Адабиёт – халқнинг юраги

Адабиёт – халқнинг юраги

Муборак Рамазон ойининг охирларида мамлакатимиз маданий ҳаётида яна бир муҳим воқеа юз берди — шаҳри азим Тошкентимизнинг қоқ марказида, Алишер Навоий номидаги Миллий боққа туташ Адиблар хиёбонида жами 24 ҳайкал — монумент жойлашган сўлим бир сайилгоҳнинг очилиш тадбири бўлди. Авжи баҳорнинг хушҳаво насими эсиб, дов-дарахт узра қушлар чаҳ-чаҳи билан шаббода кўнгилларга ҳузур бағишлаб турган паллада Президентимиз ташриф буюриб, бир гуруҳ ижод аҳли ва олий ўқув даргоҳлари раҳбарлари билан дилкаш суҳбат қурди.

Суҳбатнинг бош мавзуси адабиёт, соҳир сўз усталари ҳаёти ва ижоди, маънавият, маърифат масалалари хусусида бўлди. “Қандай қилсакки, бадиий адабиёт, китоб, китобхонлик мамлакатнинг, айниқса, ёш авлоднинг ҳаёт мазмуни, зиёлилик манбаи ва омилига айланса, ўзбек йигит-қизининг юраги адабиёт билан тепса, қони бадиий мутолаадан жўш урса, Ватан туйғуси, миллат дарду ташвиши умру жонининг бир узвига, таркибига айланса, ўзининг Ўзбекистонга дахлдор эканидан қувонса, ифтихор туйса, “Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан” дея мудом қўшиқ куйласа...”. Давлатимиз раҳбари назаран шу ўйларда “Адабиёт — халқнинг юраги” деган ёмби иборани бот-бот таъкидлаб айтди.

Ҳа, ижод аҳли учун, айниқса, умрини қўлида қалам тутиб, қоғозга мук тушганча ўтказадиган заҳматкашлар учун бу ибора “бахт” ҳам, “ёмби” ҳамдир.

“Бахт” экани шуки, ниҳоят, бутун бир давлатнинг раҳбари нафақат маиший ҳаётда, балки ижтимоий, сиёсий, иқтисодий турмушнинг мужассамлиги негизида бадиий адабиёт туришини, инсоннинг руҳий қудрати ва қуввати адабиёт ва санъат туфайли эканини шунчаки бадиият ишқибози сифатида эмас, балки айнан 34 (ўттиз тўрт) миллионли улкан мамлакатнинг сиёсий раҳнамоси сифатида эътироф этяпти.

“Ёмби” экани эса бугун бутун олам виртуал дунёнинг қулига айланиб, туғилмоқ, улғаймоқ, севиб-севилмоқ, оила, фарзанду набира, эваралар кўриб, пиру бадавлат бўлмоқ неъматларини қўйиб, кафтдек рўёга маҳлиё бўлиб қолаётган замонда дунёда адабиёт-санъат деган мўъжиза, китоб деган мисли йўқ кашфиёт борлигини баралла айтиб, жумлаи жаҳонни шунга чорлаётгани, ўсиб келаётган наслларни шу хазинадан баҳраманд айлаб, маънан, фақатгина фикран эмас, айнан руҳан бойитишга интилаётганидадир.

Энг муҳими, уч ярим йил ростмана тўляптики, адабиётга эътибор бирикки марталик иноят ёки недандир мутаассирлик натижасидаги олий ҳиммат эмас, узлуксиз ҳалқасимон ҳаракат сифатида муттасил давом этгувчи давлат ижтимоий-маънавий сиёсати сифатида бардавом бўляпти. Буни энди жамиятшунос олимларимиз илмий-амалий негиздаги доимий ўсиб бораётган жараён ўлароқ баҳолаб, босқич ва даврларга таснифлаб ўрганмоқлари тақозо этилмоқда. Дарҳақиқат, адабий сиёсат борасида ҳеч бир мафкуравий мажбуриятлар юкламай, қалам аҳлига пойтахт марказида махсус бино қуриб берилиши, аввалроқ ижодкорларнинг меҳнатини, уйжой шароитини, ижтимоий ҳимоясини, даволаниш, дам олиш ва махсус ижод билан шуғулланиш имкониятларини яратиб бериш, китобларини чоп этиш, ёш истеъдодларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби қатор ишлар агар таснифланса, яхлит бир босқични ташкил этади.

