Буюк мутафаккир, тарбиячи, ислоҳотчи ва жамоат арбоби

Буюк мутафаккир, тарбиячи, ислоҳотчи ва жамоат арбоби

Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир.

Абдурауф ФИТРАТ

“Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”. Шундай инсонлар бўладики, ўз ҳаётини, илмини, меҳнатини ватан ва миллат равнақига бахшида этади. Жаҳон тараққиётига ўзининг беназир ҳиссасини қўшади. Мана шундай улуғ аждодларимиздан бири Абдурауф Фитратдир. Мақоламиз ибтидосида мутафаккирнинг фикрларини бежиз келтирмадик. Зеро, Фитрат сиймоси улуғ маърифатпарвар, миллатсевар қиёфасида бизни эзгуликлар сари чорлаб туради.

Абдурауф Фитрат 1886 йилда Бухорода Абдураҳимбой оиласида таваллуд топган. Отаси ўз замонининг ўқимишли кишиларидан бўлиб, саррофлик, кейинчалик савдогарлик билан шуғулланган. Онаси Настар бибини золим тузум 1940 йилларгача “халқ душмани”нинг онаси тамғаси билан хорликка мубтало қилган. Фитрат оилада тўнғич фарзанд эди. Укаси Абдураҳмон ўтган асрнинг ўнинчи йилларида Когон босмахонасида ҳарф терувчи бўлиб ишлаган. Синглиси Маҳбуба Раҳимова яхши шеърлар ёзган, аммо акаси туфайли шоира сифатида шуҳрат топмаган.

Ижодий диапазони кенг бўлган Фитрат дастлаб эски мактабда, кейин Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. 1909 йилда Бухорода ташкил этилган “Тарбияти атфол” жамияти ёрдами туфайли бухоролик бир неча ёшлар билан Истанбулдаги дорулмуаллиминда ўқийди. Айрим маълумотларга кўра, ҳатто Истанбулдаги ўқув юртларидан бирида дарс беради. Закий ва юртпарвар шоир “Бухоро тамими (умумий) маориф жамияти”ни ташкил этиб, Туркияга ўқишга келган ватандошларининг шу жамият атрофида уюшиши ва таҳсил кўришига раҳбарлик қилади. Ана шундай фидойи ва халқпарварлиги билан бутун турк оламини забт этади. У илми, ижоди, фаолияти билан ўз даврида алоҳида ажралиб турган энг ёрқин сиймо эди.

Садриддин Айний бундай дейди: “Бу даврнинг очиқ фикрли ёшларидан бири Абдурауф Фитрат эди. Бу шахс Бухоро талабалари ичида энг қобилиятли ва фозилларидан бири ҳисобланарди”. Дарҳақиқат, Туркиядаги таҳсил ва ижтимоий-сиёсий вазият Фитрат дунёқарашида туб бурилиш ясади. У “Мунозара”, “Ҳинд сайёҳи баёноти” асарлари, “Сайҳа” шеърлар тўпламини яратиб, нашр эттирди. Шоирнинг бу асарлари Бухорогача етиб келди ва маҳаллий ёшларни илм-маърифатга, юксалишга ундади. Фитрат 1913 йилда Бухорога маориф ва маданий-ижтимоий қурилиш борасидаги янги ғоялар билан қайтиб келди.

Қисқа муддатда Бухоро жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бирига айланди. Унинг “Раҳбари нажот”, “Оила”, “Бегижон”, “Мавлуди шариф”, “Або Муслим” каби асарлари XX аср ўзбек публицистикаси ва драматургияси ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Фитрат педагог сифатида “Мухтасар ислом тарихи”, “Ўқу” каби дарсликларни яратди. У оила тўғрисидаги билимларини Шарқ ва Ғарб олимларининг кўплаб илмий тадқиқотлари билан танишиб чиқиш жараёнида мустаҳкамлаб, ниҳоят оила масаласида шундай мукаммал йўриқномани дунёга келтирдики, ҳозирги кунга қадар ҳам унинг долзарблиги ва аҳамияти йўқолгани йўқ. Унинг “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” асари бугунги кун ёшларига ибрат ва намуна тимсоли сифатида ҳам маънавий, ҳам маърифий қўлланмадир. Уни барча ёшларга ўқиш учун тавсия қилиш мумкин.

Мазкур китоб Бухорода 1914 йили ёзилиб, 1915 йилда чоп этилган. Асар чуқур ва кенг билимларга асосланган. У инсонларга ахлоқ-одобдан сабоқ беришда, оила тутиш қонун-қоидаларини ўргатишда муҳим аҳамият касб этади.

Абдурауф Фитратнинг кўп фикрлари ва хулосалари ҳозир ҳам долзарб: “Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ”.

Ҳозирги давр кундалик ҳаётимизни назарга олганидек у: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир”, дея уқтирган.

