Абдулла Қодирий ва ўзбек романчилиги

Абдулла Қодирий ва ўзбек романчилиги

Кейинги йилларда Ўзбекистонда миллий маданият, адабиёт ва санъатга бўлган эътибор янги бир босқичга кўтарилди, тамомила ўзгача мазмун ва моҳият кашф этди.

Китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган фармойишлар, ижод аҳлига яратилиб берилаётган шарт-шароитлар, ижод мактабларининг очилиши, пойтахтнинг қоқ марказида Адиблар хиёбонининг бунёд этилиши бунинг ёрқин далилидир.

Ўтган йили якунида пойтахтимизда Абдулла Қодирий ижод мактаби ва музейининг очилиши халқимиз маънавий ҳаётидаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлганди. Мамлакатимиз раҳбари ушбу масканга ташрифи чоғида мажмуанинг аҳамияти ҳақида гапира туриб, бу жой “ўзлигимизни англаш мажмуаси бўлади”, деган фикрни билдирган эди.

Дарҳақиқат, сўнгги уч йилда мамлакатимизда қайсики бунёдкорлик иши амалга оширилган бўлса, бу, албатта, юрт равнақи, элнинг истиқболи, миллатнинг ўзлигини англаш сари қўйилган дадил қадамлар бўлди.

Адиблар хиёбони ҳам ўзликни англаш йўлида бунёд этилган навбатдаги муҳташам мажмуадир. Бу шунчаки боғ ёхуд хиёбонгина эмас, жуда пухта ўйланган, эртанги кун, келажак учун қўйилган муст аҳкам бир пойдевор.

Ўзбекистон адабиёти ҳақида тасаввурларимизни ўзгартирадиган, тўлдирадиган, бойитадиган очиқ осмон остидаги музейдир.

Алишер Навоийдан тортиб, ўттизга яқин адибимизга қўйилган ҳайкаллар ўтмиш меросимизни, унинг тараққиёт босқичларини, бугунги кунимиздаги ўрни ва аҳамиятини урғулаб турувчи муҳташам бир мажмуадир. Ундан жой олган ижод аҳли учун қурилган бино, Тошкент шаҳри тарихига бағишланган музей, замонавий кутубхона, боғдаги ҳар бир дарахт, ўсаётган гиёҳлар мана шу уйғунликни тўлдириб турибди.

Мамлакатимиз раҳбари адабиётни халқнинг юраги, деб атади. Дарҳақиқат, бир пайтлар Чўлпон “Адабиёт яшаса, миллат яшайди”, деб айтган эди. Ҳар бир даврнинг адабиётига ва адабиётга муносабатига қараб, жамиятнинг аҳволини, эртанги куни ҳамда келажагини тасаввур қилиш мумкин.

Бугунги қилинаётган ишлар, ўзгаришлар, янгиланишлар, адабиётга бўлаётган эътиборни элимизнинг, халқимизнинг эртанги куни учун ташланаётган қадамлар, келажак учун қадалган уруғ, келгусидаги ўзгариш ва юксалишларнинг дебочаси, дейишимиз мумкин.

Абдулла Қодирий ҳам Ватан озодлиги, элнинг равнақи, миллат ўзлигини англаш йўлида жонини фидо қилган, боқий ва ўлмас асарлар яратган адибдир. Ҳар бир даврнинг ўз адабиёти бўлганидек, даврнинг ҳам адабиётга муносабати бўлади. Ҳар бир давр адабиёти ранг-баранг бўлганидек, унга муносабатлар ҳам ранг-баранг ва турличадир. Абдулла Қодирий мисолида бугун адабиётга бўлган муносабат мезонларини белгилаб олишимиз мумкин.

Ўзликни англаш зарурати ҳақида гаплар беҳуда айтилгани йўқ. Айниқса, бугун оммавий маданият таъсири тобора ортиб бораётган бир пайтда унга бўлган эҳтиёж ҳам юксалиб бораверади. Ҳар қандай ижод намунаси ҳам ўзликни англатишга хизмат этувчи бадиий асар бўла оладими? Албатта, йўқ.

