ТЎЙ ВА МАРАКАЛАРДАГИ ИСРОФГАРЧИЛИКЛАРНИНГ ХАЛҚ ФАРАВОНЛИГИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

Дунёдаги барча элат ва миллатларнинг шаклланиш жараёнида уларнинг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одат ва маросимлари муҳим аҳамият касб этган.

Бироқ, кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда. Бундай тадбирларни ўтказишда халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарига мутлақо ёт бўлган номақбул одатларнинг ўйлаб топилаётгани ва кириб келаётганлиги, ўз навбатида уларнинг мусобақага айланиб бораётгани ачинарлидир.

Бу каби одатлар халқимиз маънавияти ва турмуш тарзига, айниқса ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг бугунги замон талаблари асосида билим олиш, етук мутахассис бўлиб етишиш йўлидаги интилишларини сусайтирмоқда. Ёшлардаги меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат, одоб сақлаш, виждонли бўлиш, исрофгарчиликдан тийилиш каби хислатлар ўрнига ҳалол меҳнатга нисбатан беписандлик, енгил-елпи ҳаётга интилиш, дабдабабозлик каби иллатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

 

Ота-боболаримиз азал-азалдан исрофгарчилик, манманлик ва дабдабавозликни ёмон кўриб келганлар. Қолаверса, ислом динида ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, одамларни ҳар қандай ишда мўътадиллик ва меъёрга эътибор беришга чақирилган. Ҳаддан ошиш, кибрга берилиш, риёкорлик ва исроф қилишдан доим қайтарилган. Қуръони каримда: Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди (Исро сураси, 26-27-оятлар), Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг  ўртасида – мўътадилдир (Фурқон сураси, 67-оят), деб, хайр-эҳсон қилишда мўътадил бўлиш, мўминликнинг бир белгиси экани таъкидланган.

Ҳадиси шарифларда ҳам: Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар, Кимки ҳаётида тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди, Исрофгарчилик сахийлик офатидир, Қачонки сенга дунё мўл-кўл кела бошласа, уни исроф қилмасдан яхши йўлларга сарф қил, деб исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка чақирилган.

Афсуски, барчамиз ҳам бугунги фаровон ҳаётимизнинг қадрига етмаяпмиз. Ўғил уйлантириш, тўй қилиш учун қанчадан-қанча ортиқча харажатлар қилиб, исрофгарчиликка йўл қўймоқдамиз. Ҳатто айрим ёшларимиз бахтли оила деганда дабдабали тўйдан бошқаси тасаввурига сиғмай қолган. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаёт тўй маросимидан кейин бошланади. Борди-ю, тўйнинг эртасига оилада моддий қийинчиликлар бошланса, табиий равишда келишмовчиликлар юзага кела бошлайди. Пул, мол-дунёни йўқотиш инсон руҳиятига, маънавиятига албатта таъсир қилади. Никоҳни эълон қилиш, яъни, тўй қилиш исломда ҳам буюрилган, аммо ким ўзарга тўй қилиш динимизда “исроф” деб қораланади.

Никоҳ тўйларидаги ортиқча дабдабалар натижасида ҳар икки томон ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрмоқда. Йиллаб пешона тери билан йиғилган нарсалар бир кунда ҳойи ҳавас кетидан сарфлаб юборилиб исрофга йўл қўйилмоқда. Бундай ҳаракатлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисларида қайтарганлар: Мол-мулкни беҳуда исроф қилиш куфронаи неъматдир, ўйламасдан бойлигини сарфлаш тўлиқ таназзулга олиб келади, Никоҳ тўйида бир кун зиёфат бериш суннат, икки кунлиги фазл, лекин учинчи кунга ўтса риёкорлик ва хўжакўрсиндир, деб қайтарганлар.

 

Таъкидлаш лозимки, одамлардаги ортиқча орзу-ҳавас исрофнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Орзу-ҳавасга қаттиқ берилиш қуйидаги ёмон оқибатларнинг пайдо бўлишига замин яратади:

- биринчидан, қалбни қорайтириб, кўзни кўр қилади. Орзу-ҳавас йўлида ҳамма нарсадан воз кечадиган, бемеҳр, фақат ўзини ўйлайдиган худбин, орзу-ҳавас йўлида ҳар қандай жиноят, маъсият, ҳаром луқма ва бошқаларнинг ҳаққидан тап тормайдиган юзсиз, тошбағир қилиб қўяди.