Эндиликда эса мамлакатимизнинг адабиёт сиёсатида кейинги босқич ривожланиш жараёни таъмин этилмоқдаки, бу бевосита Адиблар хиёбонининг барпо этилиши ва унда тикланган 24 ижодкор бадиий ёдгорликларининг пойтахт олий ўқув юртларига бириктирилиб, ижтимоий эгалик муносабатлари асосида муайян адиб ҳаёти ва ижодини замонавий ёндашувлар бўйича ўрганиш, тарғиб этиш, оммалаштиришни назарда тутади.

Асли шу ёндашувнинг ўзи бадиий адабиёт тарғиботида муқобили кузатилмаган ўзига хос оригинал инновацион янгилик. Бу янгиликнинг жорий этилиши, умуман, адабиётнинг ҳар қандай таълим-тарбиянинг асоси сифатида мавқеини кучайтиради, турли соҳалар бўйича профессионал тайёргарликни адабиёт негизидаги маънавий тарбия, ватанпарварлик ва миллатсеварлик тушунчалари билан уйғунлаштириб, ҳиссий-ахлоқий кўникмаларни мустаҳкамлайди. Бу янгиликнинг муваффақиятли қўлланиши мамлакатнинг ҳар томонлама баркамол кадрлар потенциали шаклланишига хизмат қилади. Пировардида биз ватанпарвар шифокор, миллатсевар ҳуқуқшунос, маънавий баркамол муҳандис, ҳимматли тадбиркор, иқтисодчи, ўқитувчи ва ҳоказо натижага эришамиз.

Нафақат муайян адиб бириктирилган олий ўқув юрти, балки мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларига дастлабки курсларда “Ўзбек адабиёти” фанининг жорий этилиши ва бунда педагогларнинг маҳоратига кўра, ўша олийгоҳ мутахассислигига мувофиқ ёки яқин адабий-бадиий мазмундаги асарларининг тизимли равишда сингдирилиши том маънодаги муваффақият гарови бўлади. Физика соҳасида Россия Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик Игорь Моисеев таъкидлаганидек, “ҳар қандай фундаментал илмнинг негизида бадиий адабиёт пойдевори бўлмоғи керак”. Зеро, бадиий асар илк бор қўлига китоб ушлаган боланинг тасаввурини шакллантиради, унда хаёлот ва орзуни уйғотади, ўзи белгилаган соҳада ижодкорлик кайфиятига туртки беради. Шу тариқа буюк кашфиётлар, ижодий парвозлар содир бўлади. Бу эса тараққиётнинг, инсон камолотининг омили, табиат ва жамиятларни ҳаракатга келтирадиган қудрат касб этишнинг йўли. Шахслар, даҳолар шу тахлит туғилади ва биз ўшалар яшаган замонда яшаганимиз ёки ўшалар мансуб миллатга мансублигимиз, ўша замонда, ўлкада таваллуд топганимиз билан, умуман, не бир дахлдорлигимиз билан қалбда ғурур ҳис этамиз, ифтихор қиламиз. Шу билан бирга, яна бир нарса муҳимки, адабиёт бизда нафақат бадиий, балки, умуман, дидни тарбиялайди, ҳиссиёт оламини бойитади, муносабатлар маданиятини пайдо қилади. Гап-сўз, муомала, юриш-туриш, кийиниш, қўйингки, жамият ва табиатга қарашларни тиниқлаштиради, аниқлаштиради. Шунинг учун адабиёт фани дастлаб ўқитила бошлаганидан инсонда ҳиссиёт, туйғулар тарбиясига асосий эътиборни қаратмоқ шарт. Гўзаллик туйғуси, ўзга бировни ҳис қилиш, тушуниш, дилдошлик, самимиятни уйғотиши лозим.

Туйғулар тарбияси кейинги босқичда фикр ва ахлоқ тарбиясига омил бўлади ва жараён табиий йўсинда юксалиб боради. Мана, халқимиз Адиблар хиёбонини барпо этиш орқали қай мақсадларга йўлланяпти. Фикри ожизимизча, бундан кўра мақбул ва манзур йўл бўлмаса керак. Шу йўл мустаҳкам эътиқодга ва эзгуликка, Ватан ва оилага бошлайдиган йўл ҳамдир.

Мамлакатимиз раҳбари билан бўлган суҳбат асносида камина яна кўп ўйларга бордим...

Қизиқ, Чўлпон “Адабиёт яшаса — миллат яшайди”, деган эди. Агар шу ҳикмат “чунки” боғловчиси қўшиб Президентимиз фикри билан боғланса, яхлит мантиқий хулоса — чўнг бир тушунча пайдо бўлади, яъни “Адабиёт яшаса, миллат яшайди, чунки адабиёт халқнинг, миллатнинг юрагидир!” Мана қарашлар вобасталигида муштараклик кашф этган тушунча, қайд этганимиздек, “ёмби” тушунча.

