Инсонийлик ва мардлик тимсоли

Инсонийлик ва мардлик тимсоли

Хоразмшоҳлар давлатининг энг сўнгги ҳукмдори султон Жалолиддин Мангуберди (Менгбурний) ҳақида XIII асрдан бошлаб Шарқ муаррихлари, ижодкорлари, XVII асрдан кейин Ғарб йилномачилари, қадимшунос олимлари жуда кўп тарихий асарлар, илмий тадқиқотлар яратдилар. Уларни бир жойга жамласа минг жилддан ортиқ китоблар пайдо бўлиши, шубҳасиз. Бу асарларда Жалолиддин Мангубердининг аждодлари тарихи, султоннинг ҳаёти ва тақдири, ватан, халқ озодлиги йўлидаги қаҳрамонликларга тўла фаолияти, мўғулларга қарши олиб борган курашлари,  замондошларининг унга нисбатан муносабатлари, инсоний сифатлари ва эътиқоди билан боғлиқ кўплаб масалалар атрофлича ёритилган. Афсуски, бу асарларнинг ниҳоятда оз қисми ўзбек тилига ўгирилган. Ўзбек тилида эса у ҳақдаги тарихий, илмий, бадиий асарлар энди-энди яратила бошланди. Халқимиз Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган улуғ инсон тақдири ҳақида асл ҳақиқатни билишни истайди.

Хўш, унинг озодлик учун курашчи, қаҳрамонга айланиши, юртга, халққа нисбатан меҳр-муҳаббати юксак, эътиқодда собит, адолатпарвар, олижаноб фазилатларга эга инсон сифатида шаклланиши қандай кечган?

Жалолиддиннинг ёшлик йиллари ҳақида маълумотлар бизгача кам етиб келган. Лекин Хоразмшоҳлар саройида XII аср охири, XIII аср бошларида кечган воқеаларни кузатиб, унинг ёшлик йиллари ҳақида баъзи хулосаларга келиш мумкин. Маълумки, Хоразмшоҳ Ануштегинийлар саройида тарихий асарларда тилга олинмайдиган, бироқ барча ҳукмдорлар амал қилган ёзилмаган қонун бор эди. Улар ўғуз қабиласига мансуб Бекдили уруғидан бўлган қизларни маликаликка танларди. Улардан туғиладиган ўғил фарзандлар тахт ворисларига айланарди. Бошқа маликалардан туғилган фарзандлар валиаҳд бўлолмасди. Бу ҳол мамлакатни бир сулола вакиллари изчил бошқаришига, турли қабилалар, уруғлар ўртасида тахт учун курашлар юзага келмаслигига, давлатнинг тараққий этишига хизмат қиларди. Бу ҳолат Оловуддин Такаш ҳукмдорлигининг охиригача давом этди. 1200 йилда Оловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ тахтга ўтириши билан бу ёзилмаган қонунга путур етди. Бунинг сабаби бор эди. Такашнинг катта ўғли тахт вориси Носириддин Маликшоҳ 1197 йилда вафот этади. Натижада Такашнинг қипчоқларга мансуб хотинидан туғилган ўғли Оловуддин Муҳаммад тахт ворисига айланади. Лекин Хоразмшоҳ Такаш мамлакат ярим ўғуз, ярим қипчоқ Оловуддин Муҳаммад қўлида қолиб кетмаслиги учун унга Бекдили уруғидан бўлган малика Ойчечакни олиб беради. Ундан 1199 йилда туғилган фарзанд Жалолиддинни Муҳаммад Хоразмшоҳга валиаҳд қилиб белгилайди.

