“Бори элга яхшилиғ қилғилки...”

“Бори элга яхшилиғ қилғилки...”

Адиблар хиёбонида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рамзий сиймосига боқиб, хаёлимдан тарихнинг ёруғ ва булутли кунлари ўтди. Бу ёдгорлик қанчалар қадрли эканини ёшларга етказиш шарафли бурчимиз эканини ҳар қачонгидан-да чуқур ҳис қилдим.

Халқимизнинг ардоқли адиби Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” тарихий романи илк бор нашр этилганида мактабда ўқир эдим. Ўшанда раҳматли бобомнинг ёстиғи остида турадиган “Бобурнома”нинг ёнига “Юлдузли тунлар” китоби ҳам қўшилганди. Айниқса, оиламизда, мактабимизда, маҳалламиздаги катта-кичик давраларда кўпчилик Бобур мирзо ҳақида китобдаги воқеаларга қўшиб, халқ орасида юрган турли афсона-ривоятларни ҳайратланиб сўзлагани ҳамон ёдимда. “Юлдузли тунлар” китоби юртимиз бўйлаб тез тарқалган ва бу Ватан тарихи, буюк боболарнинг ибратли ҳаёт йўлини билишга ташна халқимизнинг кўнглини кўтаргани, одамлар руҳиятида улкан маънавий юксалиш рўй бергани, миллатнинг қадди тикланганини ҳозирга келиб янада теран ҳис этиб турибман.

Кейинчалик, 1999 йилда Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” (Бобур) романининг навбатдаги нашрига ёзган сўзбошисини ўқиб англадимки, даставвал китобнинг чоп этилишига рухсат берилмаган: “Бобур мирзонинг ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар уммондай чексиз, — деб ёзади устоз адиб. — Бу уммонда ўнлаб, юзлаб адабий кемалар сузиши мумкин. “Юлдузли тунлар” ана шу мажозий кемалардан бири сифатида юзага келди. Уни 1972 йилда илк бор ёзиб, нашрга топширганимда тоғдай бир юк елкамдан тушгандай бўлган эди. Лекин мустабид тузум тазйиқи остида роман чоп этилмай ётган олти йил давомида ўша залворли юкни яна елкамда кўтариб юргандай бўлдим. Қўлёзмани кўпгина масъул мутасаддилар, катта академиклар ўқиб, фикр билдиришди. Чоп этиш масаласи қизил империя марказининг рухсати билангина ҳал этилиши мумкин экан. Қўлёзманинг сатрма-сатр таржимасини Москвада ҳам ўқишиб, ёзма тақризлар беришди. Хилма-хил фикр ва мулоҳазалар чангалзоридан тиканларга тирналиб ўтдим, йўлимдан адашиб кетмаслик учун доим тарих ҳақиқатига, хусусан, “Бобурнома”дай асл манбаларга таяндим. Олти йил давомида романга киритган янги таҳрирларим кўпроқ унинг бадиий нуқсонларини тузатишга, тарих ҳақиқатини чуқурроқ очишга қаратилди. 1979 йилда раҳматли Шароф Рашидовнинг ёрдами билан китоб нашрдан чиқди. 1981 йилда унга Давлат мукофоти берилгани мустабид тузум золимларининг қаҳрини келтирган бўлса керак, “пахта иши”, “ўзбек иши” деган даҳшатли туҳматлар даврида Амир Темур ва Бобур мирзога қарши янги ҳужумлар уюштириб, мени ҳам роман билан бирга лойқа селлар гирдобига тортиб туширишга уриниб кўрдилар. Лекин жамоат фикри уйғонган, истиқлолимиз тонги отаётган пайтлар эди”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти, ижодини ўрганишга ўз юртида шундай тазйиқлар бўлаётган вақтда дунё бўйлаб унинг адабий меросини тадқиқ этиш, асарларини турли тилларга таржима қилиш ҳаракатлари тобора кучайиб борарди. Европада бобуршуносликка 1705 йилда асос солинган бўлса, унга қадар ҳам Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон сингари давлатларда бобомизнинг асарлари ўрганилиб, қурдирган меъморий обидалари обод сақлангани тарихий манбаларда қайд этилган. Бобурийлар бунёд этган саройларга эса зиёратчилар, сайёҳлар ҳамиша дарёдай оқиб турган. “Кобулдаги “Боғи Бобур” ҳар доим зиёратчилар билан гавжум, — деб ёзади афғонистонлик “Боғи Бобур”нинг иш бошқарувчиси Аҳмадшоҳ Вардақ ўз мақоласида. — Ҳар жума куни ўн мингга яқин, ҳайит байрами кунлари 20 мингдан зиёд одам келади”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, тарихий мероси бир соҳа ёки бир мамлакат доирасига сиғмайди, ахир “Бобурнома”дай буюк асарни сўнгига қадар ўрганиб чиқишни тасаввур этиб бўладими! Йиллар ўтар экан, бу улкан адабий мероснинг тарихий аҳамияти янада ортиб бораверади, унинг тарихий ҳақиқати эса тадқиқотчиларни оҳанрабодек ўзига тортаверади.