Бадиий асар ҳақида гап кетганда, биз қандай асарларни ҳақиқий адабиёт, деб баҳолашимиз керак, деган саволга жавоб топиш зарур. Кенг ўқувчилар оммасига мўлжаллаб ёзилган, бир ўқишдаёқ ҳамма сиру асрори ойдинлашадиган, ўқувчини қийнамайдиган турли қизиқарли воқеалару олди-қочдиларга бой китобними ёки Абдулла Қодирийникига ўхшаш ҳамма ҳам қийналмай ўқий олавермайдиган, мағзини чақавермайдиган, лекин дидни, савияни, фикрни ва инсон ҳақидаги билимни янгилайдиган асарними? Шуни айтиш керакки, ХХ аср жаҳон бадиий тафаккури чўққилари бўлмиш Фолкнерни барча америкаликлар, Камюни эса барча французлар ўқийвермайди ва ўқий олмайди ҳам. Улар ўз ватанида оммавий ёзувчи саналмайди. Бироқ худди бизда Абдулла Қодирий каби биринчиси Америка, иккинчиси Франция маданияти ва бадиий тафаккурининг фахри саналади. Шундай экан, оммавийлик бадиийлик мезони эмас ва, менимча, оммавийлик муайян маънода бадииятдан четлашиш, мавжуд дидга бўйсуниш ҳамдир. Бадиият эса диднинг бетиним ўсишига хизмат қилади, уни доимо ҳаракатга, ўсишга, изланишга чорлайди. Абдулла Қодирий каби адиблар асарлари худди ана шундай юксак бадиият намунасидир.

Китоб жавонларини тўлдирадиган, адабиётимизни сон жиҳатидан бойитадиган асарлар жуда кўп. Бироқ бадиий дидни тарбиялайдиган, инсон ҳақидаги билимни чуқурлаштирадиган “Ўткан кунлар” романига ўхшаш асарлар ҳар доим ҳам яратилавермайди. Ана шундай асарларгина адабий жараённинг маҳсули сифатида баҳоланиши зарур. Зеро, чинакам бадиий янгиланиш, бадиий инқилоб инсонга янгича қарашдан, унинг қалбига, ҳасратига, мусибатига, нафрат ва муҳаббатига, оғриғига чинакам яқинлашишдан бошланади. Инсоннинг қалбини кашф қилмасдан туриб, адабиётда янгилик яратиш мумкин эмас. Адабиётнинг бош мавзуси инсондир. Унга бориладиган, яқинлашадиган йўл услубдир. Услуб, адибнинг сўзи билан айтганда, ёзувчининг ўзи. Ёзувчи ўзгармас экан, услуб ҳам ўзгармайди. Шаклланмаган услуб — шаклланмаган шахснинг ифода тарзидир. Бизда узоқ йиллар ёзувчи шахси ҳақида, шахс ва истеъдод яхлитлиги ҳақида лом-мим дейилмади. Ваҳоланки, чала жамият чала шахсни, чала шахс чала истеъдодни, чала истеъдод чала адабиётни пайдо қилади. Чала адабиёт, ўз навбатида, чала дидни, чала маънавиятни юзага келтиришга хизмат қилади.Чала ва чучмал адабиёт дидни ўтмаслаштиради. Жамиятнинг эстетик диди давлат ҳудуди каби мустаҳкам муҳофаза қилиниши ва муттасил ўстириб борилиши лозим бўлган маънавий мулкдир.

Шахси шаклланмаган, ички “мен”и қул қилинган, ҳар қандай замонга ва сиёсатга ўзини тез мослай биладиган ёзувчи ҳур, озод инсон руҳини тасвирлай олармикан?

Ижодкор изланиш йўлидаги мағлубиятдан чўчир экан, чинакам ғалабани ҳам билмайди. “Мағлубият лаззатини билмаган, — дейди Фолкнер, — ғалаба лаззатини ҳам ҳис қилмайди. Чинакам мағлубият лаззати ғалаба нашидасининг бошланишидир”. Шу фикрга таяниб айтиш мумкинки, Абдулла Қодирий ҳам “Ўткан кунлар”гача ўз услубини топгунча не-не заҳматларни чекмаган?!

