Абдулла Авлоний ҳаётига чизгилар

Абдулла Авлоний ҳаётига чизгилар

Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг Мерганча маҳалласидаги тўқувчи Миравлон ака оиласида дунёга келди. Ёшлик йилларида даставвал Ўқчидаги эски мактабда, сўнг мадрасада таҳсил олди. Мустақил мутолаа билан шуғулланди. Араб, форс, рус тилларини пухта ўрганди. У таржимаи ҳолида бу ҳақида шундай ёзади:

“12 ёшимдан Ўқчи маҳалласидаги мадрасада дарс ўқий бошладим. 13 ёшимдан бошлаб ёз кунлари мардикор ишлаб, оиламга ёрдам қилиб, қиш кунлари ўқир эдим. 14 ёшимдан бошлаб, ўша замонга мувофиқ ҳар хил шеърлар ёза бошладим. Бу замонларда “Таржимон” газетасини ўқиб, замондан хабардор бўлдим”.

Абдулла Авлоний педагог, ношир, дипломат, шоир, журналист, олим, таржимон, жамоат ва давлат арбоби сифатида элу юрт манфаати учун кўплаб хайрли ишларни амалга оширди.  XX аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб-ўқув ишларида ўзгариш бўлди. Авлоний бу даврда жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, Тошкентдаги жадидларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб танилди. Авлоний 1904 йилда Мирободда, сўнг Дегрезликда (1903-1914) худди шундай янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди. 1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи “Жамияти хайрия”ни ташкил этиб, етим болаларга сабоқ берди.

Абдулла Авлоний бу мактаблар учун дарсликлар тузди. 1911 йилда алломанинг бошланғич синф шогирдлари учун “Биринчи муаллим” китоби “Октябрь воқеалари”гача 4 маротаба, “Алифбедан сўнгги ўқув китоби” — “Иккинчи муаллим” 3 марта қайта нашр этилди. Ахлоқий-дидактик мазмундаги “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” дарслиги XX аср бошлари ижтимоий-педагогик фикр тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади. 1933 йилда 7-синф ўқувчилари учун “Адабиёт хрестоматияси” дарслигини ёзди. 1930-1934 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) кафедра раҳбарига айланди.

Маърифатпарвар аллома ўз сафдошлари Мунавварқори Абдурашидхонов, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан шерикликда 1914 йилда “Нашриёт”, 1916 йилда эса “Мактаб” ширкатини тузди. 1907 йилда “Тараққий”, “Шуҳрат”, бир йилдан сўнг эса “Осиё”, 1917 йилда эса “Турон” газетасини чиқарди. 1921 йилда “Касабачилик ҳаракати” журнали бош муҳаррири сифатида фаолият олиб борди.

1895 йилдан ижодий фаолияти бошлаган Абдулла Авлоний матбуотда Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чиғабой, Абдулҳақ, Қобил, Абулфайз тахаллуслари билан танқидий ва илмий мақола, 4000 мисрадан ортиқ шеър ижод қилди.

Буюк маърифатпарвар ўзбек театрининг асосчиларидан бири эди. 1910-1916 йилларда бир қанча саҳна асарларини таржима қилди ва саҳналаштирди. Авлонийнинг саҳна асарлари Тошкент, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарларда қўйилган. Бу асарларда XX аср бошларидаги Туркистон ҳаётининг кенг манзаралари ўз ифодасини топади. У 1913 йилда “Туркистон” театр труппасини тузди. “Туркистон” ўзининг қатъий Низомини ҳам эълон қилган эди. Унинг ташкилотчиси ҳам, ғоявий-бадиий раҳбари ҳам Авлоний эди. Театр Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт”, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” каби XX аср бошлари ўзбек драматургиясининг энг яхши намуналарини саҳналаштирди. Озарбайжон драматургларининг “Бадбахт келин”, “Хўр-хўр”, “Жаҳолат”, “Ўликлар”, “Жой ижарага олган киши”, “Ман ўлмишам”, “Лайли ва Мажнун” сингари асарларини ўзбек тилида томошабинларга тақдим этди.

Драматург сифатида “Адвокатлик осонми?”, “Икки муҳаббат”, “Тўй”, “Съезд”, “Лайли ва Мажнун”, “Ўликлар” каби асарларни ёзиб, уларда жаҳолат, бидъат, билимсизликнинг фожеали оқибатларини, қўпол ва ярамас урф-одатларни фош этади.

Абдулла Авлоний таржимонликда ҳам беназир эди. У араб, форс, рус тилларини ўрганиб, бу тилларда ижод қилган мутафаккирларнинг асарларини ўқиган. Л. Толстой, К. Д. Ушинский асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Етук шоир сифатида 1906 йилдан шеърлари билан матбуотда қатнаша бошлаган.  Шоир шеърияти билан танишар экансиз, қизиқ бир ҳолга дуч келасиз. Унда бирорта ишқий шеър йўқ. У ижтимоий муаммоларни, эл-юрт ғамини муҳимроқ билади. Халқ ва Ватан бахтсизлиги олдида ҳар қандай муҳаббатни рад этади. Ўз она-диёрини бамисоли “ёр каби севади”. Бутун меҳрини шунга бағишлайди.  Тўрт томлик “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар”, “Мактаб гулистони”, “Мардикорлар ашуласи” китоблари чоп этилади.

Авлонийнинг адабиёт олдидаги муҳим хизматларидан бири шу бўлдики, у мардикорлик шеърияти, деб аталган янги адабий ҳодисанинг яратувчиларидан бўлди. 1916 йилги мардикорлик воқеаларини ифодаловчи “Бир мардикорнинг отаси ўғлига айтган сўзлари”, “Онасининг ўғлига айтган сўзлари”, “Афсус” каби шеърлар ёзди. Она юртдан узоқ шимолнинг қорли-музли ерларига, фронт орқасидаги қора хизматга олиб кетилган мардикорларнинг хайрлашув манзараларини, ҳақсизликни ёритди. Бу шеърларнинг оҳанг ва услуби халқ қўшиқларига ғоят яқин бўлиб, улар халқимизнинг миллий уйғонишида муҳим ўрин тутди.

1919-1920 йилда Афғонистон сафарига доир “Афғон саёҳати” кундаликлари эса мамлакатимизнинг ён қўшнимиз билан ўзаро дўстлик, тотувлик алоқаларининг ўрнатилиши тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Абдулла Авлоний давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам ном қозонган. XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг Шўролар Иттифоқининг Афғонистондаги консул-элчиси вазифаларида хизмат қилган. У совет даврида турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди. Қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди.   

Ўзбек халқининг буюк маърифатпарвар алломаси Абдулла Авлоний 1934 йил 24 августда 56 ёшида вафот этди. Аммо унинг ўлмас ижодий мероси мана юз йилдирки, яшаб келмоқда.

Саидафзал Саиджалолов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

катта ўқитувчиси,

 (Интернет материаллари асосида тайёрлади).


Print   Email