Ўзбек адабиётида ҳам Бобур мирзо ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарлар сони кўпайиб бормоқда. Севимли ёзувчимиз Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” маърифий романи, “Саодат соҳили” қисса ва ҳикоялари, Қамчибек Кенжанинг сафарномалари, Сирожиддин Саййиднинг “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони, Дурбек Қўлдошевнинг “Императорнинг туғилиши” романи ва бошқа кўплаб ҳикоялар, шеърий туркумлар ёзилди ва ёзилмоқда.

Ўзбекистонда Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси ташкил этилгандан кейин бобуршунослик чинакам янги, ривожланиш даврини бошлади. Фонд ўтган йигирма беш йилдан зиёд вақт давомида қирқдан ортиқ мамлакатга сафарлар ташкил қилиб, Андижондаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи беш юздан ортиқ ноёб қўлёзма билан бойитилди, ўнлаб бадиий, маърифий ва илмий китоблар нашр этилди. Ҳар йили Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган куни Андижонда бўлиб ўтадиган тадбирларга хорижий мамлакатлардаги бобуршунослар таклиф этилиб, бу борада амалга оширилган янги тадқиқотлар халқаро миқёсда муҳокама қилиниши, илмий анжуманлар ўтказилиши анъанага айланди.

Андижон шаҳри марказида юртимизнинг бетимсол фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали тикланди. Ҳар сафар унинг ёнидан ўтар эканман, асар муаллифи Равшан Миртожиевнинг (1954-2014) 2012 йили Тошкентда, Оқтепадаги устахонасида айтган гаплари ёдимга тушади: “Ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳaйкали 1993 йили Андижон шаҳри марказида ўрнатилди, — деган эди фахр билан Ўзбекистон халқ рассоми Равшан Миртожиев. — Бу ҳaйкалнинг очилишини халқимиз қанчалар хурсандчилик билан кутиб олганини сўз билан ифодалаш қийин. Ахир, бу асрий орзу эди! Мустабид шўролар замонида улуғ бобомизга нотўғри муносабатда бўлингани кўпчиликнинг кўнглини ранжитган эди. Андижондаги Мирзо Бобур ҳайкали менинг биринчи ва муваффақиятли ишим, уни ижодий парвозимга йўл очган асарим деб биламан. Кейинчалик, 1995 йили “Чавгон ўйнаётган Бобур” номли композиция ишладим. Ҳозир бу асарим Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги музейда сақланмоқда. Бундан ташқари, бобомизнинг яна бир ҳайкали эскизини тайёрлаб қўйдим. Бу аввалгилардан ўзгача ишланган”.

Равшан Миртожиевнинг 60 йиллиги муносабати билан Бадиий академияда ташкил қилинган катта кўргазмада Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг янги ҳайкали эскизи ҳам намойиш этилиб, мухлислар эътиборини қозонган эди. Адиблар хиёбонига ўрнатиш учун мутахассислар томонидан айнан ўша эскиз танлаб олинди. Равшан аканинг садоқатли шогирдлари, ёш ҳайкалтарошлар Улуғбек Отаназаров ва Жасван Анназаров томонидан ўша эскиз асосида беш метрдан зиёд катталикдаги ҳайкал тайёрланди.

