Академиянинг маънавий-маърифий фаолияти тарихи

Қарорлар

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ асрлар давомида халқимиз маънавиятининг ажралмас қисмига айланган ислом дини, мусулмонларга эркинликлар яратиб берилди. Аммо, ушбу эркинлик ва имкониятлардан тўғри фойдалана билмаган, ислом динининг асл моҳиятини англаб етмаган баъзи одамлар динни ниқоб қилиб олган эктремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолиб, ўз Ватанига қарши жиноятларни амалга оширишди. Шу каби воқеалар ислом динининг асл моҳиятини, бутун дунё цивилизацияси ривожига тамал тошини қўйган аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг замонавий таҳлилини амалга ошириш ва бугунги куннинг муаммоларини ҳал этишда улардан фойдаланиш, мамлакатимиз аҳолисининг диний эҳтиёжларини қондириш ҳамда диний соҳани замонавий мутахассис кадрлар билан таъминлашни долзарб вазифага айлантирди. 1999 йил 7 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тошкент ислом университетини ташкил этишдан ҳам айнан ушбу вазифаларни  амалга ошириш кўзланган эди.

2018 йил 16 апрелгача бўлган даврда ушбу маскан нафақат Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам обрў қозониб, бу ердан ўз соҳасининг етук кадрлари етишиб чиқди. Университет жамоаси Республикамиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фуқароларнинг диний саводхонлигини ошириш юзасидан ўз ҳиссаларини қўшди. Университетни тамомлаган кадрлар Республикамизнинг турли давлат ва нодавлат ташкилотларида ишлаб, диний-маърифий соҳа ривожи учун меҳнат қилдилар.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижасида бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш ишлари янада жадаллашди. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.

2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекиш орқали ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Ушбу Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши белгиланди.

20 йиллик фаолият давомида Тошкент ислом университетида маънавий-маърифий ҳамда иқтидорли ёшлар билан ишлаш юзасидан самарали фаолият олиб борилди.

Мазкур давр мобайнида профессор-ўқитувчиларнинг етук малакалари ва салоҳиятидан университет, Тошкент шаҳри ҳамда Республикамиз миқёсида амалга оширилган маънавий-маърифий тарғибот ишларида унумли фойдаланилди.

 

Профессор-ўқитувчилар

Академия профессор-ўқитувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида доимий фаолият олиб борувчи 4 та (футбол, волейбол, стол тенниси, тренажер) спорт тўгараклари ташкил қилинган бўлиб, уларда 43 та қатнашчилар мавжуд. Шу билан бирга, Республика миқёсида нишонланадиган байрамлар олдидан Академиянинг барча профессор-ўқитувчиларини қамраб оладиган футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномалар билан тақдирланишмоқда.

 

Хотин қизлар

Академия ҳаётида хотин-қизларнинг роли беқиёс бўлиб, улар турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келишмоқда. Жумладан, 9 нафар хотин-қизлар кафедра мудири ва  бўлим бошлиқлари лавозимларида ишлаб, Академиянинг нуфузини ошириш, таълим сифатини яхшилаш ва бошқа қатор вазифаларни бажаришда кўмакдош бўлишмоқда.  Ҳозирги кунда Хотин-қизлар бўлими томонидан талаба-қизларнинг иқтидорларини аниқлаш, уларнинг ўз имкониятларини намойиш этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ҳар йили ушбу бўлим ташаббуси билан март ойида Академияда Республика миқёсидаги хотин-қизлар илмий-амалий конференцияси ўтказилиб, тўпламлар нашр эттирилмоқда. Талаба-қизларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ролини ошириш, ёшларнинг маданий-маънавий қадриятларга эътиқодини юксалтириш йўлидаги фаолиятини таъминлаш мақсадида самарали ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, биргина 2018 йилда “Зулфияхоним қизлари” кўрик танловининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман босқичида талаба қизлар Д.Шокирова ҳамда Н.Ботировалар иштирок этишиб, фахрли ўринларни қўлга киритишди.

