билан машҳур “Фавоидуз-зиёийя” асари муаллифидир. Жомий ҳанафий фиқҳини ҳам мукаммал билган, Қуръони каримнинг “Фотиҳа” сурасига тафсир ҳам ёзган, нақшбандия тариқатида устоз даражасига етган улуғ сиймо ҳисобланади. Шундай аллома инсон ҳам мусиқа тўғрисида “Рисолаи мусиқо” асарини битган. Рисола 23 фаслдан иборат бўлиб, икки қисмга бўлинади: биринчи қисм “Илми таълиф” – мусиқа басталаш илми, иккинчи қисм “Илми ийқоъ” – мусиқий ритмлар илми деб номланган. Абдураҳмон Жомий каби улуғ зотлар фиҳни ҳам, матн илмини ҳам чуқур билганига шубҳа йўқ. Наҳот айрим кеча чиққан “олимчалар” ўзларини Пайғамбар ҳадисларидан, мўътабар имомлардан, шайхлардан устун билишни бас қилмайдилар. Далиллар бир хил мақомда бўлганда ҳам нега рухсат тарафга эмас, таъқиқ тарафга мойил бўладилар!? Аммо кўрганимиздек, мусиқанинг мубоҳлиги ҳақидаги далиллар саҳиҳ, танқид қилувчи далиллар эса анча заиф. Суфён Саврий: “Бизнинг наздидимизда илм – фиқҳда рухсат топишдир. Йўлни тор олишни ҳамма ҳам эплайверади”, деган экан. Таассуфки, ҳамма билимли одам фақиҳ бўлавермайди.

Ислом дини илм-фан, маданият ва санъат равнақига ҳеч қачон тўсқинлик қилмагани, ҳатто муайян чекловлар ўрнатилганида ҳам янги-янги ғоялар ва услублар, санъатнинг ўзгача йўналишлари ривожига йўл очиб бергани кўриниб турибди. Бу эса ўз навбатида, ҳозирги замон мусулмон кишиларининг замонавий турмуш тарзида кенг тарқалган маданият намуналари ва санъат асарларига кенгроқ дунёқараш билан ёндошиш, ўзига ёққан нарсадан эстетик завқ олиш, ёқмаган нарсага бағрикенг муносабатда бўлиш, гўзалликни ҳар ким ўзича тушуниши, унинг турли қирраларини англаш, маданий савиянинг шаклланишида ҳар бир унсурнинг ўз ўрни борлигини англаб етишини талаб этади. Мусулмон жамияти дид ва нафосатни, санъат ва маданиятни шакллантирувчи, муҳофаза этувчи, ривожлантирувчи, бошқаларга тарғиб этувчи ва бу борада ўрнак бўлувчи салоҳиятга эга жамият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши керак.

Ислом манбалари асосида тайёрланди
ИИТМда тайёрланган


Print   Email