— Адиблар хиёбонига Бобур бобомизнинг ҳайкали ўрнатилиши ҳақида хабар топганимиздан кейин устоз яратган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали эскизини танловга олиб бордик. Ҳаракатимиз бесамар кетмади, ғолиб чиқдик. Агар устоз ҳаёт бўлганида, Тошкентга Бобур мирзонинг маҳобатли ҳайкали айнан ўзи тайёрлаган эскиз асосида қўйилганини кўриб, жуда қувонган бўлар эди, — дейди Улуғбек Отаназаров.

Буюк шоир, аллома, адолатли подшоҳ, довюрак саркарда, ростгўй муаррих, адабиёт аҳлининг холис танқидчиси, беқиёс тилшунос, сайёҳ-географ, зукко таржимон, йирик фиқҳшунос, боғлар ва қасрлар бунёдкори... Бу таърифни яна давом эттириш мумкин, зеро Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг гўзал ғазаллари, ҳикматли рубоийлари, қомусий “Бобурнома”, фикҳ илмига оид “Мубаййин” рисоласи, аруз назариясига бағишланган тадқиқоти, Хожа Аҳрорнинг “Рисолаи волидия” асари таржимаси, “Хаттий Бобурий” алифбоси ва бошқа қатор ноёб битиклари халқаро миқёсда жаҳон адабиётининг юксак намуналари сифатида ўрганилмоқда. Демак, Бобурнинг пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўрнатилган ҳайкали нафақат бобуршунослар ёки адабиёт ихлосмандлари, балки ҳарбийлар, сиёсатчилар, тарихчилар, географлар, этнографлар, меъморлар, ҳуқуқшунослар, табиатшунослар ва яна кўплаб соҳа вакиллари зиёрат қиладиган қутлуғ даргоҳга айланди.

Шу ўринда Бобурнинг Тошкент шаҳрига айрича муносабати, меҳр-муҳаббати, она юрти, бобоси ва тоғалари макон тутган бу шаҳарга кўп бора келгани ёдимизга тушади.

“Хон додамнинг эшигига борсам, гоҳи бир киши била, гоҳи икки киши била борур эдим, вале яхшилиғи  бу эдиким, ёт эмас эдилар, туққон эдилар. Хон додамға кўрунуш қилиб, Шоҳбегим қошиға келур эдим. Ўз уйимдек бош яланг, оёқ яланг кирар эдим”, деб ёзади “Бобурнома”нинг 1502-1503 йил воқеалари баён этилган бобида. Йигирма ёшлардаги ўтюрак йигитнинг оддий, содда ва самимий бу сатрларини ўқиб, унинг ўша даврларда Тошкент хони бўлган тоғаси Султон Маҳмудхонга ва бобоси Юнусхонга нақадар ишонгани ва суянганини ҳис этамиз.

“Бетаваққуф ўтуб, хон қошиға Тошкандга бордим. Бу рубоийни айтиб эдим, маъмул қофиясида тараддудим бор эди. Ул маҳалда шеър мусталаҳотиға мунча татаббуъ қилмайдур эдим, хон хуштаъб киши эди, шеър айтур эди, агарчи сару сомонлиқ ғазали камроқ эди, бу рубоийни хонга ўткариб, тараддудимни арз қилдим. Кўнгул тийгудек шофий жавоб топмадим. Ғолибо, шеър мусталаҳотиға камроқ татаббуъ қилғондурлар.

Рубоий будур:

Ёд этмас эмиш кишини меҳнатта киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатта киши.

Кўнглум бу ғариблиқта шод ўлмади ҳеч,

Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши”.

Мазкур рубоий мазмун-моҳиятидан Бобур мирзо гоҳ Андижондаги, гоҳ Самарқанддаги Аҳмад танбал ва Шайбонийхон сингари душманлар билан бўлиб ўтган тўқнашувлар тўфонида Тошкентга, тоғалари ҳузурига кўмак истаб келгани ҳам англанади.

