Дабусийнинг илмий жасорати

Дабусийнинг илмий жасорати

Буюк аждодларимиз

Қадимшуносларнинг билдиришича, Бухоро ҳанафия мазҳаби илмий марказининг вужудга келиши мусулмон оламида улуғ аллома саналган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди, буюк фақиҳ Абу Ҳафс Кабир ва у тарбиялаб етиштирган олимлар билан боғлиқ бўлса, Самарқанд илмий марказига асос солинишида Имом ад Доримий, Абу Мансур Мотуридий, Имом ал Бухорийнинг хизматлари катта бўлди.

Бу икки илмий марказдан ислом оламида машҳур бўлган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Улар ичидан Абу Ҳафс Кабир Ўрта Осиёда фиқҳ илмига асос солди, Имом Бухорий ҳадис илмининг султони даражасига етди, Абу Мансур Мотуридий калом мактабини яратди, Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ илмининг қонунларини ҳужжатлаштириб берди, Абу Бакр Колободий тасаввуфнинг илмий асосларини ишлаб чиқди.

Шу даврда ҳар икки илмий марказнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган улуғ алломалардан бири буюк фақиҳ, ватандошимиз Абу Зайд Дабусий бўлди.

Унинг номи тарихий асарларда Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ал-Қозий ад-Дабусий деб келтирилади. Исмидаги Абу Зайд Убайдулло алломанинг куняси ва номини англатса, Дабусий унинг туғилган жойи маъносини билдиради. Муаррихлар қадимий битикларида у туғилган жой Дабусияни гоҳ қишлоқ, гоҳ қалъа, гоҳ шаҳар деб тилга оладилар. Абу Бакр Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” асарида: “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Ҳарқонруд, Вардона, Тарновча, Сафна ва Исвона ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд эди. Дабусий катта қалъа бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар”, деб маълумот беради.

Бошқа бир муаррих Ийсо ибн Мусо Абу Аҳмад Бухорий Ғунжор “Бухоро тарихи” асарида “Дабусия ўз аркига, шаҳристони ва работларига эга, ўнлаб мадрасалари мавжуд илм шаҳри эди”, деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари оралиғида, Пахтачи тумани ҳудудида, Зарафшон дарёси соҳилида жойлашган Дабусиянинг 160 гектардан ошиқ харобалари унинг қадимда ниҳоятда улуғвор шаҳар бўлганини кўрсатади. Бўлғуси аллома ана шу шаҳарда ҳижрий 367, милодий 978 йилда дунёга келади. Дастлабки таълимни Дабусиядаги илм даргоҳларида олади. Кейин таҳсилни Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида давом эттиради. Фиқҳ илмини мукаммал ўрганади. Бу борада у икки буюк фақиҳ — Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Жаъфар ибн Абдулло Уструшоний ўзига устозлик қилганини алоҳида эҳтиром билан эътироф этади.

Абу Зайд Дабусий ислом оламида фиқҳ, усул, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича ниҳоятда иқтидорли аллома сифатида улуғланган. У илмнинг бу соҳаларида кўплаб асарлар яратиш билан чекланиб қолмади. Фаннинг янги тармоқларини, йўналишларини кашф қилди, фиқҳ илмини янада юксак даражага кўтарди. Шунинг учун унинг илмий иқтидори, салоҳияти барча даврларда кўплаб олимлар томонидан тан олинган. Тарихчиларнинг “Вафоёт ул-аъён”, “Тож ут-тарожим”, “Жавоҳир ул-музия”, “Фавоид ул-баҳия” каби асарларида келтирилишича, у ҳар доим Бухоро, Самарқанд, Дабусия шаҳарларида машҳур ва таниқли олимлар билан фаннинг турли соҳаларида мунозаралар ўтказган, бу баҳсларда ғолиб бўлган.

Дабусий фиқҳ соҳасида илмий йўналишдан ташқари амалий фаолият билан ҳам шуғулланган. Бухорода қозилик қилган. Мусулмон оламида машҳур бўлган Бухоронинг етти қозиси (қуззоти сабъа)дан бири ҳисобланган. Ҳанафия мазҳабидаги фақиҳлар Дабусийни нафақат қуззоти сабъанинг вакили, балки унинг раиси деб улуғлаганлар. Шу сабабли алломанинг номига “ал-Қозий” нисбаси доимо қўшиб айтилган. Бу ном унинг шахсига нисбатан эҳтиромни билдирган.

Алломанинг ўнта асари ҳақида маълумот етиб келган. Уларнинг аксарияти фиқҳ илмига — ислом қонуншунослигига бағишланган. Булар орасида “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”), “Тақвим ул-адилла” (“Далилларни  баҳолаш”), “Китоб ул-асрор фил-усул вал-фуруъ” (“Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб”), “Ал-амад ул-ақсо” (“Энг олис мақсад”) асарлари алоҳида ажралиб туради. Уларнинг нодир қўлёзмалари дунёнинг турли кутубхоналари хазиналарида сақланиб қолган. Улардан иккитаси — “Таъсис ун-назар” ва “Тақвим ул-адилла” бугунги кунда мукаммал ҳолда нашр қилинган. Қолган икки асарининг айрим қисмлари чоп этилган.

