Академия ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416сонли Фармонига мувофиқ, Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Академия (Тошкент ислом университети) битирувчилари бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг деярли барча вазирлик ва идоралари, йирик халқаро ташкилотлар, илғор маҳаллий ва хорижий компания (ширкат)ларда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқдалар. Улар эришган ютуқлар замирида Академиянинг салмоқли ўрни бор. Ҳар бир битирувчи нафақат билим ва кўникмаларга эга, балки Академиянинг ўзига хос маданияти, урф-одати ҳамда дидини ўзида мужассам этиб, ёшларга ҳақиқий ўрнак бўлмоқда.

Хорижий талабалар истисно тарзида Академияга суҳбат асосида қабул қилинади. Дарс жараёнлари ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Яқин орада инглиз тили аудиторияларини яратиш режалаштирилмоқда.

МУҲИМ ҲАВОЛАЛАР

Академиянинг асосий вазифалари

  • мутахассисликлари бўйича бакалаврлар ва магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни диний (Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, ислом тарихи, манбашунослиги ва фалсафаси, диншунослик) ва дунёвий (халқаро муносабатлар, хорижий тиллар, зиёрат туризми ҳамда мумтоз шарқ адабиёти) таълим йўналишлари бўйича тайёрлаш;
  • республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш;
  • ислом динининг асл моҳиятини ва инсониятни эзгуликка элтувчи дин эканлигини илмий асосланган ҳолда теран ўрганиш ҳамда тарғиб этиш; — кадрлар тайёрлаш жараёнига етук мутахассислар ва ўқитувчиларни жалб қилиш орқали илм-фан ҳамда таълимнинг ўзаро интеграциясини чуқурлаштириш;
  • ўқитишнинг замонавий услуб ва методлари, ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнига кенг жорий этиш асосида таълим сифатини ошириш;
  • илмий тадқиқотлар натижалари бўйича диний-маърифий, маънавий-ахлоқий йўналишлардаги илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, Интернет тармоғида таълим ресурсларини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш;
  • ислом оламида юзага келадиган долзарб масалалар, замонавий сиёсий жараёнларга оид илмий-амалий анжуманлар ўтказиш;
  • Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган ва хорижий олий диний таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
  • малакали хорижий мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш, шунингдек, Академия мутахассисларини нуфузли хорижий олий диний ва илмий таълим муассасаларига малака ошириш ҳамда тажриба орттириш учун юбориш, талабаларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш.
 

Академиянинг таркибий қисмлари

Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази

Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази 2018 йилнинг 16 апрелида аввалги Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази асосида ташкил этилган. Марказ ислом дини ва маданияти, миллий мероси, қадимий анъаналарини ҳар томонлама ўрганиш, уларга оид мавжуд манбаларни илмий талаблар асосида тадқиқ ва нашр қилиш, замонавий диний жараёнларни илмий таҳлил қилиш ва тегишли таклиф-тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда давлат ва бошқа чет эл ташкилотлари буюртмаларига кўра, фундаментал ва амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида илмий изланишлар олиб борилмоқда

 

«Ислом цивилизациясини ўрганиш - ISESCO» кафедраси

ISESCO – (Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти) махсус кафедраси 2017 йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан (2016 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси) ўз фаолиятини бошлаган.

2017 йилнинг 22–25 май кунлари Тошкент ислом университети делегацияси ISESCO Бош қароргоҳи Марокаш пойтахти Работ шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб, университет таркибида «Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедрасини ташкил этиш юзасидан Англашув Меморандумини имзолади. Кафедрани ташкил этишдан мақсад – мусулмон дунёсидаги таълим, илм-фан ва маданият тарихи ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва улар ҳақида талабаларга чуқурлаштирилган махсус курсларни ўқитишдан иборат.