Исломшунослик фани ва дунёвий илмлардан бохабар бўлган Фитрат ҳуқуқшунос, социолог, педагог ва табиб сифатида ҳам намоён бўлади. Хусусан, у ўз асарларида Қуръон оятлари ва ҳадислардан далиллар келтириб, оила, фарзандлар тарбияси, меҳр ва мурувват, инсонийлик ғояларини илгари суради. “Одамнинг феъл ва ҳаракатини бир яхши шакл ва мазмунга келтириш учун руҳини тарбиялаш лозим. Болаларни ўзига ишонган, кучли, топқир, чаққон ва ақлли қилиб тарбиялаш учун ўз қадр-қиммати, шаънини ҳурмат қилиш руҳини тарбия қилмоқликни, шунинг билан бирга, ён- атрофдаги одамлар билан ҳисоблашишни ўргатмоқ керак... Болаларни шундай тарбия этиш лозимки, бахтга бўлган интилишлари ҳеч қачон хазон бўлмасин... Ота-она болага мамнунлик ва хурсандчилик қилишни ман этмаслиги, балки ахлоққа зид бўлмаган ишлар билан мамнун ва хурсанд бўлишини қўллаб-қувватлаши керак”, дейди у.

Ислоҳотчи ва публицист сифатида ҳам “Ҳуррият” газетасида ўткир мақолалари билан чиқиш қилади. Фитратнинг Тошкентдаги энг катта хизматларидан бири “Чиғатой гурунги” жамиятини ташкил этиши эди. Мазкур жамият уч йилгина фаолият юритган бўлса-да, фақат ўзбек тили ва адабиётигина эмас, умуман, ўзбек маданиятининг шаклланиш ва тараққиёт тарихини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Фитрат Тошкентда фаолият кўрсатган даврларда “Ўғузхон”, “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Темур сағанаси” каби асарларни ёзди. Уларда ҳам мамлакатимизда ҳукм сурган мустамлакачилик сиёсати ва унинг миллат тараққиётидаги хавфи ҳақида рамзий-мажозий ишоралар асосида мулоҳазаларини баён этди. Фитрат нафақат ижодкор, балки истеъдодли давлат арбоби ҳам эди.

У 1921 йилдан халқ маорифи нозири, бир йил ўтгач, хорижия нозири, халқ хўжалиги йиғилиши раиси, жумҳурият Марказий Ижроия Комитети раиси ўринбосари, Халқ нозирлари шўроси раиси муовини, Ҳукумат план ва смета ташкилий ҳайъати раиси, Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти Меҳнат кенгаши президиуми аъзоси вазифаларида фаолият юритган.

Унинг ғайрат ва ташаббуси билан Бухорода Шарқ мусиқа мактаби очилади. Фитрат ўз уйини (собиқ Дзержинский 8, ҳозир бузилган) шу мактабга беради ва бир қанча машҳур мақомчи ва ҳофизларни тўплайди.

Ёшлар тарбияси ва келажаги билан жиддий қизиққан Фитрат ўз сафдоши Файзулла Хўжаев билан биргаликда 60 дан ортиқ ёшни Германияга ўқишга юборади. Фитратнинг саъй-ҳаракатлари билан бир қанча хайрли ишлар амалга оширилади. Жумладан, Бухорода давлат театри очилишида ҳам унинг хизматлари катта эди. Ватан ва миллат равнақи учун курашган аллома Москва, Ленинград олийгоҳи талабаларига ҳам таҳсил беради, Лазерев номидаги Шарқ тиллар институтида, Шарқшунослик илмий-тадқиқот институтида ишлади. Жумладан, Ленинград давлат университети уни профессорликка сайлади. Фитрат бу университетнинг Шарқ факультетида профессор сифатида Шарқ халқлари тили, адабиёти, маданиятидан маърузалар ўқиди.

Шу билан бирга, Москвада “Абулфайзхон” номли биринчи ўзбек трагедиясини ёзди ва нашр эттирди. Москвадан Ўзбекистонга қайтгач, тилшунос олим сифатида “Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф (1-китоб), Наҳв (2-китоб)”, “Сарфи забони тожик” каби илмий асарларни яратди. Адабиётшунос олим сифатида эса “Адабиёт қоидалари”, “Энг эски туркий адабиёт намуналари”, “Ўзбек адабиёти намуналари”, “Форс шоири Умар Хайём”, “Аруз ҳақида” каби бир қанча илмий рисолалар яратдики, булар ҳозир ҳам ўз илмий қийматини йўқотган эмас. Абдурауф Фитрат қомусий олим саналади. Чунки “Шарқ шахмати”, “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” номли асарлари унинг серқирра фаолият соҳиби эканини кўрсатиб туради.

Олмон олимаси Ингеборг Балдауф “XX аср ўзбек адабиётига чизгилар” китобида маърифатпарварлик ва жадидчилик ижтимоий-сиёсий ҳаракати тараққиётида Фитратнинг ўрнига муносиб баҳо беради.  Академик   А. Самойлович ҳам “Турк халқлари адабиёти” китобидаги бир қанча мақолаларда Фитрат фаолияти ва ижодини алоҳида эътироф этган. Ўз давридан то ҳозирга қадар юксак эътирофларга сазовор бўлиб келаётган қомусий олим Абдурауф Фитратнинг ҳаёт йўли, миллат тараққиётидаги хизматлари биз учун ўрнак, албатта.

Айниқса, ҳозирги глобаллашув жараёнида унинг асарларини ўрганиш ва татбиқ этиш ўта муҳим саналади. Биз ёшларимизда шундай буюк юртдошимиз, миллат ва Ватан йўлида фидойи аждодларимиз борлигидан фахрланиш туйғусини шакллантиришимиз зарур. Қолаверса, ёшларни уларга муносиб фарзанд бўлишга ўргатиш масъулиятли вазифамиздир.

Обиджон ҲАМИДОВ,

 Бухоро давлат университети ректори, иқтисод фанлари доктори 


Print   Email