ИСЛОМ ВА ДУНЁВИЙЛИК

ИСЛОМ ВА ДУНЁВИЙЛИК

Узоқ тарихдан маълумки, дин инсоннинг бу дунёда ҳалол ҳаёт кечириши, номақбул ишларга қўл урмаслиги учун энг асосий мафкуравий восита бўлиб хизмат қилиб келган. Инсон билан бошқа махлуқотлар ўртасидаги фарқни ҳам айнан дин ажратиб туриши манбаларда уқтирилган. Чунки, Аллоҳ ўзининг барча махлуқотлари орасида инсон билан жин тоифасига ақл деган улуғ неъмат билан бир қаторда, машъумликка тарғиб қилувчи нафс балосини ёнма-ён қилиб берган.

Аллоҳ ўзининг хизматида бўлган фаришталарга фақат ақлни берган бўлса, жамики бошқа махлуқотларига фақат нафсни ато этган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ўзининг китоби – Қуръони каримда шундай хитоб қилган:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

“Мен жин ва инсни (инсонни) фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”(Зориёт, 56-оят).

Шунингдек, ўз навбатида Аллоҳ ўз каломида нафснинг инсон учун ўта хатарли душман экани ҳақида хабар берган:

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلاَّ مَا رَحِمَ رَبِّيَ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта барча ёмонликларга буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир».(Юсуф, 53-оят).

Демак, инсон дин орқали ўзининг азалий яратувчиси – Аллоҳга ибодат қилишга ва ўз нафсини доим жиловлаб назорат қилишга маҳкум экан, “энди мана шу ибодатнинг асл мазмуни қандай, яъни қай тартибда инсон ибодат қилиши, янада торроқ оладиган бўлсак, ўз Роббисига қуллик қилиши лозим бўлади?”, деган савол пайдо бўлади. Чунки, айнан мусулмоннинг исломдаги ўзининг мажбуриятларини қай даражада талқин қилиши кўплаб глобал муаммоларга сабаб бўлмоқда. Афсуски, бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Ислом ўзининг энг асосий йўлбошчиси – Муҳаммад алайҳиссалом вафотларидан кейиноқ, мусулмонлар орасида айнан эътиқод деган гавҳарга нотўғри қараш, ёндошиш натижасида турли фитналар ва оқимлар юзага кела бошлади. Бундай оқимларга эргашувчи шахслар ўта мутаассиблик билан ислом эътиқод тамойилларига амал қилишга ҳаракат қилишлари уларнинг жамиятда четга чиқиб қолишларига олиб келмоқда. Ваҳоланки, ислом дини ҳеч қачон мутаассибликка тарғиб қилиб, тараққиётнинг бирон бир шаклига тўсқинлик қилмаган. Бугунги кунда ҳам айрим ёшларимиз замондан қолиб кетган кийимларни кийиб олиб, ушбу қиёфалари орқали ислом шартларини бажаряпман, деб эътиқод қилмоқдалар. Аслида эса, кийимнинг асл вазифаси мусулмоннинг авратини тўсишдир. Замон ўтиб борган сари, ҳар бир асрнинг ўз умумий кийиниш маданияти, анъаналари ҳам ривожланиб боради. Мисол тариқасида, айрим ёшларимизнинг узун кўйлак (чакмон), сирвал (иштон) кийиб бошқалардан ажралиб қолиш ҳолатлари озми кўпми, кўзга ташланиб қолмоқда. Натижада бундай шахслар жамиятда ўз ўринларини тополмай, коммуникациядан узоқлашиб, юрт тараққиёти учун ўзларининг иқтидорлари билан манфаат етказиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқдалар. Пировардида, жамиятдан ажралган шахс норозилик кайфиятида турли бузғунчи оқимларнинг фитнасига оғиб кетмоқда.

