ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЁРҚИН НАМУНАСИ

Сурия жанг марказларидан 156 нафар ўзбек аёллари ва болалари ўз юртларига қайтарилди.

Абдулҳаким Шаръий Жузжоний  сиёсий фанлари доктори, профессор

Абдулҳаким Шаръий Жузжоний, юридик фанлари доктори, профессор.  

 

Ўтган йиллар давомида ИШИД, «ал-Қоида» ва террорчи салафийлар қадимий тамаддун маркази ва дарахшон ислом маданияти маркази бўлган Шом-Сурия ўлкасини ваҳший террористик ҳужумлар ва даҳшатли жанг амалиётлари саҳнасига айлантиришди.

ИШИД ушбу минтақадаги манқурт ёлланмалар ва жаҳон империализми руҳида тарбияланганлар билан “Исломий халифаликни ташкил қилиш”, деган асоссиз иддао асосида Ироқ мамлакатини қонли уруш ўчоғига айлантирди ва ушбу заминдаги минг йиллик тарихий осори-атиқаларининг муҳим қисмларини вайрон қилди. Энг афсусланарлиси, ушбу можоралар сабабли минглаб бегуноҳ инсонлар, аёллар ва болалар бевақт оламдан кўз юмди.

Бутун жаҳон шоҳиди бўлган қонли саҳналар, яъни Язид аёлларини асир тушириб, уларни қул бозорларида сотилганлиги ҳамда уларга нисбатан шавқатсиз озору ситамлар етказгани башарият тарихидаги энг уятли, қора саҳифалар бўлиб қолади.

 

Исломий таълимотларни бузган ҳолда Ислом динининг муқаддас номидан фойдаланиб, энг жирканч йўл билан террор ва худкушликка Шарқ ва Ғарбдаги илмсиз ва соддадил мусулмонларни жалб қилишмоқда. Ушбу одамкуш гуруҳларнинг заҳарловчи ташвиқотлари сабабидан дунёда тинчлик ва ҳотиржамликни ҳамда инсонлар ўртасидаги биродарлик ва ака-укалик, дўстлик ва самимиятни таъминлашга хизмат қилувчи Ислом дини салбий маънога эга бўлмоқда. Аслида Ислом дини жанг ва одамкушликдан қайтаришдек улуғ амални барча нарсадан аъло билади.

Аммо, ўзларининг ботил ақидалари билан террор ва худкушликни тарғиб қилувчи ҳамда мусулмон ва бошқа дин вакилларининг ўлимига сабабчи бўлаётган ғаразли кимсалар дунёда Ислом динига нисбатан салбий муносабатни шакллантирмоқда. Эмишки, ўз жонига қасд қилувчилар юзлаб бегуноҳ инсонларни ўлдиргандан сўнг жаннатга йўл олар, жаннат ҳурлари уларни қучоқ очиб кутаркан.

Ваҳоланки, Қуръони каримда бегуноҳ бир инсонни ўлдириш бутун одамзотни ўлдириш билан тенглаштирилган. Ислом дини пайғамбари ҳам “Кимки бир мўмин мусулмонни қасдан ўлдирса, ҳозирданоқ ўзининг жойини жаҳаннамдан тайёрлаб қўйсин”, деб айтганлар.

Бу борадаги тарғибот-у ташвиқотлар шу даражада кучли ва шиддатли эдики, ҳақиқий ислом моҳиятидан бехабар бўлган минглаб соддадил мусулмонлар мазкур сафсатанинг асирига айландилар ва Шарқ-у Ғарбдан келиб, ИШИДчилар сафига қўшилдилар. Бу ташвиқотлар бир муддат Ироқ ва Сурия ҳудудининг бир қисми уларнинг тассарруфига ўтган ва уруш иштиёқмандларига ҳайратланарли маблағлар топширилган пайтларда кўпроқ жозибага эга бўлди. Оммавий ахборот воситаларининг маълумотига кўра, ўша вақтда биргина Швеция мамлакатидан 200 нафардан кўп мусулмон аёллар диний жозибалар таъсирида террористлар сафига қўшилиб, одамкуш-камикадзелар орасида яшашга мажбур бўлишди.

Икки йил олдин ўз оиласи билан Европада яшайдиган дўстларимдан бирининг ёш ўғли ҳам худди шундай заҳарловчи тарғиботлар натижасида бир нечта дўсти билан ИШИД сафига қўшилиб, ўз оиласига телефон орқали “Мени изламанг, мен кофирларга қарши урушда иштирок этяпман”, деб хабар берибди.

Ушбу оиласи бу фожиали хабарга чидай олмади. Ота-онаси бор-будини ўғлини қутқариш учун сарфлади. Отаси Туркиядаги баъзи кишилар билан боғланиб, ўғлининг жаҳаннамдан қочиб кетишига ёрдам бериши учун ўзи билан олиб келган катта миқдордаги маблағларни топширади. Улар бу ишга муваффақ бўладилар ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган боланинг ўз отаси билан Европага қайтиб кетишига кўмаклашдилар.

Бугунги кунда ИШИД заволга юз тутаётган бир пайтда минглаб эркак ва аёллар ўз оилалари билан ушбу жанг бўлаётган юртдаги ҳибсхоналар ва лагерларда асирда бўлиб, ҳеч қандай нажот чораларисиз қолмоқда.