Шу тушунчага улгу берган зот, ҳеч кутилмаганда, ўйчан бир “шарҳи ҳол” айтди ва кўпчиликни, шахсан каминани ҳам ғалат бир кайфиятга чорлади: “Менинг армонларим бор...”

Одатда илоҳий шоирона сомеъ ҳолатлар кишининг ўз ички оламини, хотира бисотини муттасил тафтиш этмоққа чорлайверади. Ўзидан қониқмаслик, не бир бўлиб ўтган воқеалардан таассуф, норозилик, ушалмаган ниятлар, режалар инсонда армон ҳиссини уйғотади. Шу маънода армон билан яшаётган одам, муттасил фикрлаётган, не бир чорасизликка чора истаётган, қўлида чироқ тутиб, барча қоронғу пучмоқларни ёритмоққа чоғланган инсон — йўлбошчи, дарға таассуротини беради. Юрт раҳнамосидан “армонларим бор” жумласини эшитиш каминада шахсан қаршимдаги инсоннинг қалби ва фикратида кечаётган ғалаёнларни ҳис этиш туйғусини қўзғади, хаёлларга бесаранжомлик, тараддуд солиб, беихтиёр: “Ия, суҳбатдошимиз ҳар қанча олий зот, юксак рутба эгаси бўлмасин, инжа — нозик қалб, шоирона кайфият соҳиби ҳам экан-ку, асли мана бу издиҳом, ўзбаки бадиий, шеърий лафз султону пешволарига эҳтиром илдизлари шундан экан-ку?!” деган фикр чақнади хаёлда. Суҳбатдошимизни теранроқ тушунишга, қалбига қулоқ тутишга, юракдаги армонларни англашга иштиёқ уйғотди. Бадиий адабиётга, нафис санъатга дилдан, самимий ошуфталик, армон ҳисси, не бир маънавий қарздорлик туйғуси пировардида бутун бир миллат адабиёти равнақи учун хизмат қилишга, адабиётни, инжа туйғуларни ҳар қандай касбу кор эгасининг маънавияти асосига айлантиришга даъват этмоқда. Ва бу, ўз навбатида, шу юртнинг жами фуқароси уйғоқ қалб билан, иймон, эътиқод билан яшасин, шунда у бирбирини тушунади, биродарлигини ҳис қилади, қўлни-қўлга беради, бир қавм-бир юрт одами ўлароқ, Ватан равнақига хизмат қилади, деган буюк орзуни рўёбга чиқаради. Назаран, давлат раҳбарининг самимий дил изҳори-армонлари моҳиятида айнан шу некбин тилак ётганини ҳис этдик. Биз ва бу ҳиссиёт Адиблар хиёбонидан сўнг Республика болалар миллий тиббиёт марказига борганимизда ўзининг тўла тасдиғини топди.

Болалар миллий тиббиёт марказида кўрган, кузатган, гувоҳи бўлганимиз воқелик, шифокору ҳамширалар билан мамлакатимиз Президентининг ниҳоятда самимий суҳбатлари, савол-жавобларидан бир ҳақиқат яққол англашилди: “Ўзбекистон заминида туғилган бирорта бола нобуд бўлмаслиги, майиб-мажруҳ, ногирон бўлмаслиги керак”.

Яқин ўтмишда болалар ўлими бўйича энг ёмон аҳволда бўлган Ўзбекистон ўзининг туғилибоқ, бўғилган полапонлари-гўдаклари билан қанча орзу-тилакларини кўмди, умидлари сўнди, мусибат, аламу армонлар исканжасида қолди. Энди, юрт истиқлолга эришиб, халқ мустақил бўлгандан кейин ҳам ўша аҳвол давом этса, биз шу замин фарзандлари бўла туриб, ўз элимизнинг кушандаси, ноқобил, худбин кимсаларига айланамиз. Буни на Яратган ва на насллар асло кечирмайди. Аламу армон ҳаётимизнинг бешафқат эговига айланади.

Ўша куни замонавий дунё илм-фанининг энг юксак талаблари асосида қуриб жиҳозланган болалар миллий тиббиёт маркази давлатимиз раҳбари қалбидаги яна бир аламли армоннинг ушалиши бўлди. Демакки, миллат, халқнинг армонлари ушалмоқда. Беихтиёр буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг машҳур даъвати хаёлимга келди: “Авлодларим, миллат дардларига дармон истангиз!”.

Шуҳрат Ризаев


Print   Email