Абу Ҳафс Бухорий ҳикмати

Абу Ҳафс Бухорий ҳикмати

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бошланиши билан барча ватандошларимиз якдиллик билан бу жараённи қўллаб-қувватлади. Халқимизнинг саховатпешалиги, муҳтожга ҳамиша ёрдам қўлини чўзишга тайёрлиги сабабларини ўйлаб туриб, беихтиёр мозийга, улуғ аждодларимиз, буюк мутафаккирларимизнинг ибратли ҳаёт йўлига назар солгимиз келади. Ҳаёти ҳам, ибрати ҳам асрларга татигулик аждодларимиз эса юзлаб, балки минглаб топилади. Улардан бири кўҳна Бухорода яшаб ўтган улуғ аждодимиз Абу Ҳафс Кабир Бухорийдир.

Ҳанафийликнинг Бухоро мактабига, ундан ташқари, дунёвий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солган Абу Ҳафс Кабир Бухорий фақатгина фиқҳнинг эмас, балки ҳадис ва калом илмларининг ҳам етук билимдони саналади. VIII–Х асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Ироқ ва бошқа минтақалардан етишиб чиққан ҳанафий муҳаддис ва фақиҳларнинг фаолияти ҳақида Абдуллоҳ Субазмуний ўзининг “Кашф-ул-осор” асарида Абу Ҳафс Кабир ва унинг авлодларини бухоролик илк ҳанафий муҳаддислар қаторида зикр этган.

Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати бутун ислом оламига тарқалди. Олимлар унинг илму фазлини баҳолаб, “муаллими ислом” (“Ислом устози”), унинг шарофати билан Бухорони “Қуббат-ул ислом” (“Ислом гумбази”), шунингдек, у зот яшайдиган маҳалла дарвозасини “Ҳақроҳ” (“Ҳақ йўл”, “Тўғри йўл”, “Нажот йўли”) деб аташган.

Абу Ҳафс Бухорий билан замондош, у киши билан яқин мулоқотда бўлган олимлар бирор масаланинг жавобини топишда унинг ечимларига суяниб иш тутишган.“Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи” номли китобда ёзилишича, олимнинг “Фавоид” (“Фойдалар”), “Фатово” (“Фатволар”) каби асарлари бор.

Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳаёти давомида кўплаб инсонларга намуна бўладиган ишларни амалга оширган. У муҳтожлар мушкулини осон қилиш учун жидду жаҳд кўрсатган олимлар қаторидан ўрин олган. Жумладан, унинг очарчилик йилларида бозордаги нарх-наво ошиб кетмаслиги учун бор мол-мулкини сарфлагани бунга мисол бўлади.

Ривоят қилинишича, Бухорода бир йили қаҳатчилик бўлиб, муайян ўлчамдаги буғдойнинг баҳоси юз тангага етганда Хожа бозордаги барча буғдойни шу нархда сотиб олиб, 90 тангадан аҳолига қайтариб сотган. Бу билан ҳар бир ўлчам ҳисобидан муҳтожларга ўн тангадан кўмак кўрсатган.

Аллома шу билан кифояланмай, кейинги ҳаракатларида 80 танга, 70 танга, токи буғдой баҳоси 10 тангага тушгунга қадар ўз тадбирини давом эттиради. Шу орқали муҳтожлар жонига оро кирган. Унинг хазиначиси: “Хожам, биз улкан зарар кўрдик. Хазина деярли бўшаб қолди”,  деганда Абу Ҳафс Кабир Бухорий: “Сен билмабсан, биз охират хазинасини тўлдирдик”, деб жавоб берган экан.

Олим муҳтож қарз сўраса, берар, аммо унинг қайтарилишини асло сўрамас эди — унутиб юборарди.

Абу Ҳафс Кабир Бухорий шогирдларига, мухлисларига, атрофидаги барча-барчага бу фазилатларни тарғиб этиб, ҳамиша эзгуликда, инсонпарварликда бардавом бўлишга даъват этган.

Муқаддас Рамазон ойида ватандошларимиз қилган хайру эҳсонлар, эзгу, савоб амаллар ҳақида кўплаб қувончли хабарларни эшитдик. Буларнинг барчаси томирларимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Ҳафс Бухорийдек юзлаб, балки минглаб покдомон, улуғ зотларнинг қони оқаётганидан дарак.

Юртимиз тарихан самарқандийлар, бухорийлар, хоразмийлар, шошийлар, насафийлар, кешийлар, термизийлар, уструшонийлар, фарғонийлар, марғинонийлар юрти деб шарафланган. Шундай юртнинг покдомон, инсонпарвар, саховатпеша фарзандларига ватанни севиш, уни моли ва жони билан ҳимоя қилиш, жигаргўшасини, ватандошини муҳтожлик билан ёлғизлатиб қўймаслик ярашади.

Халқ корига ярашдек улуғвор мақсадни кўзлаган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг ҳал қилувчи кучи шу жўмард элимиз экани ҳам шундан!

Бурҳониддин АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси масъул ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори


Print   Email