Буюкларга ярашган хислат

Рамазон ойида инсоний фазилатлар кўпроқ намоён бўлади.

Бу азалий қадрият, миллий маънавият, қолаверса, эътиқод ва имон талабидир. Юртимизда муборак Рамозон шукуҳи кезмоқда.

Бу ойда имони мустаҳкам, қалби яхшиликларга тўлган ватандошларимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кам таъминланган, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатишга, уларнинг ҳолидан хабар олишга, кўнгилларга ҳаловат улашишга шошилмоқда.

Эзгу амаллар тарғиботчиси, улуғ аждодимиз Абу Лайс Самарқандий Х асрда яшаган фақиҳ, муфассир, воиз бўлган. Унинг “Баҳр ул-улум” (“Илмлар денгизи”), “Бўстон ул-орифин” (“Донишмандлар бўстони”), “Танбеҳ ул-ғофилин” (“Илмсизларга насиҳатлар”) каби асарлари асрлар мобайнида аҳамиятини йўқотмаган. Улар орасида, айниқса, “Танбеҳ ул-ғофилин” саховат ва кўмак ҳақидаги ҳикматлари билан машҳур.

Абу Лайс Самарқандий доим саховат қилишга чақирган. Олимнинг фикрича, саховат қилган инсоннинг билиб-билмай қилган хатолари кечирилади, турли касаллик ва балолардан фориғ бўлади, молу дунёси ҳамда ризқида барака кўпаяди. Бундан ташқари, яхшилик кўрган муҳтожнинг кўнгли кўтарилади. Бу эса энг яхши иш, улкан савобдир. Зеро, муборак ҳадиси шарифда марҳамат қилинганидек, “амалларнинг афзали мўмин қалбига хурсандчилик киритишдир”.

Тарихимизнинг ҳар бир даврида шундай маърифат эгалари яшаган. Ўтган асрнинг шундай зотларидан бири – маърифатпарвар, илму маърифатга, фан ва техника тараққиётига интилган, Ўзбекистон тарихида ўзига хос саҳифа яратган жадид бобомиз Абдулла Авлоний 1909 йили “Жамияти хайрия” ташкилотига асос солган. Унинг мақсади ёш авлодни маърифатли қилиш йўлида мактаблар ташкил этиш, муҳтож, боқувчисини йўқотган болаларга ҳомийлик қилиш, меҳрибонлик уйларини ташкил этиш, талабаларга ёрдам кўрсатиш бўлган. Бунга муайян даражада эришган ҳам.

Кўриниб турганидек, яхшилик халқимизга бегон эмас, аксинча, унинг қонида, урф-одатларию эзгу қадриятларида мужассам.

Унутмаслик лозимки, бир одамнинг саховати натижасида кўплаб одамларнинг қалби ёришиб, инсонлар орасида меҳр-оқибат мустаҳкамланади.

Аслида ислом эътиқодида ўзига тўқ кишиларнинг молидан муҳтож кишиларга ҳам ҳақ-насибалар ажратилиб борилиши назарда тутилади. Шу боис, мўмин киши ўзининг эҳтиёжманд биродарига, ватандошига кўмак кўрсатиши унинг маънавий бурчидир.

Бу ҳаракат унинг ҳақига дуо, ташаккур айтилишига сабаб бўлиб, икки ўртада шукроналик, меҳр-оқибат ортади.

Шоир айтганидек:

Эй дўст, ғаниматдур, бойлик, сарватинг, Бир кун қўлдан кетса молу давлатинг. Муҳтожлар қадрига етса ҳимматинг, Давлатинг борида саховат қилгин.

Бу – бойлик, молу дунёнинг вақтинча эканидан огоҳлантириш, имкон борида саховат килишга, савоб ишларга чақириқ-чорловдир.

Миллатнинг бугуни ва келажагини ўйлаган ҳар бир инсон бунга “лаббай”, дея жавоб қайтариши лозим. Негаки, бу ташаббус нафақат ўзаро кўмак, балки бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳамдир. Чунки чин инсоний фазилатлар халқ бошига иш тушганда, қийинчилик пайтларида кўринади.

Халқ бўлиш саодати қандай эканини кўрсатиш фурсати келди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати чин маънода миллионлаб оилалар, кўнгиллар ва қалблар ҳаловатига сабаб бўлувчи эзгулик маёғи бўлиб қолсин!

 

Жаҳонгир ТОҲИРОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори


Print   Email