Аммо Такаш вафотидан кейин Оловуддин Муҳаммадни ҳам, мамлакат ҳукмронлигини ҳам қўлга олган Туркон хотун ўғузларни салтанат ишларидан четлаштириб, қипчоқларни давлат таянчларига айлантиришга уринади. Жалолиддинни валиаҳдликдан четлаштириб, унинг ўрнига Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қипчоқ хотинидан туғилган ўғли Ўзлоқшоҳни тахт вориси деб эълон қилдиради. Воқеаларнинг бундай кечиши Туркон хотуннинг Жалолиддин билан онасига адоват билан қараганини, улар ўртасида зимдан қарама-қаршилик, душманлик кечганини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жалолиддин дастлабки тарбия ва таълимни онаси қўл остида олади. Отаси Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам ўғли Жалолиддинга меҳрибонлик кўрсатади. Уни доимо ўзи билан бирга олиб юради, Туркон хотун хуружларидан ҳимоя қилади. Бу борада муаррихлар “Бошқа укаларининг вақтичоғлик қилиши ва дунё неъматларига берилган бўлишига қарамасдан Султон Жалолиддин ҳеч қачон отаси ёнидан айрилмасди, давлат ишларида унга ёрдам берарди”, деб ёзади. Онанинг дастлабки таълим-тарбияси, саройдаги зиддиятлар, момоси Туркон хотуннинг нафрати, отаси султон Муҳаммаднинг муҳаббати, мамлакатдаги улкан ўзгаришлар, илм-маърифатнинг юксалиши барча-барчаси ёш Жалолиддин ҳаётида ўчмас из қолдиради. Етуклик пиллапоялари ўша даврдан бошланади. Бу ҳақда тарихчи Отамалик Жувайний “Тарихи жаҳонгушо” асарида “Султон Муҳаммаднинг ўғиллари орасида ёш жиҳатидан энг каттаси, жасорат ва билим жиҳатидан устуни, салтанат тожи ва илоҳиёт чироғининг нури Султон Жалолиддин эди”, деб маълумот беради. Бу қисқагина маълумот Жалолиддиннинг ёшлик давридан бошлаб ниҳоятда илммаърифатли, имон-эътиқодда собит, салтанат ишларини англаб етишда моҳир, ҳарб соҳасида мард ва жасур бўлиб вояга етганлигини англатади.

Тарихий битиклар муаллифлари Жалолиддин шахсияти ҳақида сўз юритганда уни ниҳоятда мулоҳазакор, камтар, яқинлари, сафдошларига яхшиликлар кўрсатган, улардан меҳр-муҳаббатини аямаган инсон сифатида эътироф этади. Бундай олижаноб хусусиятлар унинг отасига, укалари — Ғиёсиддин Пиршоҳ, Рукниддин Ғурсанжтий, Қутбиддин Ўзлоқшоҳ, Оқшоҳ ва бошқаларга нисбатан муносабатларида ҳам намоён бўлади. Тарихий асарлардан маълумки, ҳукмдорлар саройларида ота-болалар, ака-укалар ва бошқа яқин қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат, дўстона ҳамкорлик туйғулари ҳамиша ҳам устувор бўлавермаган. Аксинча, тахт учун кураш, отани болага, акани укага қарши қилиб қўйган. Оқибатда кўп мамлакатларнинг ички ҳаётида тахт талашиш билан боғлиқ фожиалар содир бўлган. Жалолиддин мана шундай хунрезликлардан ўзини тийган. Эътибор беринг, у тахт вориси қилиб белгиланган. Лекин Туркон хотуннинг тазйиқи билан валиаҳдликдан четлаштирилади, ўрнига укаси Қутбиддин Ўзлоқшоҳ тахт вориси қилиб белгиланади. Бундай пайтда Жалолиддин бошқалар каби Туркон хотун билан, отаси ва укаси билан тахт учун курашга киришиши мумкин эди. У бундай йўл тутмайди. Отасига садоқат билан хизмат қилади. Укаларига эса меҳрибонлик кўрсатади. Муаррих Рашидиддин “Жомъе ут-таворих” асарида ака-укалар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида тўхталиб шундай ёзади: “Ака-укалар орасида мустаҳкам дўстлик, меҳр-оқибат ришталари ва бирдамлик бор эди. Айниқса, Жалолиддин укаларига бу борада ибрат бўладиган даражада иш тутар, уларга ниҳоятда меҳрибон эди. У ҳаётга ақл кўзи билан қарар ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга интиларди. Аммо фалак қозиси унга вафо қилмади, укаларининг кўпчилиги мўғуллар қўлида ўлим топди. Булар султонни оғир қайғуга солди”.

Жалолиддин қалбида бундай олижаноб туйғуларнинг бўй кўрсатиши унинг яхши таълим-тарбия олганлигидан ва юксак инсоний хусусиятларга эгалигидан дарак беради.