Ёзувчи даврлар алмашгандагина ўзгармайди, у ҳар бир асарида ўзгариб, ҳар бир асарида шаклланиб боради. Гўзаллик ва сўз қудрати томон ташланган ҳар бир қадам ёзувчидан янги ижодий қувватни, янги ижодий кашфиётни талаб қилади. Абдулла Қодирий нафақат ўзбек ва қардош халқлар, балки дунё адабиётида ўз ўрнига эга адиб ҳисобланади.

“Жаҳон адабиётида услуб жиҳатдан фарқ қиладиган бешта романчилик мактаби сайқалланиб кўзга ташланиб туради. Улар инглиз, француз, немис, рус, ҳинд романчилик мактабларидир. Эндиликда олтинчи романчилик мактаби яратилди. Бу мактабни яратган Абдулла Қодирийдир”, деб ёзган эди ўз даврида машҳур шарқшунос Е.Э.Бертельс.

Ёхуд нафақат қозоқ, балки бутун туркий халқларнинг буюк мутафаккирларидан бири Мухтор Авезов тили билан айтадиган бўлсак, юксак асар яратган Абдулла Қодирий романлари ХХ асрнинг 20-йилларида гўё текис саҳрода тўсатдан пайдо бўлган Помир тоғларини эслатади.

Абдулла Қодирий дастлаб ижодини шеърлар ёзишдан бошлаб, ўзининг кўплаб мақолалари, публицистик ва саҳна асарлари, ҳажвий ҳикоялари билан ҳам ном қозонди, эл оғзига тушди. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари билан эса ўзбек адабиётида романчиликка асос солди.

Унинг “Ўткан кунлар” романи Туркистон ўлкасидаги барча қўшни давлатлардан тортиб, узоқ ўлкаларгача етиб борди. Абдулла Қаҳҳор хотираларида ўтган асрнинг 30-йилларида “Ўткан кунлар” татар қардошларимизнинг ҳам энг севимли асарларидан бири бўлганини, адибни “Абдулла оби” деб эъзозлашганини қайд этади.

“Ўткан кунлар” романининг шу қадар шуҳрат топишининг сири-синоати нимада? Назаримизда, бу саволга жавобни романнинг ўзидан, адибдан қолган хотиралардан излашимиз зарур. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар қандай йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашишимиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг “Тоҳир ва Зуҳра”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод-Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”, деб ёзганди.

Бир қарашда адиб бу сўзларни камтарлик учун айтгандай туюлади. Бироқ роман жанрининг келиб чиқиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, адиб сўзлари чин ҳақиқат эканини илғаб оламиз. Яъни “Ўткан кунлар” “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Баҳромгўр” каби халқ достонлари, қиссахонларимизнинг халқ китобларидаги анъаналарининг давом эттирилиши билан боғлиқ.

“Алпомиш” достони билан “Ўткан кунлар” романи сюжет воқеалари ҳамда Алпомиш ва Отабек, Барчин ва Кумуш, Қултой ва Ҳасанали каби образлар талқинида ўзаро яқинлик масалалари алоҳида тадқиқот мавзусидир.

Роман жанрида алоҳида из қолдирган Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэле”сини оламизми ёки Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳати”, Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо”сини оламизми, биз барчасида эпосга яқинлигини кўрамиз. Зеро, Гегелнинг роман ҳақида гапира туриб, унда воқеликнинг эпик тасвири бўлиши шартлигини урғулаши, В.Г.Белинский эса “роман шахс ҳаётининг эпоси”дир, деган хулосага келиши бежиз эмас.

Роман жанри эпос замирида юзага келиб, мустақил жанр сифатида шаклланиш жараёни ҳамда бугунги ҳолатида ҳам (Жойс, Маркес асарлари мисолида) фольклордан ҳеч қачон узоқлашиб кетмаганлигини, мазкур жанрнинг яна янгича тамойиллар асосида фольклорга яқинлашувини кузатамиз. Умуман, ХХ аср насрида авангард адабиёт намояндалари романни фольклорга қайтаришга уринганлиги билан ушбу жанрнинг янги босқичи бошланди.

