ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида шаърий масалаларда ташаббус кўрсатиш ҳуқуқи фақат ва фақат уламоларга берилган. Афсуски, бугун  “ташаббускор жоҳиллар” кўпайиб кетди.

Интернет уларга шундай “имконият” яратиб беряпти. Уларнинг мавсумий фитналари маълум ва бу борада диний ва дунёвий байрамларнинг улар учун аҳамияти йўқ. Рамазон ҳайити арафасида юраклар безиллаб туради. Сабаби, Ўзбекистонда ҳайит куни белгилангача, одатда, жоҳил мутаассиблар Рамазоннинг 30-кунида бугун Арабистонда ҳайит экан, деб барчани оғиз очишга ва ҳайитни бир кун илгари нишонлашга даъват қилиб, тўс-тўполон чиқаришга ҳаракат қиладилар.

Янги йил арафасида ҳам шу аҳвол. Ҳар йили декабр охирлаганда интернет майдонида яна фитнага сабаб бўлувчи чиқишлар кузатила бошлайди. Табиатидан шов-шувга ўч, уламолар фатвоси ва бу борадаги қатъий ҳукмларни тан олишга мутлақо хоҳиши бўлмаган, юзаки билимларга суяниб олган тоифалар гўёки ўзларининг шаръий қарашларини илгари сура бошлайдилар. Энг ачинарлиси бу ёндашувлар исломга, мўмин-мусулмонларга, исломда фатво бериш ҳуқуқи бўлган  уламоларга, муфтийларга, шайхул-исломларга тегишли эмас!

Бундай жоҳил кимсалар учун назаримизда ШОВ-ШУВ МУҲИМ! Одамлар орасида ихтилоф, зиддият қанчалик кўп бўлса, улар шунчалик жазавага тушиб, ўз ақидаларини илгари сураверадилар.

Уларнинг мақсадлари фитна, беқарорлик, ихтилоф, зиддият, алал-оқибат халқ орасида зиддият келитириб чиқаришдан бошқа нарса эмас.

Аслида дунёвий-демократик давлатда яшаётган мусулмон киши шу давлатда қабул қилинган қоида ва меъёрларга амал қилиши, уларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши даркор.

Ислом уламолари мусулмон киши ўзи яшаётган давлат қонунларига бўйсуниши ва давлат раҳбарига итоат қилиши вожиблигига иттифоқ қилганлар. Ҳанафий мазҳаби, мотуридия таълимотининг мўътабар манбаларида, хусусан, ақида ва каломга оид китобларда ишбошилар, раҳбарларга бўйсуниш лозимлиги масаласи очиқ битилган. Масалан, “Таҳовий ақидаси” китобида “Ишбошиларга бўйсунишни Аллоҳга бўйсуниш деб биламиз” дейилган.

Янги йил, дунёнинг турли мамлакатларида мелодий тақвим бўйича нишонланадиган байрам бўлиб, одатда бир  тақвим йилининг тугаб, кейингисининг бошланиши сифатида қабул этилади.  Бунинг бирор динга алоқаси йўқ. Уни дин билан боғлашнинг ўзи мантиқсизликдир.

Бугун юртимиз мусулмонлари  интернет майдонидаги  келиб чиқиши номаълум жоҳилларга эмас, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий издошлари бўлган Ўзбекистон уламоларининг фатволарига, исломшунос олимлар қарашларига эргашиб фитналарнинг олдини олиши,  мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаши ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!

 

 

Саидафзал Саиджалолов

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Диншунослик, жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси катта ўқитувчиси


Print   Email