Академия хотин-қизлари ва бошқа ходимларига ўрнак сифатида Хотин-қизлар бўлими бошлиғи Р.Матибаева 2016 йил Хотин-қизлар тизимида ўтказилган “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик танлови Республика ғолиби, 2017 йил Хотин-қизлар қўмитаси тизимида ўтказилган “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик танлови Тошкент шаҳар босқичи ғолиби бўлди.

 

Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти

Академияда фаолият олиб борувчи Ёшлар иттифоқи Академия бошланғич ташкилоти томонидан талаба-ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларнинг ижодий қобилиятларини янада ривожлантириш юзасидан “Тафаккур синовлари” интеллектуал мусобақаси, “Мунозара” дебат клуби, Талабалар театр студияси, “Ёш академиклар” ҚВЗ гуруҳи фаолияти доимий ташкил этиб борилмоқда. Шу билан биргаликда, ўтказилаётган ҳашарлар, байрамолди хайрия тадбирларида иштирок этишиб, қариялар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган шахсларнинг ҳолидан хабар олишиб, уларнинг уй ишларига қарашишмоқда.

 

“Зиё” медиа маркази

Мамлакатимизда ислом маданияти, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини обод этиш, муқаддас динимиз мусаффолигини асраш, аҳоли, айниқса, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, уларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш мақсадида 2000 йилда ташкил этилган “Зиё” студияси томонидан ЎзМТРК “Ўзбекистон” телеканалининг жума дастурларида “Эътиқод мустаҳкамлиги йўлида” ва “Имом Бухорий сабоқлари” рукнлари, “Ориат доно” ҳамда “Наврўз” радиоканали орқали “Зиё чашмаси”  дастурлари орқали 1000 дан ортиқ кўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрланиб, эфирга узатилган. Уларда 2000 дан ортиқ профессор-ўқитувчи ва талаба-ёшлар иштирок этишган.

 

Иқтидорли ёшлар

Академия иқтидорли талабаларининг имкониятларини рўёбга чиқариш, уларни янада қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли фаолият ташкил этилган бўлиб, турли соҳаларда илмий-ижодий салоҳиятга эга бўлган талаба-ёшларни аниқлаш ва уларга кўмак бериш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, талаба-ёшлар ичидан яхши ва аъло баҳоларга ўқувчиларини аниқлаш ва уларга тажрибали профессор-ўқитувчиларни “устоз-шогирд” анъанасига кўра бириктириш ва уларнинг илмий фаолият олиб бориш кўникмаларини шакллантириш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида ўтган вақт мобайнида Республика иқтидорли талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган Диншунослик олимпиадасининг Республика босқичида академия (университет)нинг 15 нафар талабалари биринчи ўринларни олишди. Ўзбекистон Республикаси талабалари учун таъсис этилган Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиясининг ғолиблари етишиб чиқишди. 2002-2018 йиллар давомида Академия (Тошкент ислом университети)нинг 43 нафар талабаси Имом ал-Бухорий номидаги, 1 нафар талабаси Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари бўлишди. Академиянинг биринчи қалдирғочларидан, ҳозирда жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО кафедрасининг  катта ўқитувчиси С.Саиджалолов 2015 йил “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик танлови Тошкент шаҳар босқичи, 2016 йил  Республика босқичида ғолибликни қўлга киритди. 2018 йилда “Ўзбекистон ёшлари бузғунчи ғояларга қарши”  республика ижодий ишлар танловида “Диншунослик” мутахассислиги 2-босқич магистранти Б.Ботиров мазкур мусобақанинг Республика босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Халқаро муносабатлар йўналиши 1-босқич талабаси Худойқулова Сабина 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган “Республика ёш олимларининг инновацион грант танлови”да 10 млн сўмлик грант соҳибига айланди.

Талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг фан ва ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш юзасидан ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Академияда мутахассислик фанлари, чет тиллари ҳамда спорт турлари бўйича 42 та тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларда 400 га яқин талаба-ёшларнинг доимий иштироки таъминланган. Шу билан бирга, 2019 йилдан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорликда амалий чолғучилик (дуторчилик, рубобчилик) бўйича бадиий тўгараклар қайта ташкил этилиб, талабаларнинг қизиқишларини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Спорт-соғломлаштириш ишлари

Академия талабалари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш юзасидан Талабалар кунига бағишланган спорт мусобақалари (дартс, стол тенниси, футбол коптоги, шахмат ва шашка, армреслинг, тош кўтариш), шахмат бўйича Академия биринчилиги мусобақалари, талаба-қизлар кунига бағишланган спорт мусобақалари, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан спорт мусобақалари, “Спартакиада” мусобақа (стол тенниси, шахмат, шашка, волейбол, дарст, армрестлинг, арқон тортиш)ларида Академия профессор-ўқитувчилари ва талабалари (350 нафар) фаол иштирок этиб боришмоқда. Ўтган йиллар давомида, Тошкент шаҳар ОТМлари ўртасида ўтказилган “Шахмат”, “Волейбол”, “Кураш”, “Баскетбол”, “Мини-футбол”, “Армрестлинг”, “Дзю-до” спорт турларидаги мусобақаларда Академия талабалари фаол иштирок этиб келишмоқда.

Академия талабаларининг бу борада эришган ютуқлари ҳам бажарилган ишлар самарадорлиги натижаси ҳақида маълумот бермоқда. Жумладан, “Диншунослик” йўналиши рус гуруҳи 2-босқич талабаси Д.Шокирова қуйидаги ютуқларга эришди: 2017-йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон чемпионати”нинг катталар ўртасидаги баҳсларда 1-ўрин; 2017-йил Самарқанд шаҳридаги “Ўзбекистон Республикаси” кубогининг катталар ўртасидаги баҳсларда 1-ўрин; 2017-йил Халқаро тоифадаги “Қора Белбоғ” мусобақасида 1-даража; 2018-йил Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилган “МДХ давлатлар Кубоги”да Ўзбекистондан ҳакам бўлди ва иккита 3-ўрин соҳиби ҳамда 2018-йилдан бошлаб спортнинг Таэквондо (ИТФ) тури ҳамда Бадиий гимнастика бўйича мураббий сифатида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Академик гуруҳларга бириктирилган 43 нафар профессор-ўқитувчилари талабаларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантириш, уларнинг юртимиз ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тўғрисида холис ва ишончли маълумот олишлари, бўш вақтларини унумли ўтказишлари, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларини олдини олиш юзасидан бир қатор ишлари амалга ошириб келишмоқда. Жумладан, ҳар ҳафтада бир маротаба ўтказиладиган мураббийлик ва ахборот соатлари давомида талабаларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларнинг турли муаммоларини ҳал этиш юзасидан маслаҳатларини бериб боришмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ишчи гуруҳи ҳамда Академия мутахассислари томонидан тайёрланган материаллар асосида ахборот соатлари ўтказилиб, талабалар сиёсий саводхонлиги ошириб борилмоқда.

Академия талабалари орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

 

Талабалар турар жойи

Академия ТТЖсида истиқомат қилувчи талабаларнинг вақтларини мазмунли ташкиллаштириш, уларнинг маданий хордиқ чиқаришларини таъминлаш юзасидан 450 дан ортиқ бадиий адабиёт, 800 дан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалар, 30 дан ортиқ вақтли матбуот нашрлари билан таъминланган Академия АРМининг филиали ҳамда Маънавият-маърифат хоналари ташкил этилган бўлиб, у ерда талабалар фан ва бадиий адабиётларни ўқишиб, турли маънавий мусобақалар, вилоятларнинг урф-одат ва анъаналарини намойиш этувчи “Вилоят ҳафталиклари” ўтказишади. Шу билан бирга, ТТЖга Республикамизнинг таниқли олимлари шарқшунос олимлари (профессор Убайдулла Уватов, профессор Аҳаджон Ҳасанов), диндорлар (Шайх Абдулазиз Мансур, Анвар қори Турсунов, Раҳматулло қори Сайфуддинов ва бошқ.), адабиётшунослар (Тоҳир Малик ва бошқалар), шоирлар (Бобур Бобомурод, Иқбол Мирзо ва бошқ.), кино актёрлари (Жумадулла Раметов, Дилноза Кубаева ва бошқалар) билан давра суҳбатлари уюштирилиб борилади.