“Тонгласиға Сомсийрак навоҳисини чарга солиб овладилар. Келиб Турок чорбоғиға тушулди. Ул ғазалким тугаттим, ушбу кун ушбу юртта тугаттим. Ул туганган ғазал будур:

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,

Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

Бу ғазал етти байт турур. Мундин сўнг ҳар ғазалким туганди,

ўшул тартиб била-ўқ битилди. Мундин кўчбакўч

Хўжанд дарёсининг ёқасиға келдилар”.

Бобур мирзонинг халқ қўшиғига айланиб кетган машҳур ғазалидаги ғамгин оҳанглар тарихи ҳам 1501-1502 йилларда кечган нотинч ҳаёти, тахт учун кураш, қолаверса, темурий шаҳзодаларнинг тарқоқлиги, Шайбонийхонга қарши жангларда чеккан азиятларидан туғилгани, шубҳасиз. “Бобурнома”да бу сингари туркий ва форсийда битилган байтларга кўп дуч келамиз.

“Бобурнома”ни ўқир эканмиз, Ҳазратнинг кўплаб ғазал ва рубоийлари Андижон, Тошкент, Самарқанд, Ўратепа, Хўжанд, Кобул, Агра сингари қалъалар орасида ўтган машаққатли сафарларда, кутилмаган манзилларда ёзилганига ва шоир умрининг бир парчаси, ҳаёт ҳақиқати эканига ишончимиз комил бўлади.

Адиблар хиёбонига келганда, ҳазрат Алишер Навоий ҳайкалига қараб, табиий равишда Султон Ҳусайн Бойқаро давридаги шуаро ҳақида “Бобурнома”да битилган ноёб сатрлар ёдимизга тушади. Китобда ҳазрат Алишер Навоийдан бошлаб кўплаб шоирлар, қолаверса, “таъби назми бор” мирзолар, сарой аъёнларининг ижодига лўнда ва мазмунли таърифлар ёзилган.

Асарда Алишер Навоий номи ҳурмат-эътибор билан кўп бора тилга олинар экан, 1500-1501 йил воқеалари битилган бобдаги қуйидаги сатрлар бизни ҳаяжонга солади: “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида турки байт айтиб, битиб йибориб эдим”.

Бу вақтда Бобур 17 ёшда бўлса-да, ёши 58-59 ларга борган давлат арбоби, улуғ шоир Алишер Навоийнинг эътиборини қозонган ва ўртада китобат алмашув, ижодий ҳамкорлик бошланган эди.

“Султон Ҳусайн мирзонинг замони ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳири шаҳри мамлу эди. Ҳар кишинингким бир ишга машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай”, деб ёзади Бобур Ҳирот адабий муҳитидаги аҳли шуаро ҳақида.

Ўн икки ёшида тахтга ўтирган Бобур мирзонинг нафақат Тошкент, Фарғона, Самарқанд шаҳарларидаги, балки Ҳиротдаги адабий муҳитни яхши билиши ва бу ҳақида мустақил, холисона фикрларга эгалиги бизни ҳайратга солади. Ваҳоланки, ўзининг қисқа, аммо нотинч, жангу жадалларда ўтган умри давомида битган ғазал ва рубоийлари содда, пурмаъно, ҳаётий экани ҳам унинг Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий сингари буюк шоирларнинг ижодини мукаммал ўргангани, адабий жараённи пухта билганидан далолат беради.

Олимларнинг таъкидлашича, Ҳиндистон, Туркия, Франция, Буюк Британия ва Покистондаги китоб хазиналарида Бобур мирзо девонининг ўнта қўлёзмаси, жумладан, Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи фондида ҳам бир нусха сақланмоқда. Улар турлича номланган бўлса-да, мазмун-мундарижаси деярли бир хилдир.