Унинг отаси билан муносабатлари ҳам ҳурмат-эҳтиром асосига қурилган эди. У Оловуддин Муҳаммаднинг барча юришларида қатнашади, жангларда мардлик кўрсатади. 1216 йилда Хоразмшоҳ хонлар хони ҳисобланган Қорахитой ҳукмдори Гурхон устига юриш бошлайди. Аммо Изғир дарёси бўйида Гурхонни мағлуб қилиб қайтаётган Чингизхоннинг ўғли Жўжи бошчилигидаги мўғул қўшини билан тўқнаш келади. Жангда мўғуллар Хоразмшоҳ қўшинининг чап ва марказий қисмига ҳужум қилиб, уларни оғир аҳволга солади. Шунда Жалолиддин бошчилигидаги ўнг томон мўғулларга ҳужум қилиб, мардлик кўрсатади ва қўшинни мағлубиятдан асраб қолади. Хоразмшоҳ Муҳаммад ҳам ўғли Жалолиддиннинг ўзига нисбатан садоқатини, ҳурмат-эътиборини яхши билар, унинг мардлигига тан берар, шунинг учун бошқа ўғилларини қўл остидаги мулкларни бошқаришга жўнатиб юборса ҳам уни ёнидан четлаштирмас эди. Шу тариқа Жалолиддин отасининг барча зафарли юришларида фаол иштирок этади. Ҳатто отаси мўғуллар босқинидан қочиб Каспий денгизидаги Ашур ода оролига борганида ҳам унга садоқат билан ҳамроҳлик қилади. Хоразмшоҳ ана шу оролда ҳаётининг сўнгги дамларида салтанат ворислигини Ўзлоқ шоҳдан олиб Жалолиддинга топширади. Мамлакатни мўғуллар чангалидан фақат Жалолиддингина қутқара олади, деб ишонч билдиради.

XX асрдан кейин Хоразмшоҳлар тарихи ҳақида ёзилган баъзи асарларда Жалолиддин билан отаси ўртасида жиддий зиддият, қарама-қаршилик бор эди, деб кўрсатилган. Лекин тарихий асарларнинг бирортасида бундай зиддият ҳақида маълумот учрамайди. Фақат Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгушо”сида мўғуллар юртга бостириб келган пайтда Жалолиддин отасига душманга қарши кураш йўлини тутиш керак, деган фикрни билдиргани айтилади, холос.

Жалолиддиннинг отасига нисбатан ҳурмат-эҳтироми унинг вафотидан кейин ҳам давом этади. Муаррих Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий “Султон Жалолиддин Менгбурний ҳаёти тафсилоти” асарида шундай воқеани келтиради: “Султон Ҳилотни босиб олганидан кейин қўл остидаги барча ўлкаларга фатҳнома юбориш тўғрисида фармойиш берди. Мен фатҳномада Жалолиддин унвонини унинг отаси Улуғ султон (Муҳаммад Хоразмшоҳ) унвонлари каби битиш тўғрисида вазир Шарафул мулкдан кўрсатма олдим. Аммо Султон ўзига нисбат берилган бу унвонларни рад қилди, бу борада норозилик билдириб шундай деди: “Мен ҳам қўшиним сонининг кўплиги ва хазинадаги бойлигимнинг мўллиги жиҳатдан Улуғ султоннинг катта мамлукларидан бири даражасига етганимда ёрлиқларга битиладиган унвонимни отамнинг унвонлари сингари ёзишга рухсат этаман. Ҳозирча эса йўқ!” Менинг уятдан тилим танглайимга ёпишиб қолди. Унинг айтган гаплари ҳақ эди”.

Жалолиддининг отасига эҳтироми шу билан чекланмайди. У 1229 йилда Исфахонда отаси хотирасига бағишлаб мадраса, масжид, мақбара қуришга буйруқ беради. Мозандарондаги Сория вилоятининг ҳукмдори бўлган аммаси Шоҳ хотунга мактуб ёзиб, отасининг ҳокини Ашур ода оролидан олиб келиб, Ардахн қалъасига жойлаштиришини илтимос қилади. Аммаси у айтгандек қилади. Мадраса, масжид, мақбара қурила бошлайди. Аммо Жалолиддинга отасининг ҳокини Исфахондаги мақбарага қўйиш насиб этмайди. Жалолиддин ўлимидан кейин мўғуллар Ардахн қалъасини эгаллайди ва у ердаги Улуғ султон ҳокини Қорақурумга олиб бориб ёқиб юборади. Султон Жалолиддиннинг отаси хотирасини улуғлаб барпо эттирган мақбара, мадраса, масжид Исфахонда ўғилнинг отага эҳтироми рамзи сифатида сақланиб қолган.