Булардан ташқари, алломанинг “Хизонат ал-ҳудо” (“Ҳидоят хазинаси”), “Шарҳ “Ал-Жомиъ ал-Кабийр” (“Жомиъ ал-кабир”нинг шарҳи”), “Ал-анвор фи усул ил-фиқҳ” (“Фиқҳ асосларини очувчи нурлар”), “Ан-нузум фил-фатово” (“Фатволардаги тартиб-қоидалар”), “Тажнис уд-Дабусий” (“Дабусийнинг тартиб ва таснифи”), “Ат-таълиқа” (“Ҳошия”) каби асарлари номлари турли манбаларда кўрсатилган, лекин қўлёзмалари шу пайтгача топилмаган. Шу билан бирга, унинг мунозара ва тасаввуф илмига оид асарлари бўлганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Аммо ҳозирча бу асарларнинг номи ҳам, ўзи ҳам мавжуд эмас. Шунга қарамай, мавжуд асарларнинг ўзи алломанинг илм-фан оламидаги нуфузи юксак бўлганидан далолат беради.

Абу Зайд Дабусий Ўрта Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос янги илмий асослари ва теран фалсафий тафаккури билан шуҳрат қозонган аллома ҳисобланади. У асарлари орқали фаннинг усул ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик асослари), илм ул-хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик), фуруъ ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик тармоқлари) ва тасаввуф илми соҳаларида катта янгиликлар яратди. Аллома “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”) асарида ҳуқуқшуносликнинг ўзига қадар ўрганилмаган “илм ул-хилоф” (қиёсий ҳуқуқшунослик) деб аталган қисми хусусида сўз юритади. У асарида бир ҳуқуқий масала ёки муаммони ўртага ташлайди. Уни ҳал қилишда фақиҳлар турли фикрлар, ғояларга асосланганини кўрсатиб беради. Натижада бир ҳуқуқий муаммони ҳал қилишда кўплаб фақиҳлар, турли фиқҳий мактаблар вакиллари, ҳар хил мазҳаблар алломалари ўртасида бир-биридан фарқ қилувчи қарашлар, ихтилофлар юзага келганини аниқлайди.

Аллома ихтилофли масалаларни 8 қисмга ажратади. Фиқҳий масалалар юзасидан келиб чиққан ихтилофларни, қарама-қаршиликларни 84 та умумий қоида асосида тартибга солади. Ҳар бир қоидани амалий масалалар билан изоҳлайди. Бошқача айтганда, у илм ул-хилоф(қиёсий ҳуқуқшунослик)нинг илмий назариясини ишлаб чиқди ва бу фаннинг асосчисига айланди. Абу Зайд Дабусийдан кейин фиқҳ соҳасида хилоф илмидан алломалар ниҳоятда кўп фойдаланган. Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарини яратишда уни ўзига асос қилиб олганини эҳтиром билан ёзади. Қиёсий ҳуқуқшунослик дунё илмида ХХ асрнинг иккинчи ярмига келганда, алоҳида фан сифатида ривож топди. Буларнинг бари ватандошимиз бўлган улуғ алломанинг минг йиллар илгари яратган илмий назариясининг ҳаётбахшлигини кўрсатади.

Унинг фиқҳ илмидаги яна бир муҳим кашфиёти “усул ул-фиқҳ” (ҳуқуқшунослик асослари) соҳасида ишлаб чиққан янги илмий йўналиш билан боғлиқ эди. Шариатда қонунлар исломнинг асоси бўлган Қуръони карим, ҳадислар, фатволар ва бошқа манбалардан мантиқий ҳукмлар чиқариб олиш натижасида белгиланган. Бу фиқҳ илмида нақлий ривоятлар асосида ҳукм чиқариш деб аталган. Усул илми ана шундай ҳукмлар чиқариш учун асос, метод вазифасини бажарган. Абу Зайд Дабусий эса ҳукм чиқаришда нақлий ривоятлар билан бирга, ақлий ривоятлардан ҳам фойдаланиш йўлларини яратган. Яъни ҳар бир ҳукмни исломий манбалардан ташқари ҳаётда рўй берган воқеа-ҳодисалар, муаммолар моҳиятини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш орқали чиқаришга эришган. Бу усул илмини, ҳуқуқшунослик асосларини бойитишга, уни янгилашга, ислом қонунларини эса ҳаётий асосда мукаммаллаштиришга хизмат қилган.

Шу билан бирга, аллома фиқҳ илмига қиёс усулини, қонунларни ва қонунлар учун асос бўлган воқеликларни қиёсий ўрганиш жараёнини ҳам олиб кирди. Натижада илм ул-хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик)ни усул ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик асослари)нинг бир қисми деб белгилади. “Тақвим ул-адилла” асарида қиёс усулининг имкониятларини, унга оид барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидаларни изоҳлаб берди. Алломанинг бу илмий фикри нафақат усул илми ривожида туб бурилиш ясади, балки ўз даври учун илмий жасорат ҳам эди.