Абдулла Қодирий замонида роман воқеликни идрок этиш ва ифода этишнинг ўзига хос бир шакли, воқеликка тамомила янгича бир муносабат эди. Эпосда  воқеликка муносабатда оғзаки ижро анъаналарига риоя этиш, воқеликни эпик формулалар асосига қуриш муҳим ҳисобланса, “Ўткан кунлар” мисолида биз романда ижодкорнинг қуввати, бадиий имкониятидан келиб чиқиб, воқеликка тамомила янгича бир ёндашувни кўрамиз.

Романга хос тафаккур, тил, услуб, қаҳрамон ва характерлар талқини ҳамда, энг муҳими, воқеликни поэтик идрок этишда бошқа жанрлардан тамомила фарқлилик, яъни эпик кўлам уни бошқа насрий жанрлардан буткул фарқлаб туради.

Роман қандай бўлиш керак, деган саволга “Ўткан кунлар” ҳар томонлама — матн, тузилиш, қаҳрамон ва воқелик, турфа образлар талқини мисолида тўла жавоб беради. Эпик кўлам, эпик шароит, образ, тақдир, характерларнинг эпик талқини бўлиши шартлиги романга қўйиладиган асосий талаблардир. Роман жанри худди эпос каби халқнинг тарихи, тақдири, тафаккур тарихи билан бевосита алоқадордир. Халқнинг тақдири билан боғлиқ масала бир ёки кўплаб қаҳрамонлар ҳаёти орқали очиб берилади. Фақат бунда ҳар жабҳада: воқелик, образ, характерларда, тил ва услубда кўпқатламлиликка асосланган, етакчи жанрга хос хусусиятлар бўртиб туради.

Адиб “Ўткан кунлар” романида қадимдан келаётган шарқона достончилик анъаналарига суянган ҳолда, ХХ аср арафасида турган инсоннинг тафаккурига, шаҳдига, шижоатига мослаб Шарқу Ғарб бадииятини синтез қилган янги бир ижод намунасини яратди. Бу бир эксперимент эди. Шу илк экспериментнинг ўзидаёқ адиб иқтидори, бадиий салоҳиятини тўла намоён эта олди.

Роман гарчанд 1925-1926 йилда чоп этилган бўлса-да, “Инқилоб” журналида эълон қилинган дастлабки варианти сўзбошисида адиб 1920 йил тарихини муҳрлайди. Демак, ёзувчи бу асарни 1920 йиллардан олдинроқ қоралай бошлаган.

Ўз халқининг ўтмиши, миллий маданияти ва қадриятларига бўлган собит муносабат, миллатнинг келажагини унинг эркида, озодлигида, маърифатида кўриш, ўзбекона урф-одат, ўзбекона характер, образ, ўзбекона менталитет, ўзбекона тафаккурни бетакрор бадиий тасвир воситалари орқали тасвирлаб бериш ёзувчининг бош мақсади бўлган. Шунинг учун ҳам бу асарни ўзбек халқи қадриятларининг бадиий “қомуси” дейишимиз мумкин.

Адиб ҳақидаги хотиралардан биз шуни биламизки, у бу романни ёзиш учун пухта тайёргарлик кўрган, тарихий фактларни тўплаган, одамларни, ҳаётни яхши кузатган, яхши ўрганган.

Романнинг эпик кўлами ниҳоятда кенгки, икки севишган қалбнинг саргузаштлари тасвирланган халқ достонлари намунаси каби Отабек ва Кумушнинг соф, тиниқ, илоҳий бир севги қиссаси мисолида бутун халқнинг “кир ва қора” кунлари тарихи, жамиятда юз бераётган маънавий буҳрон, ахлоқий таназзул илдизлари шафқатсиз реалистик услубда тасвирланади. ХIХ асрдаги Туркистон тарихини кўз олдимизда аниқ-тиниқ гавдалантиради.

Бадиий сўз санъатидаги азалий мавзу — эзгулик ва ёвузлик, ёруғлик ва эзгулик, зоҳир ва ботин ўртасидаги кураш романда Отабек ва Ҳомид, Кумуш ва Зайнаб, Юсуфбек ҳожи ва Азизбек, Мусулмонқул ўртасидаги кураш сифатида бадиий тимсолий тарзда шу даражада инжа акс этганки, ҳар саҳифасида биз қаҳрамонларнинг руҳиятига янада яқинроқ кириб борамиз, бу ҳолат туйғуларимизга таъсир қилади ва асар воқеларини, қаҳрамон кечинмаларини ич-ичимиздан ҳис этамиз.

