Ёшлар маънавияти – илм-маърифат билан юксалади ёхуд Беҳбудийнинг “Падаркуш” асарида ёшлар таълим-тарбияси масаласи

Ёшлар маънавияти – илм-маърифат билан юксалади ёхуд Беҳбудийнинг “Падаркуш” асарида ёшлар таълим-тарбияси масаласи

 

Ўтган бир аср давомида ёшларимизнинг таълим-тарбиясига ижобий томондан таъсир ўтказа оладиган, тарих зарварақларига муҳрланган пьеса, юзлаб спектакллар яратилди. Албатта, театр — ибрат уй. Мазкур санъатининг жозибаси ҳам унинг жонлилигидадир, десак хато бўлмайди. Ана шу боқий санъатнинг энг сара асарларидан бири 1914 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан яратилган “Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли” драмаси ҳисобланади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур 3 парда, 4 манзарали саҳна асарини 1911 йилда ёзиб тугатган. Пьеса илк бор ҳаваскорлар томонидан 1914 йилнинг 15 январь куни Самарқанднинг янги шаҳар қисмида намойиш этилади. Адабиётшунос олим Миён Бузрук Солиҳовнинг ёзишича: “Озарбайжонлик Алиасқар Асқаровнинг саҳнани тартибга солишда таъсири бўлган. Ҳатто бу ҳақда унинг режиссёрлик вазифасини бажарганини профессор Абдулла Авлоний сўзлаган эди”. Орадан қирқ кун ўтиб, яъни 1914 йилнинг 27 февралида Тошкентдаги Турон группаси ушбу асарни саҳнага олиб чиқиб, томошабинларга тақдим этади. Яна Миён Бузрукнинг сўзларига кўра, “Падаркуш”ни саҳнага қўйиш учун ҳозирлик 1913 йилнинг декабрь ойидан бошланган бўлиб, бу йўлда жадид муаллимларидан Абдулла Авлоний, Муҳаммаджон қори, Низом Хўжаев, Шокир Раҳимий ва бошқалар жиддий киришадилар.

Шунингдек, Ғ.Зафарий ҳам: “Бу спектаклни ўйнашда кавказлик ўртоқларимиздан Алиасқар Асқаровнинг катта ёрдами тегиб, театрни ўйнамоқ усулларини кўрсатиб, режиссёрлик қилди”, дея маълумот бергани тарихий манбаларда қайд этилган.

Шундай қилиб, 1914 йилнинг 27 февраль куни ўзбек театр санъатининг туғилиш санаси сифатида тарихга муҳрланди. Шу куни Тошкентнинг янги шаҳаридаги “Колизей” театрининг 2000 кишига мўлжалланган томошахонаси кеч соат 19:00 да томошабинлар билан лиммо-лим тўлди. Спектакль бошланишидан аввал, Мунавварқори Абдурашидхонов оташин нутқ сўзлади. Тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, “Падаркуш” пеьсасининг Тошкент труппаси томонидан саҳналаштирилиши кутилгандан кўра аълороқ натижа берганини билиб олишимиз мумкин. Бундай оламшумул воқеа ўша давр матбуотида кенг ёритилди.

1911 йилдан бошлаб, дастлабки ёзма миллий саҳна асарлари яратила бошланди. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли”, А.Самадовнинг “Маҳрамлар”, Фитратнинг “Бир фаранги билан бухоролик бир мударриснинг қилган мунозаралари” фикримизга далилдир. Булар ичида Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси ғоятда эътиборли бўлди. Асарнинг бош ғояси маърифатни тарғиб этиш бўлиб, муаллиф ўз асари жанрини “фожиа” деб атади.

Унда бир бойнинг ўқимаган боласи бузуқ йўлларга кириб, ўз отаси ўлимига сабабчи бўлгани аччиқ ҳикоя қилинган. “Падаркуш” асари ХХ аср бошларида Туркистон халқлари ҳаётининг энг долзарб муаммолари мавзуида ёзилган бўлиб, у жадидчилик мафкурасининг дастури сифатида маърифатпарварликнинг туб сиёсий ва ижтимоий мақсадини ифодалаган. Ўқимаган бола жамиятнинг олға силжишига салбий таъсир кўрсатиши ҳақидаги асаргина эмас, муаллиф бу пьесада жадидларнинг Туркистондаги ижтимоий тузум, мустамлака зулмига бўлган муносабатларини бой ва унинг ўқимаган ўғли мисолида тасвирлайди.

Чиндан ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасида маърифатпарварларнинг ижтимоий-маърифий ғоялари ўз ифодасини топган. Асарда бойнинг “бойлик турганда илм-маърифатнинг кераги йўқ” қабилида иш тутиб, ўғли Тошмуродни такасалтанг, ношуд қилиб ўстирганлиги ҳақида сўз боради. Бой илмнинг афзаллиги ҳақида гапирган домла ҳамда тараққийпарвар зиёлини жеркиб ташлайди. Воқеалар ривожи Домла билан Зиёли фикрларининг нақадар тўғрилигини тасдиқлайди. Пьесанинг якунида ўғил шериклари билан ўз отасини тунаш учун келиб, унинг ўлимига сабабчи бўлади.