Хўш, аслидачи?! Аслида, ислом дини фақат кийиниш ва ташқи қиёфасини беўхшов соқол билан буркаб (қария, нуронийлар бундан мустасно) олиш исломнинг энг асосий кўрсатмасими?! Бу саволга жавоб топиш учун Пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадисларига мурожаат қилишимиз мумкин:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ اللَّهَ لاَ يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ ». رواه مسلم

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Албатта Аллоҳ сизларнинг суратларингизга (ташқи қиёфангизга) ва молларингизга (давлатингизга) қиё боқмайди, балки У сизнинг қалбингиз ва бажарадиган ишларингизга қиё боқади”. (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, мусулмон қандай кийим (хоҳ замонавий бўлсин) киймасин, у унинг авратларини тўсиб турган ва пок ҳолатда бўлса, кифоядир. Аллоҳ ҳам ўз бандасидан унинг қалби поклиги ва гўзал амаллар, хайрли ишлар қилишини истайди.

Айрим мутаассиблар ўзларининг кийиниш маданиятларини оқлаш мақсадида ўтмишдаги аждодларимиздан Ибн Сино, Алишер Навоий каби мутафаккирларимизнинг кийимларини мисол келтирадилар. Бу ерда табиий савол туғилади: Ўша мутафаккирларимиз қайси даврда яшаган эдилар?!

Узоққа эмас, яқин тарихга назар солайлик. Тақводор бўлган маърифатпарвар жадидчиларимиз ҳам ўтган аср бошларида ўша даврнинг маданиятига мувофиқ кийим кийганлари ойдек равшанку?! Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” романида Отабек ва Кумушни қандай қиёфада шакллантириб берган? Демак, мусулмон одам ҳам ҳар бир даврнинг умумий кийиниш маданиятида меъёр билан амал қилиши унинг эътиқодига зарар етказмайди.

Айрим мутааасиб кимсалар ўзларининг кийган кийимларини суннат деб эътироф этсалар, биз бундай кийим кийишнинг суннат эканини инкор этмаймиз. Лекин Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қайси даврда ва қандай иқлимда яшаганларини ҳам инобатга олиш лозим. Мусулмон ўз юртида омматан жамоанинг қай тарзда кийинишига амал қилиши унинг турли фитналар ва жамиятдан қолоқлашиб кетишидан сақлайди. Масалан, исломий ўлкалар орасида катта қудратга эга бўлган Туркияни мисол келтирсак, турк қардошларимизда ҳатто Имомлар ҳам замонавий кийимда юришади, фақатгина ибодатда азалий миллий либосларини кийишлари мумкин. Бу билан, уларнинг динда эътиқодлари суст, деган хулосага келиш мумкинми?!

Юқорида таъкидлаганимиздек, ўзларининг ноанъанавий кийинишлари билан жамиятдан ажралиб қолган кимсалар охири тарки дунё қилишликкача бориб етмоқдалар, ёки фақат муттасил жисмоний ибодатга берилиб олиб, юрт ривожига маънавий, моддий фойдасини етказишдан маҳрум бўлиб қолмоқда. Бундай ҳолатга биз улуғ бобомиз Баҳоуддин Нақшбанднинг “Дил баёр-у, даст бакор” (Дилинг, қалбинг Аллоҳда, қўлинг эса, меҳнатда бўлсин) деган концепциясини раддия сифатида келтиришимиз мумкин.

Янада кенгроқ далил келтирадиган бўлсак, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини мисол келтириш мумкин:

عن أنس رضي الله عنه، قَالَ: جَاءَ ثَلاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أزْوَاجِ النَّبيّ صلى الله عليه وسلم، يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبيّ صلى الله عليه وسلم، فَلَمَّا أُخْبِروا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوهَا وَقَالُوا: أَيْنَ نَحْنُ مِنَ النَّبيِّ صلى الله عليه وسلم وَقدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأخَّرَ. قَالَ أحدُهُم: أمَّا أنا فَأُصَلِّي اللَّيلَ أبداً. وَقالَ الآخَرُ: وَأَنَا أصُومُ الدَّهْرَ أَبَداً وَلا أُفْطِرُ. وَقالَ الآخر: وَأَنا أعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلاَ أتَزَوَّجُ أبَداً. فجاء رسولُ الله صلى الله عليه وسلم إليهم، فَقَالَ: أنْتُمُ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا؟ أَمَا واللهِ إنِّي لأخْشَاكُمْ للهِ، وَأَتْقَاكُمْ لَهُ، لَكِنِّي أصُومُ وَأُفْطِرُ، وأُصَلِّي وَأَرْقُدُ، وَأَتَزَوَّجُ النِّساءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг уйига (саҳобалардан) уч нафари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келдилар. Уларга (у зотнинг ибодатлари ҳақида) хабари берилганида, улар уни (ўзлари учун) оз санадилар ва “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда-ю, биз қаердамиз! Ахир, у зотнинг аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган-ку”, дейишди. Улардан бири: “Мен энди умрбод туни билан намоз ўқийман”, деди. Бошқаси: “Мен эса умрбод рўза тутаман, ҳеч қачон (кундузи) оғзимни очмайман”, деди. Яна бири: “Мен эса аёллардан четланаман, ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: “Сизларми бундай, бундай деганлар? Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларнинг (ичингизда) Аллоҳдан энг қўрқувчироқ ва тақводорроғингизман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир”, дедилар”. (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Яна масаланинг нозик томони борки, беўхшов қиёфа билан тарихий кийимларга бурканиб олган инсонни кўрган бошқа инсонларда улар орқали ислом динига нисбатан исламофобик кайфиятнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки, бугунки кунда қўшни Авғонистонда кўплаб хунрезликларни содир этаётган толибон экстремистик гуруҳи ва минглаб бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлган ИШИД террорчилари ҳам шунга ўхшаш қиёфада намоён бўлади.

Шундай бузғунчи тоифалардан ажралиб туришлик учун ҳам мусулмон одам бугунги кунда замонга мос равишда кийиниш маданиятига эътибор қаратиши ва жамиятда ўз ўрнини топиб манфаатли вазифаларни бажариши давр талабидир.

Аслини олганда, бундай ҳолатларнинг барчаси динда ғулувга кетиш оқибатида содир бўлади. Динда ғулувга кетиш эса, муборак динимизда кескин қорланган. Динда ғулувга кетишнинг энг ёмон тарафи шундаки, инсон етарли илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм чиқариб олади. Бундан ташқари, илмсиз ҳолда Суннатга ўзича амал қилади ва тўрт мазҳабдан бирортасини эътироф қилмасдан мутаассиб бўлиб адашишиб кетади.

Аллоҳ таоло ғулувга кетишдан огоҳлантириб бундай дейди:

قُلْ يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لاَ تَغْلُواْ فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلاَ تَتَّبِعُواْ أَهْوَاء قَوْمٍ قَدْ ضَلُّواْ مِن قَبْلُ وَأَضَلُّواْ كَثِيراً وَضَلُّواْ عَن سَوَاء السَّبِيلِ

“Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ноҳақ ҳаддан ошмангиз! ва олдин ўзлари адашиб ва кўпларни ҳам адаштириб, тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77-оят).

Бу оятда аҳли китобларнинг нотўғри қилган ишлари баён қилинмоқда. Биз мусулмонлар уларнинг хатосини такрорламаслигимиз лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан огоҳлантириб шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِى الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمُ الْغُلُوُّ فِى الدِّينِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ

Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради. (Ибн Можа ривояти).

Динда чуқур кетмаслик ва таассуб қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом яна шундай дедилар:

عن ابن مسعود رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال: «هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ» قَالَهَا ثَلاَثاً. رواه مسلم

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтдилар. (Имом Муслим ривояти).

Бундан мурод мусулмон киши диний ишларда Қуръони карим ва набавий суннатда бўлмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юборишдир.

Шундай экан, замонавий мусулмон шахс дунёвийликда ҳам, диний эътиқодда ҳам ўртамиёна тарзда ҳаёт кечириши ва замон, жамият билан ҳамоҳанг тарзда ўзининг бор иқтидорини намойиш этиши унга икки дунё бахту саодатини олиб келади.

(давоми бор….)

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси


Print   Email