Жалолиддин Мангубердининг фаолияти, инсоний сифатлари, характери, ўзига хос хусусиятлари, қаҳрамонликлари, умуман, суврат ва сийрати ҳақида кўпроқ маълумотни Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий юқорида номини келтирганимиз “Султон Жалолиддин Менгбурний ҳаёти тафсилоти” асарида беради. Султоннинг муншийси, шахсий котиби бўлган бу инсон унинг қўл остида етти йилга яқин фаолият юритади. Шу сабабли у ёзиб қолдирган маълумотлар бошқа муаррихларнинг маълумотларига нисбатан ҳаққонийлиги, мукаммаллиги ва ишончлилиги билан ажралиб туради. Унинг асарида Жалолиддинга шундай таъриф берилади: “У буғдоймағиз рангли, ўрта бўйли, туркий қиёфали ва туркийда сўзлайдиган одам эди, шу билан бирга, форсий тилни ҳам яхши биларди. У мард, жасур эди. Шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар сафида энг ботир эди. У ювош, мулойим одам эди, жаҳлдор эмасди, ҳақоратомуз сўзларни айтмасди. У ниҳоятда жиддий қиёфали эди. Кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди. У ҳақгўйликни, адолатни улуғларди. Аммо у яшаган даврдаги ғалаёнлар, алғов-далғовлар феъл-атворини ўзгартирди. У қўл остидаги одамларнинг оғир ҳаётини енгиллаштиришни хоҳларди, бироқ яшаган давр қонунлари уни зулм қилишга мажбур этарди”.

Ҳақиқатан ҳам, Жалолиддин мард, жасур йигит эди. Буни унинг ўн бир йилдан иборат ҳукмдорлик даврида ўн тўрт марта оғир ва даҳшатли, ҳал қилувчи жангларга бошчилик қилганлигининг ўзи ҳам исботлайди. Ушбу жангларнинг иккитасида — бири Синд дарёси бўйида мўғуллардан, иккинчиси, Шом ва Румнинг бирлашган қўшинларидан Ясси Чаманда мағлуб бўлади. Қолган ўн иккита жангда ғолиб сифатида жанг майдонини тарк этади. Жалолиддин бу жангларнинг ҳаммасида урушнинг тақдирини ҳал қилишда асосий роль ўйновчи қўшиннинг марказий қисмига бошчилик қилади. Лашкарларини ўзи жангга бошлаб боради. Жанг майдонида ҳамиша мардлик кўрсатиб сафдошларига ўрнак бўлади. “Қўшинни жанг майдонида шоҳнинг ўзи бошқармоғи керак!” Улуғ аждодлари Отсиз, Эл-Арслон, Такаш кабилардан қолган бу ғояга у содиқ қолди. Тарихий асарлар муаллифлари султон иштирок этган жанглар ҳақида сўз юритар экан, яна бир ҳолатни алоҳида эътироф этади. У душманлари билан жангга уларга нисбатан кам сонли қўшин билан кирган. Масалан, Наса яқинидаги жангда 350 лашкари билан мўғулларнинг 700 лашкарини қиличдан ўтказади. Валиён қалъаси яқинидаги курашда 10 минг лашкар билан мўғулларнинг 20 минг лашкари, Парвондаги урушда 30 минг лашкари билан уларнинг 45 минг лашкари устидан ғолиб келади. Исфахонга ёндош Оқсин қишлоғида бўлган муҳорабада 100 минг лашкари билан мўғулларнинг 150 минг лашкарлик қўшинини мағлуб этади. Грузинларнинг 60 минг кишилик қўшини Жалолиддиннинг 40 минг кишилик қўшинидан енгилади. Бундай маълумотлар Жалолидиннинг мардлигидан ташқари жанг тактикасини ниҳоятда яхши билган лашкарбоши бўлганлигини ҳам кўрсатади. Жанг олдидан бўладиган душман томон паҳлавонлари билан яккама-якка жангларга ҳам аксарият ҳолларда султоннинг ўзи чиққан. Ибн Тагриберди “Аннужум” асарида грузинлар билан жанг олдидан султон уларнинг 4 нафар паҳлавонини мағлуб қилгани ҳақидаги маълумотни келтиради.