Шу билан бирга, Академия профессор-ўқитувчиларининг ТТЖда навбатчилиги ташкил этилган бўлиб, бу ерда истиқомат қилувчи талаба-ёшлар билан ҳам мунтазам равишда суҳбатлар уюштирилган бўлиб, уларда кўп йиллик тажрибага эга бўлган устозлар ўзларининг ҳаёт тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда тавсиялар бериб келишмоқда.

 

Тошкент шаҳри миқёсида

Академиянинг профессор-ўқитувчи, тадқиқотчи ва магистрантлари Тошкент шаҳридаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар таклифлари асосида ушбу ташкилотларнинг раҳбар ходимлари, ҳарбий хизматчилари, ОТМлар мурожаатларига асосан уларнинг профессор-ўқитувчи ва  талаба-ёшлари, Учтепа, Олмазор ва Шайхонтоҳур тумани “Аёллар маслаҳат маркази”лари билан ҳамкорлик режасига биноан уюшмаган аёлларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларнинг турли бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларида маърузалар билан иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, биргина 2018 йил якунларига кўра, ташкил этилган 400 дан ортиқ тарғибот тадбирларида 20000 дан ортиқ тингловчиларга ислом дининг асл моҳиятини, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмуни ва аҳамиятини, ёт оқим ва гуруҳлар фаолиятининг йўналишлари, уларнинг мақсад-муддаоларини очиб берувчи маърузаларда Академиянинг 100 дан ортиқ профессор-ўқитувчи ва ходимлари маъруза қилишган.

Республика миқёсида

Академия профессор-ўқитувчи ва ходимлари томонидан нафақат Тошкент шаҳри, балки Республика миқёсида ташкил этилган тадбирларида фаол иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, 2017 йил давомида ижтимоий барқарорликни таъминлаш доирасида Андижон вилояти ва Тошкент шаҳридаги барча туманларда диний-экстремистик оқимлар  таъсирига тушиб қолган ҳамда мойил оилаларни махсус рўйхатдан чиқариш бўйича суҳбатларда қатнашилди. Тошкент шаҳри туманларида махсус ҳисобда турувчи шахслар билан ишлаш бўйича тузилган 25 та ишчи гуруҳ таркибида университетнинг 18 нафар профессор-ўқитувчиси фаолият олиб борди, соғлом турмуш тарзига қайтганларни рўйхатдан чиқариш бўйича таклифлар берилди. Академиянинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари томонидан “Диний экстремик оқимга мойил фуқаролар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари” номли услубий қўлланма ишлаб чиқилди

Шунингдек, 2018 йил Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги аҳолининг ижтимоий-маънавий муҳитини яхшилаш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳда Академиянинг 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчи ва ходимлари ҳамда докторантлари иштирок этишди.

Республикамизнинг турли чеккаларида маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Ҳақиқат синмайди”, “Авф”, “Ҳадис илми мактаби” каби махсус фильм ва видеороликлар марказий телеканаллар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида намойиш этилди. “O’zbekiston”, “Yoshlar”, “Toshkent”, “Mahalla”, “Madaniyat va ma’rifat”, “MY5” ва бошқа марказий каналлар ҳамда Ziyonet ва www.youtube.com медиапорталига жойланди.

Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистонда ижтимоий-маърифий ва диний соҳаларда амалга оширилаётган кенгкўламли ислоҳотларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини тубдан кўтаришда Академия жамоаси етарли илмий, интеллектуал ва ижодий салоҳиятга эга ҳолда, мамлакатимизнинг минтақа ва жаҳон миқёсида обрўйини кўтариш каби эзгу фаолиятда бевосита иштирок эта олади.


Print   Email