- иккинчидан, ўткинчи дунёга ҳирсни ошириб, охиратни унуттиради. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Одам фарзанди қариган сари унда икки нарса ёшариб бораверади - дунёга муҳаббат ва орзу ҳавасга берилиш.

Юқоридагилар билан бир қаторда, жамиятимизда илдиз отган яна бир ҳолат - мотам маросимларидаги исрофгарчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли ҳисобланади. Маълумки, шариатда аза (мотам) тутиш уч кун қилиб белгиланган. Шариат кўрсатмаси бўйича таъзияли хонадонда маййитни тезроқ дафн қилиш, васиятлари бўлса адо этиш биринчи навбатда қилиниши лозим бўлган амаллардан ҳисобланади.

Фиқҳ китобларида, жумладан, ҳанафий мазҳаби олимларидан Ибн Обидиннинг “Радд ал-Муҳтор ала дурр ал-мухтор” китобида баён қилинишича, таъзиянинг уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозада иштирок эта олмаган киши шу уч кун ичида кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирсин, кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобга эга бўлади, дейилади. Шундан келиб чиқиб, ҳайит кунлари “биринчи ҳайити” ёки “иккинчи ҳайити” деб таъзия билдириш учун бирор хонадонга бориш жоиз эмас, чунки таъзия бир маротаба билдирилади. Таъзияхонада узоқ қолиб кетиш ҳам яхши эмаслиги фиқҳий манбаларда баён қилинган.

Пайғамбаримиз (алайҳис-салом): Ўлик эгаларининг кўнглига овқат пишириш сиғмайди шунинг учун қўшнилари таом чиқарсин, деб таъкидлаган ҳадисларини нотўғри талқин қилмаслик лозим. Бу ҳадисда маййит яқинлари таъзия билан бўлиб, қайғу-аламда овқатланишни унутиб қўйишлари ёки овқат юракларига сиғмаслик эҳтимоли бўлгани учун пайғамбаримиз томонидан юқоридаги ҳадис айтилган ва қўни-қўшнилар азадор хонадон вакиллари ҳолидан хабар олиб туришга буюрганлар.

Баъзи вилоятларда эрталаб азондан аёлларнинг дод-войлаб “йиғи солиш” одати ҳам бор. Одатга кўра, қанчалик додлаб йиғланса, шунчалик марҳумни яхши кўрар, ҳурмат қилар экан, деб ҳисобланади. Аслида бундай одатлар исломгача бўлган диний эътиқодлардан қолганини Расуллуллоҳ (алайҳис-салом) ўз ҳадисларида эслатиб: Ўликка дод-вой солиб йиғлашлик - исломгача бўлган жоҳилият амалларидандир, - деганлар ва бундай амаллар маййитга озор беришини ҳисобга олиб ундан сақланишга буюрганлар.

Асосан марҳумлар хотирасини ёд этишга қаратилган уч, етти, йигирма, қирқ, эллик икки, йил оши, “кўк кийди”, “оқ кийди”, “қор ёғди”, пайшанбалик ва якшанбалик каби диний асосга эга бўлмаган маросимлар ҳам халқимиз орасида кенг тарқалганини қайд этиш зарур. Энг ачинарлиси шуки, айрим зиёли инсонлар аҳолини бундай бидъат-хурофотлардан қайтариш ўрнига уларни қўллаб-қувватлаб, ҳаттоки улар ҳақида манбаларда ёзилганини даъво қиладилар.

Умуман олганда тўй-ҳашамларимиз ихчам тарзда миллий қадрият ва анъаналаримизга мос ҳолда ўтказиш бугунги глобаллашув шароитида оилавий иқтисодни тежаш билан бир қаторда, уни бирламчи эҳтиёжларга, жумладан, фарзанднинг таълим-тарбияси, соғлом муҳитда баркамол авлод бўлиб етишиши учун турли спорт тўгаракларга сарфланса, албатта, бундан оила ҳам, жамият ҳам бирдек манфаатдор бўлади. Шунингдек, мотам маросимлари билан боғлиқ турли бидъат-хурофотлардан тийилиш ҳам ижтимоий ҳаётни соғломлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

 


Print   Email