Асар у қадар катта эмас, сюжети ҳам содда, бироқ муаллиф унга теран маънони сингдира олган: маърифатдан, илм нуридан йироқ бойлар, уларнинг саводсиз жамиятининг якуни шундайдир. Беҳбудий миллат болалари илмсиз бўлиб ўсишларига йўл қўймаслик кераклиги, уларни илмга интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳақида жон куйдиради. Дунёвий илмларни диний илмлар билан бир қаторда кўриш ҳам фарз, ҳам қарз деб билади.

Пьеса оммага шу қадар таъсир қилдики, кейинчалик кўпчилик бойлар илм йўлида “усули жадид” мактабларини очишда маблағларини ҳам аямадилар. Бу асар бир мактаб, ибрат вазифасини ўтади: халқни огоҳликка чақирди.

“Падаркуш” 1911 йилда ёзилиб, 1913 йилда босилиб чиққанига қарамай, мунтазам театр гуруҳлари бўлмагани оқибатида анча вақтгача саҳна юзини кўрмади. Беҳбудий бу ҳақда куйиниб шундай деб ёзган эди: “...ўйнай турғон одам йўқ, абаски, Туркистонда бекор одам йўқки, халқ учун ишласа. Ва бекор киши йўқки, театр саҳнасига чиқиб, масхарабозлик қилса. (Чунки Туркистонда театрни масхарабозликдан айирмадилар), қачонки масхарабозлик (артистлик) хизматини зиммасига олувчи ўн киши топилса ўйналур”.

Драма ҳақида кўпчилик ўз фикрида якдил эътироф этган нарса шу бўлдики, бу саҳна асари ўзбек адабиётида ва саҳна санъатида янгилик бўлиб, у мазмуни бақувват бўлган, жанр жиҳатидан янги биринчи драма эди. Спектакль уч пардадан иборат бўлиб, биринчи пардада Бой ролини Абдулла Авлоний, Домла ролини Зиёбоев, Зиёли ролини Асомиддин Хўжаев, Хайруллани Хоний; иккинчи пардада – Давлатзўр ролини Хоний, Нор Пошшохўжаев, Тангриқул ролини Шоҳиноятов, Бойваччани Бадриддин Аъламов; учинчи пардада Бой хотинни – Зиёбоев, Домла ролини — Ҳусайний жаноблари, Пристав ролини Мирзахоновлар ижро этганлари ва уларнинг сўзлари томошабинларга кучли таъсир кўрсатиб, халқ ўртасида овоза бўлгани ҳам ўша давр матбуотида чоп этилади.

Биринчи кўриниши бойнинг (бу образни Абдулла Авлоний ижро этган) серҳашам хонада, безатилган дастурхондан тановвул қилиб ўтирган ҳолатда бошланади. Бироз ўтиб бойникига Домла меҳмон бўлиб кириб келади. Суҳбат қуриб ўтирганларида бойнинг ўғли Тошмурод кириб келиб, отасидан сарф-харажатлари учун пул сўрайди. Бой ўғлининг қўлига кўп миқдордаги пулни бериб, тил учида: “Ёмон жойларга борманглар, уйга эрта қайтгин”, – деб насиҳат қилган бўлади. Бунинг гувоҳи бўлган Домла бу ҳолатдан норозилигини ифода қилиб, бунинг ўрнига болани ўқитиш, билим олишга ундаш лозимлигини сўзлайди. Илмнинг ҳосияти ва келажак учун фойдали эканини айтиб, насиҳат қилади. Лекин бой ўз мол-мулкларининг беҳисоблигини пеш қилиб, давлатманд одамларнинг болаларига ўқишга эҳтиёж йўқ, деган жавобни беради. Худди шу суҳбатга Европа русумида кийинган Зиёли кириб келади ва мунозарага аралашади. Айнан ана шу Зиёли образи спектакль ғоясининг очилишида катта аҳамият касб этади.

М.Беҳбудийнинг асар орқали ифода этмоқчи бўлган асосий фикрлари, ғояларини очишда режиссёр айнан ана шу ролдан фойдаланади. Спектаклдаги мазкур образни Низомиддин Хўжаев ижро этган. Зиёли – Н.Хўжаев бойга қарата: “Ҳозир янги ва бошқа бир замондир. Бу замонда илм ва ҳунарсиз халқнинг бойлиги ҳам қўлдан кетганидек, ахлоқ ва обрўйи ҳам қўлдан чиқар, англадингизми, бой?” – дейди. Лекин бой унинг сўзларини эшитгиси келмагани сабабли ўзини ухлаганга солади.