Ёхуд Жалолиддиннинг Исфахон яқинидаги жангдаги ҳолатини эсланг. Ўн тўртта хос навкари билан мингдан ортиқ мўғулларнинг қамалида қолиб кетади. Шу пайт ёнидаги аъламбардори байроқни судраб қочаётганини кўради. У аъламбардори кетидан от қўйиб боради ва ундан байроқни олади. Байроқни тик кўтарган ҳолда навкарлари билан бирга мўғулларга оғир зарба бериб, қамални ёриб чиқади. Бу ҳолни кўрган мўғул саркардаси Тойнал нўён Жалолиддиннинг шижоатига, қудратига тан бериб шундай дейди: “Сен қаерда бўлма, ҳар қандай шароитда ҳам ўлим сиртмоғидан, ёв қўлидан қутулиб кета оласан! Ҳақиқатан ҳам сен ўз даврингнинг улуғ қаҳрамонисан, халқингнинг буюк йўлбошчисисан”. Бу мардлик учун, қаҳрамонлик учун берилган баҳо эди.

Халқимизда “Номус топталган жойда мард туғилар”, деган ҳикмат бор. Ҳақиқатан ҳам, бир юртга, бир элга нисбатан зулм, жабр-ситам кучайса, ўша жойда шу юрт, шу эл шаънини, ғурурини, қадр-қимматини ҳимоя қиладиган марду майдонларнинг бўй кўрсатиши шубҳасиз. Лекин бу номуси топталган ёки қуллик зулми остига тушиб қолган элнинг ҳамма ўғлонлари мардга айланади, дегани эмас. Номуси топталган элда марднинг бўй кўрсатиши учун ўғлонларнинг қалбида аждодлар руҳига, ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, қариндош-уруғлар, бутун эл, юртга, умуман, Ватанга нисбатан адоқсиз эҳтиром, чинакам муҳаббат шаклланган бўлиши керак. Элнинг, юртнинг номусининг топталиши ана шундай инсонлар қалбида мардлик туйғусини уйғотади. Жалолиддин Мангуберди шу маънода Ватанга, халқига фидойи шахс эди. Бу ҳақда Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий юқорида эслатганимиз асарида мўғулларга қарши курашда Парвон жанги билан боғлиқ воқеаларни тасвирлар экан шундай ёзади: “У Тўлихон (мўғул лашкарбошиси) марказига отилиб кирди, уларнинг жанговар сафларини бузиб ташлади, ёғий байроғини отлар туёқлари остига итқитди. Уни ўз сафини ташлаб орқага қочишга мажбур қилди. Шундан кейин мўғуллар қиличларга нишон бўлди. Мардлик отига минган Жалолиддин душманлардан қанчасининг бошини танасидан жудо қилди. Бошқача бўлиши мумкинмиди? Ахир улар унга, отасига, укаларига, яқинларига, ҳимоячиларига, давлатига, халқига, Ватанига қанча беҳисоб азоблар берди”. Бошқача айтганда, Жалолиддин Мангуберди ҳам маънан, ҳам жисмонан мардлик, жасурлик руҳида тарбия топган ва шундай инсон сифатида шаклланган эди. У қалбидаги мардонавор қудратни, улуғвор шижоатни мўғулларга қарши курашда, номуси топталган элнинг, юртнинг ҳимоясида намоён қилди.

Тарихий асарларда Жалолиддин Мангубердининг турфа инсоний сифатлари — ҳақгўйлиги, адолатпарварлиги, халқпарварлиги ва бошқа хусусиятлари эътироф қилинган. Эътибор беринг, у бирор-бир мамлакат ёки ўлкага уруш яловини кўтариб борган эмас. Аксинча, турли мамлакатлар ҳукмдорлари билан дўстона ҳамкорликлар ўрнатишга, мўғулларга қарши курашда ягона иттифоқ юзага келтиришга ҳаракат қилган. Афсуски, ўша мамлакатлар ҳукмдорлари унга қарши қилич яланғочлаб чиқган. Оқибатда Ҳиндистондаги раналар, Шамсиддин Элтутмиш, Қубача, Бағдод халифаси, Грузия маликаси, Қўниё султонлари, Озарбайжон маликлари, Аламут ҳукмдорлари ўзлари бошлаган урушнинг мағлубларига айланган. Султон Жалолиддиннинг адолатпарварлиги давлатни бошқариш жараёнида ҳам намоён бўлади. Муаррих Журжоний ёзишича, Жалолиддиннинг укаси Ғиёсиддин Пиршоҳ Эрону Ироқда ҳукмдорлик пайтида ўғрилик, талончилик ниҳоятда авж олади. Жалолиддин бу ерга келиб, ҳукмронлигини ўрнатгач бундай ярамас иллатлар бутунлай бартараф этилади.