“Ҳофиз Мир котибнинг оға-иниси Самарқандтин келиб эрди, бу фурсатта Самарқандға рухсат бериб, Фўлод султонға девонимни йибордим, — деб ёзилади “Бобурнома”нинг 1509-1510 йил воқеалари баёнига бағишланган бобида Самарқанд ҳокими Пўлат султонга девон юборилгани ҳақида. — Девоннинг орқасида бугина қитъани битдим:

Ул сарвнинг ҳаримиға гар етсанг, эй сабо,

Бергил бу ҳажр хастасидин ёд кўнглига,

Раҳм айлабон соғинмади Бобирни, бор умид,

Солғай худой раҳмни Фўлод кўнглига”.

Шоир девон юборишга бағишланган қитъада ҳам Ватан соғинчини изҳор этиб, пўлат, яъни тош, қаттиқ кўнгиллар ўзини соғинишидан умид қилади. Ортиқча безакларсиз, муболағаларсиз самимий, рост сўзни айтиш ва шу лўнда ифода воситасида мавзу моҳиятини очиб бериш Бобурнинг барча асарларига, бутун ижодига хос фазилатдир. Бу ўғли Ҳумоюнга битган мактубидаги ўгитида яққол ифодасини топган: “Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўладур, вале бу муғлақ алфозингдин мақоуд тамом мафҳум бўлмайдур. Ғолибо хат битирда қоҳиллиғинг ҳам ушбу жиҳаттиндур. Такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ бўладур. Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити; ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға”. Яъни: “Хатингни бир амаллаб ўқиса бўлади, лекин тушунарсиз сўзларни қўллаганингдан мақсадингни тўла тушуниб бўлмайди. Эҳтимол, хат ёзишга суст лигинг шундандир. Жимжимадор сўзларни битмоқчи бўласан, шу боис тушунарсиз чиқади. Бундан кейин такаллуф қилма, равшан ва аниқ сўзлар билан ёз. Сенга ҳам, ўқувчига ҳам ташвиш камроқ бўлади” (“Бобурнома” табдилидан).

Бобур подшоҳ фарзандларига содда, равон, жимжимадор сўзлардан холи тушунарли хат битишни маслаҳат беради. (Ҳазратнинг ота сифатида фарзандларига қилган ўгитлари барча ота-оналар учун ибратлидир.). Биз “Бобурнома”ни варақлаганда ҳам, ғазал ва рубоийларини ўқиганда ҳам Бобур подшоҳнинг мана шу тамойилга қатъий амал қилганига гувоҳ бўламиз.

Тарихда ўтган кўплаб шоҳларнинг жангномалари, шоҳномалари ўз даврининг моҳир муаррихлари қаламида жимжимадор сўзлар билан битилганини биламиз. Табиийки, муаррихлар шоҳларнинг номини юксакларга кўтариб улуғлаган, жанглар таърифини ошириб-тошириб тасвирлаган, бу эса воқеаларнинг ҳаққоний баён этилишига, фикр тиниқлиги ва равонлигига озми-кўпми салбий таъсир кўрсатиб, ўқувчини чалғитади. Шу жиҳатдан “Бобурнома”нинг Бобур мирзо шахсидан равон, аниқ, жимжималардан холи битилгани ўқувчиларга, қолаверса, тадқиқотчиларга ҳам, таржимонларга ҳам енгиллик туғдиради, яъни бошқа кўплаб “нома”лардан фарқ қилиб, фикр аниқлиги борасида “Темур тузуклари”га яқин туради.

Бобур мирзо шеърияти соддалиги, санъатларга бойлиги, туйғулар теранлиги, самимийлиги, жозибадор оҳанглари, шоирнинг ҳаётий тамойилларига содиқлиги билан ўзига хосдир. Унда ғурбатларда машаққат чеккан, қалбини Ватан соғинчи ўртаган, дунёдаги дўст-душманга ҳам фақат яхшилик тилаган инсон қиёфаси намоён бўлади. Шу маънода ҳам Адиблар хиёбонига унинг зиёратига келганларга эса шоҳ ва шоир:

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ —

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ,

дея хитоб қилиб тургандай туюлади.

Ҳумоюн АКБАРОВ,

шоир, таржимон

 


Print   Email