А.Авлоний ушбу саҳнада жуда ҳаётийлик ва бадиийлик мезонларини керакли миқдорда ишлатишга эришади. Яъни, сўзларида бироз бўрттириш, хурракни қаттиқ тортиши бироз муболағавий бўлса-да, бу бўрттириш томошабинга тезроқ етиб бориши учун ишлатилганини билиш қийин эмас. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, ўша даврда, яъни ҳали халқ оммаси деярли саводсиз, анчагина оми бўлгани ва ҳали Европа типидаги театр санъати борасида умуман тушунчага эга бўлмаган омма учун бундан бошқа услуб, ўта реалистик ижро тўғри келмас эди. Шу сабабли баъзи ўринларда ана шундай бўртириш усулидан фойдаланиш давр талаби эди, десак муболаға бўлмайди.

Спектаклнинг иккинчи саҳнаси ифода воситалари ёрдамида ўта фожиали тарзда тасвирланган. Бу саҳнада бойнинг ўғли Тошмурод отасининг берган пуллари ҳар қанча кўп бўлса ҳам унинг кайфу сафосига етмагани сабабли жиноятчига айланиши ҳикоя қилинади. Қаҳвахонада ичкилик ичиб, маст-алас, такасалтанг ўсмирлар Тошмуродга ўз отасининг пулини ўғирлашни маслаҳат берадилар.

Қаҳвахона кўринишидан сўнг воқеалар бойнинг ҳовлисига кўчади. Бой супада хуррак отиб ухлаб ётибди. Бу ҳолатни Абдулла Авлоний жуда ишонарли ижро этади. Тошмурод – Бадриддин Аъламов уйга пусиб кириб, Тангриқулга уй эшигини очиб беради. Тангриқул ролини Шоҳ Иноятов ижро этган. У қўлида калит, ҳар эҳтимолга қарши темир асбоб ва пичоқ билан қуролланган. У аста юриб бориб, сандиқни буза бошлайди. Шу пайт бой уйқудан уйғониб, дод сола бошлайди. Қўлига таёқни олиб Тангриқулга ташланади. Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган Тошмурод билан Тангриқул олишиш жараёнида уни пичоқлаб қўяди. Улар пулни оладилар ва Тошмурод отасини шу аҳволида ташлаб қаҳвахонага шошилади.

Ана шундай саҳнани ва кечаётган воқеаларни кўрган томошабин фарзанди томонидан ўлдирилган бойнинг аҳволига ачинмайди, балки бу воқеанинг сабабчиси унинг ўзи эканини англаб eтади.

Воқеалар ривожи кейинги саҳнада яна ҳам тезкор суръатда ўсиб боради. Қаҳвахона кўриниши намоён бўлиб, у ерда маишатга берилган бир тўда ўсмир ёшлар, жумладан Давлат, Нор ва улар билан нопок хатти-ҳаракатлар қилиб турган ярим яланғоч рус қизи Лизанинг шармандали аҳволи намоён бўлади. Шу пайт шошилганча Тангриқул ва Тошмурод кириб келади. Қўлларидаги тўппонча ва қонга бўялган пичоқни бир чеккага улоқтириб яна маишатни давом эттиришга киришишади. Ичкиликбозлик, кулгу ва қийқириқлар авжига чиқади.

Саҳна асарида бир тўда бойваччалар, қаҳвахона хўжайини Артур ва Лизанинг ўта паст, тубан кимсалар экани ёрқин очиб берилган. Ана шундай жазавага тушган тўда полиция томонидан қўлга олинади.

Асар муаллифи Маҳмудхўжа Беҳбудий ва спектакль ижодкорлари ўша даврнинг бир қатор катта муаммоларини кўтариб чиққанлар. Шулардан бири Туркистонни мустамлакага айлантирганлар таъсирида ёмон иллатлар ҳам кириб келгани кўрсатиб берилган.

Ўша давр матбуотига асосланган ҳолда тўла ишонч билан айтамизки, спектакль жуда катта муваффақият қозонди. “Ойина” журналининг 1914 йил 22 март сонида Фузоил Жонибоевнинг “Тошкентда миллий театр” номли мақоласи эълон қилинади. Унда актёрлар ўз ролларини муваффақиятли ижро этганлари, айниқса, А.Авлоний ижросидаги бой образи тўлақонли гавдалантирилгани таъкидлаб ўтилади. Шунингдек, “Туркистон вилояти газетаси” ҳам спектаклга муносиб баҳо беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Падаркуш” асари ҳозирги кунда ҳам ёшларимизнинг таълим-тарбияси, маънавий-маърифий аҳамияти ва долзарблиги ўзининг аҳамиятини йўқотган эмас. Унинг тарғиботи, ёшларимизга фақат ва фақат ижобий таъсир кўрсатади.

Лутфулло АБДУЛҚОДИРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA”

кафедраси тадқиқотчиси

 


Print   Email