Шу боис, араб алломаси Ибн Халдун: “Ҳанафий имомларидан Абу Зайд Дабусий қиёс бўйича барчадан кўра, кенг кўламли асарлар яратди, бу илмга тегишли бўлган барча баҳс-мунозараларга якун ясади. Шу йўсинда усул ул-фиқҳ илми мукаммал даражага кўтарилди, унга тегишли масалалар  ечимини топди, қоидалар тартибга келтирилди. Аллома мусулмон оламида фиқҳ илми пешқадамларидан бирига айланди”, деб ёзган эди.

Кейинги давр алломаларининг барчаси Дабусийнинг усул илмидан фойдаланган ҳолда асарлар яратдилар. ХХ аср тадқиқотчиси Броккельманнинг фикрича, эндиликда дунё ҳуқуқшунослиги ривожи асосида ҳам аллома кашф этган усул илми қоидалари муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Даврлар ўтиши билан ислом динида турли фирқалар, мазҳаблар юзага келган. Улар вакилларининг қарашларида ҳар хилликлар, ҳатто ўзаро зиддиятлар, ихтилофлар пайдо бўлган. Жумладан, исломий илмлар — ҳадис, калом, тафсир, усул ул-хилоф, усул ул-фиқҳ ва бошқа шу каби соҳаларда яратилган асарларга фирқалар, мазҳаблар нуқтаи назаридан баҳо берилган. Яъни бирор аллома ҳанафия мазҳаби вакили бўлса, унинг асари ҳанафийлар томонидан улуғланган, шофиъйлар, моликийлар томонидан эса тан олинмаган ёки бу асар танқид қилинган.

Ислом оламида камдан-кам алломаларнинг асарлари барча мазҳаблар вакиллари эътирофига сазовор бўлган. Ана шулардан бири Абу Зайд Дабусий эди. Аллома меросининг тадқиқотчилари унинг асарлари барча мазҳаб вакиллари учун доимий қўлланма вазифасини ўтаганини таъкидлайдилар. Хусусан, шофиъий мазҳаби вакили аллома Абдулкарим ас-Самъоний  Дабусийни ўзига устоз деб қарайди. Унинг “Тақвим ул-адилла” асаридан фойдаланиб, “Қавотиъ ул-адилла” (“Қатъий далиллар”) асарини яратади.

Алломанинг “Китоб ул-асрор филусул вал-фуруъ” асари Испаниянинг Андалусия ҳудудларигача етиб борган, андалусиялик тасаввуф олими Ибн ал-Арабий Бағдод шаҳрига келиб, Дабусийнинг асарларидан нусха кўчириб, Шимолий Африка — Мағриб мамлакатларига олиб бориб тарқатгани унинг ислом оламида машҳурлигидан далолат беради. Ёхуд араб файласуфи Ибн Рушд асарларида Дабусийнинг илмий ғоялари таъсири яққол намоён бўлади. Унинг асарлари деярли барча мазҳаблар вакиллари томонидан шарҳланган. Буларнинг бари улуғ аждодимизнинг мусулмон дунёсида аллома сифатидаги нуфузини кўрсатади.

Тарихий битикларда буюк алломанинг 1039 йилда ҳаётдан кўз юмгани ва Бухорода имом Абу Бакр Тархон мақбараси яқинида дафн этилгани ҳақида маълумот берилади. Ўша даврда алломанинг вафоти илм аҳли ўртасида ниҳоятда катта йўқотиш деб баҳоланган. Тадқиқотчи Халил ал-Малиснинг ёзишича, Абу Зайд Дабусийнинг “Тақвим ул-адилла” асари қўлёзмаларидан бирининг ҳошиясида аллома вафоти муносабати билан Абу Али ибн Синонинг унга бағишлаб битган марсияси сақланиб қолган, дейилади. Араб тилида битилган мазкур марсияда: “Агар бутун коинот кўксини йиртиб, қўллари билан юзига уриб, қон йиғлаб мотам тутган кишидек тасаввур қилинса ҳам Қози Абу Зайдга муносиб аза тутиш ҳаққи адо қилинмаган бўларди”, деган фикр билдирилган.

Аммо бу маълумотда бироз сохталик бор. Ибн Сино 1037 йилда вафот этган. Абу Зайд Дабусий эса 1039 йилда ҳаётдан кўз юмган. Демак, бу марсияни Ибн Синога нисбат бериб бўлмайди. Лекин бу марсияда алломага бундай юксак эҳтиромнинг ифодаланиши улуғ ватандошимиз, фиқҳ илмининг султони Абу Зайд Дабусийнинг илм-фан оламидаги хизматлари беқиёс эканини кўрсатади. Унинг илмий меросини тадқиқ этиш, ўрганиш, аллома хотирасини абадийлаштириш келгуси авлодлар учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади.

Камол МАТЁҚУБОВ


Print   Email