Тарихчи Рашидиддин бир ўринда шундай воқеани келтиради: 1228 йилнинг қишида Султон бир ой давомида Хой шаҳрида туради. Шу ерда у амирларнинг узлуксиз талон-тарожлари ва бойликларни мусодара қилишлари натижасида аҳолининг оғир аҳволга тушиб қолганлигини кўради. Худди шундай ҳол Ганжада ҳам давом этаётганлигидан воқиф бўлади. Султон Ганжада отларни ем ва одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш имконияти йўқлигини билгач, ўша жойдаги дон сақланадиган омборларни очишга буйруқ беради. Бу ердаги донларни новвойхона ва отхоналарга беришни буюради. Хой ва Ганжа аҳолисини уч йиллик хирождан озод этади. Насавий асарида эса яна бир воқеа ҳикоя қилинади: Султон рамазон ойида Табризда туради ва рўза тутади. У саройига минбар ўрнаттиради ва турли вилоятлардан бу ерга келган энг ҳурматли ўттизта уламони номма-ном танлаб, ваъз ўқишга тайинлайди. Улардан ҳар бири бир кундан ваъз ўқийди. Бу пайтда Султон минбар яқинидаги тахтида ўтирган. У ваъз ўқиш асносида дунёвий ишлардан сўзлаб, ҳақиқатни айтганларга миннатдорлик билдирган, аксинча, ўзини ҳаддан ошиқ мақтаб, ҳақиқатни хаспўшлайдиганларга танбеҳ бериб, даргоҳидан қувдиртирган. Бу тарихий маълумотлар унинг ҳар жиҳатдан етук, закий шахс бўлганлигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам турли халқлар Жалолиддинни ҳақиқатпарвар, адолатпарвар султон, ўзларини мўғуллар зулмидан халос этувчи қудратли ҳукмдор деб билганлар.

Тарихий битикларда Султон Жалолиддин Мангуберди фаолиятининг турли қирралари, жумладан, унинг бунёдкорлик ишлари тўғрисида ҳам баъзи маълумотлар ўрин олган. Масалан, Жалолиддин Ҳиндистонда Дамрил ва Давол шаҳарлари ўртасида барпо эттирган қароргоҳ катта қалъадан иборат бўлган. Дамрилда бузилган ибодатхона ўрнида катта масжид қурдирган. Табризда эса катта сарой ва сарой олдида айвон тиклатади. Исфахонда отаси хотирасига бағишлаб қурдирган иншоотлардан ташқари мўғуллар томонидан вайрон қилинган Байлакон, Ардобил, Руиндоз, Муқон, Барда, Мароға, Суқмонобод, Ферузобод каби шаҳарлар ва қалъаларни қайта барпо эттиради. Озарбайжон ва унга туташ вилоятларда “Султонжўй”, “Фахрий”, “Низомий”, “Шарафий” каби каналлар қаздиради. У ўша даврда бундай кўплаб бунёдкорлик ишларини амалга оширади.

Умуман, сўнгги хоразмшоҳ Султон Жалолиддин Мангубердининг 1221 йилдан то 1231 йилгача кечган ҳукмдорлик даври унинг мўғулларга қарши кураш, ватан ва халқини босқинчилардан халос қилиш, Ҳиндистонда, Хуросонда, Озарбайжонда Ануштегиний Хоразмшоҳлар давлатини тиклаш, уни қудратли мамлакатга айлантириш каби ишлар билан боғлиқ кечди. Унинг суврат ва сийратида олижаноблик, самимийлик, адолатпарварлик, мардлик, шижоат, дўстларга ҳурмат-эҳтиром, душманларга нафрат, ҳаётни теран англаш каби туйғулар, хусусиятлар мужассамлашган эди. У юксак инсонийлик ва беқиёс мардлик тимсоли эди. Ана шуларнинг ҳаммаси уни барча даврлар учун олижаноб инсонга ва мангулик қаҳрамонига айлантирди.

Камол МАТЁҚУБОВ


Print   Email