Романда иштирок этган ўттизга яқин образ ўз қиёфаси, ўз характери, ўз нутқига эга. Бири иккинчисини такрорламайди. Асардаги  Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожи,  Ўзбекойим, Ҳасанали, Офтоб ойим каби ижобий, Ҳомид, Жаннат каби салбий образларнинг ташқи қиёфа тасвиридан тортиб, уларнинг нутқигача табиий, ўзига хос, маҳорат билан ёритиб берилган.

Бугунги дунё адабиётининг энг етакчи насрга хос воқеликка полифоник ёндашув, ички монолог, психологик таҳлил изларини биз илк аввал “Ўткан кунлар”да кўрамиз. Роман бош қаҳрамони Отабек ва Кумушнинг руҳий ҳолати тасвирлари фикримизнинг яққол далили бўла олади.

“Ўткан кунлар” структураси шу даражада пухта ўйланганки, ҳар учала бўлимда воқелик бир-бирига жуда маҳорат билан боғланади, асар динамикаси саҳифа сайин кучайиб, ҳар бир образ тиниқлашиб, ҳар бир характер тип даражасига кўтарилади.

“Ўткан кунлар”дан сўнг салкам бир асрга яқин вақт ўтяпти. Бугунга қадар кўп ва хўб романлар ёзилди. Бу романларнинг юзага келишида, шубҳасиз, Абдулла Қодирий таъсирини сезиб турамиз. Уларнинг айримларини мазкур жанрга қўшилган улкан ҳисса, деб баҳолаш ҳам мумкин бўлар, бироқ ҳеч бир роман ҳали Абдулла Қодирий асаричалик шуҳратга эришгани йўқ. ХХ аср бошида илк тажриба ўлароқ юзага келган бу роман эгаллаган довонни ҳали ҳеч бир асар ошиб ўта олмади. Ошиб ўта оладими? Буни вақт кўрсатади.

Абдулла Қодирий устозларимиз, ҳамкасб адабиётшунос олимларимиз томонидан кўп ва хўб ўрганилди. Бироқ бу ўрганиш, изланишлар ҳали яна ва яна давом этади. Мамлакатимиз раҳбари хиёбонга ташриф чоғида жуда муҳим бўлган топшириқларни берди. Ана шундай вазифалардан бири ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш масаласидир. Бу ўринда, биринчи навбатда, Абдулла Қодирий каби адибларимиз асарларининг дунё тилларига таржима қилиниши муҳим аҳамиятга эга.

Ўтган йилнинг сўнггида америкалик таржимон Марк Риз “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига маҳорат билан ўгирди. Марк Риз шунчаки таржимон эмас. У ўзбек тилини яхши биладиган, юртимизда яшаб, ҳаётни ўз кўзи билан кўрган, одамларимизнинг характерини пухта ўрганган адабиётшунос олим ҳам. Бу китоб биз учун ҳам, америкалик китобхонлар учун ҳам кутилмаган совға бўлди. Ўйлайманки, бундай китоблар ўзбек адабиётини танитибгина қолмайди. Ўзбек миллати, унинг тили, тарихи, миллий ўзлиги ва эртанги истиқболи ҳақида тасаввурларни янгилайди, юксалтиради.

Бугунги глобал жамиятда, миллатнинг миллий қиёфасини ўзгартиришга, минг йиллик одоб-ахлоқ, эзгу анъаналари, инсон қалби, руҳиятига бўлган тажовуз кундан-кунга ортиб бораётган бир даврда миллий қадриятларнинг қомуси ҳисобланган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ига ўхшаш ўзликни англаштишга хизмат қилувчи асарларга эҳтиёж ҳамиша сақланиб қолаверади. Бундай асарларни ўқиш, ўрганиш, халқимиз тарихи, тафаккур тарзи, руҳияти, ўзлигини ўрганиш сари ташланган дадил қадам бўлади.

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,

 ЎзФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори,

филология фанлари доктори, профессор


Print   Email