Ўзбекистондан ҳам ажнабий малайларнинг иғво ва ёлғонлари натижасида кўпгина одамлар ўз оилалари билан дин жозибаси таъсирида ёки хаёлий бойликларга эга бўлиш учун Сурияга кетиб, террористлар фитнаси қурбонига айланган эдилар. Улардан бир гуруҳи жанг майдонларида ҳалок бўлди ва ўз аёл ҳамда болаларини қаровсиз, оила бошлиғисиз қолдиришди ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолишди.

Бу оилалар ўзлари сингари турли ўлкалардан келтирилган минглаб инсонлар қаторида лагерларнинг қийин шароитида, озиқ-овқат танқислигида ва ҳар қандай таълим-тарбиядан маҳрум ҳолда яшашга мажбур бўлмоқдалар. Ўз фуқороларининг лагерлардаги қийин шароитидан хабардор бўлган Ўзбекистон давлати уларни бу шавқатсиз урушдан қутқариб олиш чораси излади. Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг жасорати ва инсонпарвар сиёсати билан алданган кимсаларни жаҳаннам қаъридан қутқариб олиш ва ўз ватанларига қайтариш бўйича қарор қабул қилинди. Шундан сўнг бу борада Сурия давлати билан музокаралар олиб борилди.

Президентимиз қарорига биноан давлат ваколатига эга бўлган масъул ходимлар, врачлар, руҳшунослар, дин уламолари ва журналистлардан иборат тезкор амалиёт гуруҳи ташкил этилди. Улар  бошланғич ишларни амалга ошириб, Сурия давлати ҳукумати билан келишиб олгандан сўнг самолётда Дамашқ томон учиб кетдилар.

Гуруҳ вазиятни ҳар томонлама ўрганиб, Сурия давлати расмийлари билан ватандошлари истиқомат қилаётган лагерлар томон боришга рухсат олишди. Вазифанинг мураккаблиги шунда эдики, лагер давлатга мухолиф кучлар тасири остида бўлган ҳудудда жойлашганди. Улар 700 километрлик масофада, мамлакат шимолида, Туркия ҳудудига яқин бўлган “Алқамишли”га етиб келганларидан сўнг, ушбу минтақа масъуллари билан кечган узоқ музокаралардан сўнг рухсат олиб, хавфсиз бўлмаган, аммо узоқ масофани босиб ўтадилар ва қочқинлар манзили жойлашган “Алхул”га етиб келадилар. У ерда яшаётганларнинг оғир турмуш шароитини ўз кўзлари билан кўрадилар. Ҳийлагар террористларнинг ёлғонига алданиб қолиб, ёрқин келажак умидида ватанларини, уйларини тарк этган 150 нафардан ортиқ ёш болалар ва аёллар “Меҳр” амалиёти гуруҳини хурсандчилик билан кутиб олишди. Ва бу урушдан уларни қутқариб, ватанларига қайтиши учун замин яратган Ўзбекистон Республикаси Президентига чексиз миннатдорлик изҳор этдилар. Миналар ва ракеталар таҳдиди остида ўтган қийин кунлари ҳақида гапириб берадилар.

Эрлари ва оила бошлиқларини жангда йўқотган 150 нафардан зиёд аёллар жисмонан ва маънан мажруҳ фарзандлари билан дастлаб Дамашқ шаҳрига, у ердан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”  ширкатининг замонавий Боинг-767 самолётида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига эсон-омон олиб келинди.

Учувчи ҳарбий амалиётлар бораётгани сабабли хавф эҳтимоли юқори бўлган Дамашқ ҳудудидан самолётни ҳавога кўтарди. Аёллар ва болалар ўз оилалари ва қариндошлари томонидан илиқ кутиб олинди. Дастлаб уларнинг барчаси биринчи тиббий кўрик учун шифохонага олиб борилди. Жароҳати бор бўлган ва бетоб аёл ва болалар шу ернинг ўзида даволаниш учун олиб қолинди.

Шундан сўнг уруш ўчоқларида ва сарсон-саргардонликда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олдириб қўйган ёки йўқотганларга  шу ернинг ўзида Ўзбекистон фуқароси паспортлари берилди. Энг муҳими, уларнинг барчаси ҳеч қандай сўроқ ва текширувларсиз ўз уйлари ва оилалари бағрига ҳурмат билан олиб бориб қўйилди. Ушбу жараёнда ўз Ватанларидан йироқда хору зорликда юрган ватандошларимиз кўрсатилган инсонпарварлик  ташаббус учун давлатимиз раҳбари ва ҳукумат ҳамда халқимизга ўз миннатдорлик ва чексиз ҳурматини билдиришди. Ҳозирда уларнинг барчаси ўзларининг осуда ва фаровон ҳаётларида яшашда давом этмоқдалар. 

Айтиш керакки, бугунги кунга қадар ҳеч қайси бир давлат ўзининг алданиб қолган фуқороларини Ўрта Шарқ жангоҳларидан қутқариб олиб, ортга қайтарилиши учун бундай инсонпарварлик ташаббусини кўрсатмаган. Ўзбекистон давлати президент Шавкат Мирзиёевнинг мардона ва инсонпарвар қарори билан “Меҳр” номини олган миссиянинг биринчи босқичида 156 нафар фуқоро жанг майдонларидан қайтариб олиб келинди. Бу билан Ўзбекистон юксак инсонийлик намунасини кўрсатган етакчи мамлакат бўлиб қолди!

Сўзимизнинг далили сифатида мазкур нажот амалиёти жараёнларини акс этган ҳужжатли фильмдан олинган айрим суратларни эътиборингизга ҳавола этишни жоиз топдик.


Print   Email