Фарзанд тарбияси – улкан масъулият

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, дунёга коронавирус деган офат тарқалган, шу туфайли карантин тартиби жорий этилган бугунги кунда ҳам халқимизга Рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, хотиржамлик билан адо этишлик насиб этмоқда.
Ушбу муборак ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки бу ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуоларини ижобат қилади.
Рамазон ойининг рўзасини тутиш биз мўминларга Аллоҳ фарз қилган ибодат ҳисобланади. Шу муборак кунларда, буюк имкониятлар ойида ихлос билан Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, сидқидилдан рўза тутсак, ибодатимизга риё, таъма ва ихлосга путур етказадиган бошқа ҳолатларни аралаштирмасак келажак учун катта бир зоди роҳила тайёрлаган бўламиз. Бу ойнинг фазилати ниҳоятда улуғдир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди", ("Бақара" сураси, 183-оят). Аллоҳ таоло рўзанинг фарзлигини мўминнинг тақвосига қайд қилгандир. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек, бу ойнинг аввали, яъни биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир. Карантин сабаб жуда кўп инсонлар оиласи бағрида, ўз уйида қолмоқда. Фарзандларимизга боғча, мактаб, коллеждан таътил берилган. Бутун оила жамул-жам бўлиб синовли кунларни ўтказмоқда. Бу ҳолатдан ҳам бир ҳикмат излашимиз керак. Мана шу кунларни ғанимат билиб, фарзандлар тарбияси, одоб-ахлоқи, илм олиши, совобу гуноҳ нима эканлигини яхши билиб олиш, уларда меҳнат кўникмасини мустаҳкамлаш маслаларига алоҳида эътибор қаратмоғимиз муҳимдир. Фарзанд тарбияси улкан масъулият, динимизда фарзандга рисоладагидек таълим-тарбия бериш ота-онанинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида қаралади. Шу ўринда ота-оналар яхши билиб олишлари керакки, инсон ҳеч қачон комилликка илму одобсиз эриша олмайди. Шу сабаб фарзандларимизни илмли, юксак одоб-аҳлоқли қилиб тарбиялаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Аллоҳ таоло илм ўрганишни ҳар бир эркагу аёл зиммасига фарз қилди. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам "Иқро" – "Ўқи" деган амр билан бошланувчи сурадир. Аллоҳ таоло илм соҳибларининг мақомини кўтариб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!" ("Зумар" сураси, 9-оят). Ушбу ояти каримадан шундай хулоса чиқарайликки, фарзандларимизни мақоми баланд инсон бўлишлиги учун уларнинг қалбига илм-маърифат, одоб-ахлоқ мезонларини ўчмас қилиб муҳрлашимиз даркор. Бу масалада ҳаётимизга, чор-атрофга бир разм солиб кўрайлик. 
 
Илм соҳиблари, яхши тарбия кўрган одоб-аҳлоқли кишилар савоб-гуноҳнинг, яхши-ёмоннинг фарқига етиб, иш тутмоқдалар. Яқинларига, эл-юртга манфаат келтирадиган ибратли ишларнинг бошини тутган. Минг афсуски, илм олмаган, яхши тарбия кўрмаган айрим кимсалар эса ҳар қадамда гуноҳ ишларга қўл урмоқда, одамларга азият етказиб, жамиятимизда нохуш ҳолатларни кўпайтирмоқда. Таълим-тарбияда оиладаги муҳит, ота-онанинг шахсий намунаси муҳим роль ўйнайди. Доно халқимиз "Қуш уясида кўрганини қилади" деб бежизга айтмаган. Шундай экан, ота-оналар, аввало, ўзлари маърифатли, маънавиятли, одоб-ахлоқ борасида фарзандларига ибрат бўлишлари лозим. Ота-она фарзандининг келажакда яхши инсон бўлиб вояга етишини, ҳамма ҳавас қиладиган инсон бўлиб камол топишини умид қилар экан, аввало, ўзлари ҳам ота-онасининг қадрига етиб, улар олдидаги фарзандлик бурчини сидқидилдан адо этиб, раҳмату дуоларини олишлари керак. Чунки "бу дунё қайтар дунё"дир. Шундай экан, ота-онамизнинг қанчалик қадрига етиб, уларнинг ҳурматини бажо келтирсак, фарзандларимиз ҳам бизнинг қадримизга етадиган аҳли солиҳ фарзандлар бўлади. Бутун оила аъзоларининг жамлигида ўтаётган шу кунларда ота-оналар фарзандларини ёнига олиб, диний, дунёвий китобларни ўқисин. Пайғамбарлар, халқимиз улуғлари ёки агар ота-оналари ўтиб кетган бўлса, ана шулар, бобо ва бувилари ҳақида, уларнинг ибратли ишлари, меҳр-оқибати, одамийлиги ҳақида гапирсин. Бу билан фарзандларимиз қалбида дини исломга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, авлодларидан фахрланиш, яхшилик, туғишганларга меҳр-оқибатли бўлиш туйғулари янада мустаҳкамланади. Фарзандларимиз комил инсон бўлиши учун уларга ҳалол луқма, яхши тарбия бериш билан бирга, биз – ота-оналар Аллоҳ таолодан уларнинг камолотини сўрашимиз, уларнинг ҳақига доимий дуода бўлишимиз керак. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: "Уч дуо мустажобдир. Уларга шак йўқ. Булар мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандига қилган дуосидир" дейилади. Аллоҳ таоло фарзандларимизни етук ва комил, ҳар икки дунёда ҳам ота-онасига раҳмат келтирадиган, юртига, элига муносиб хизмат қиладиган солиҳ ва солиҳа зурриёдлардан қилсин. Муборак Рамазон ойида оиламиз, фарзандларимиз билан бирга ибодатда, имон-эътиқодда Аллоҳнинг суйган бандалари қаторида бўлишликни, коронавирус хасталиги билан боғлиқ таҳликали кунлар тезроқ ортда қолишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини сўраб, дуо қилайлик. Яратган барча дуоларимизни ижобат қилсин.
Мирзамақсуд АЛИМОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби

Print   Email