 

«Динлар тарихини ўрганиш ЮНЕСКО» кафедраси

«Динлар тарихини ўрганиш ЮНЕСКО» кафедраси 2000 йил 16 сентябрда ташкил этилган. Кафедра аъзолари томонидан ЮНЕСКО фаолиятида диний бағрикенглик тамойиллари, «Глобаллашув шароитида диний соҳа ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари ва геосиёсий аҳамияти, ёшларда диний бағрикенглик мада-ниятини юксалтиришнинг йўллари ва воситалари», «Исломшунослик муаммоларини бирламчи манбалар ва аждодлар диний-маърифий меросини тизимли таҳлил қилиш асосида ёш авлодда соғлом эътиқодни шакллантириш» каби мавзуларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

 

Манбалар хазинаси

«Манбалар хазинаси» бўлими 1999 йилнинг 7 апрелидан фаолият юритиб келмоқда. Бўлимнинг асосий вазифаси минг йиллар бурун яшаб ўтган аждодларимиз томонидан яратилиб, Ўзбекистон Республикасида сақланаётган ва чет эллардан олиб келинган илмий-маънавий, диний меросимиз дурдоналарини жамлаш, сақлаш ҳамда уларни келгуси авлодларга муносиб тарзда қолдириш, шунингдек, бу бебаҳо мерос устида илмий тадқиқот ишларини олиб боришдан иборатдир. Бўлимнинг қўлёзма ва тошбосма китоблардан иборат фонди асосан аҳоли қўлида сақланаётган мазкур китобларни сотиб олиш эвазига бойитиб борилади. Ҳозирги кунда бўлимда 500 нусхага яқин қўлёзма, 1500 нусхага яқин тошбосма, 10 000 нусхадан ортиқ замонавий нашр китоблари сақланмоқда.

Манбалар ичида Қуръон ва ҳадис илмлари, тасаввуф, мантиқ, балоғат илмлари, шунингдек, табиий фанларга оид математика, астрономия, геометрия ва тиббиёт каби илм соҳаларига тааллуқли китоблар бор

 

Академик лицей

Академияда узлуксиз таълим тизимини таъминлаш мақсадида 2000 йил академик лицей ташкил этилган. Академик лицейда хорижий филология (араб ва инглиз тили), аниқ фанлар (иқтисод ва техника) ва ижтимоийгуманитар фанлар таълим йўналишлари мавжуд. Бугунги кунда академик лицейда 40 нафар малакали ўқитувчи-педагоглар фаолият олиб бормоқдалар. 2017-2018 ўқув йилида академик лицейни 246 нафар ўқувчи тамомлади. Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси академик лицейида жами 500 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

 

«ЗИЁ-ЗУККО таълим маскани»

Академияда узлуксиз таълим тизимини таъминлаш мақсадида 2016 йил «ЗИЁ-ЗУККО таълим маскани» умумий ўрта таълим мактаби ташкил этилган. «ЗИЁ-ЗУККО таълим маскани»нинг жами 300 нафар ўқувчиси мавжуд. Мактабда таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Бошланғич синф ўқитувчилари ва фан ўқитувчиларининг барчаси олий маълумотли, тажрибали мутахассислардир. Ўқувчилар 1-синфдан инглиз ва рус, 2-синфдан араб тили тўгаракларига жалб этилади. Шу билан бирга, уларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиши, ҳар томонлама ривожланиши учун шахмат, таэквондо, бадиий гимнастика каби спорт тўгараклари ташкил этилган.

 

«Ислом тафаккури» журнали

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг нашри ҳисобланган «Ислом тафаккури» журнали ўзбек, инглиз, рус ва араб тилларида нашр этилади. Журнал Академия фаолиятига мос равишда «Қуръоншунослик», «Луғатшунослик», «Мумтоз филология», «Фиқҳ илми», «Ҳадисшунослик» каби турли рукнлар остида профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, мутахассисларнинг илмий, илмий-оммабоп мақолалари, тадқиқотлар натижалари, қизиқарли маълумотлар ва ахборотларни бериб боради.

 

Зиё» медиа маркази

Академия таркибида «Зиё» медиа маркази бўлиб, унинг жамоаси медиа соҳасидаги юқори малакали кадрлардан ташкил топган. У ўз олдига диниймаърифий, ижтимоий, тарихий, илмийоммабоп кўрсатувларни тайёрлаш ва тақдим этишни мақсад қилган. Марказда истиқлол йилларида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган улкан ижобий ишларни ва миллий қадриятларни ўзида акс эттирувчи, диний-маърифий, илмийоммабоп ва ижтимоий йўналишларда кўрсатув ва фильмлар тайёрланиб, телетомошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда. «Зиё» медиа маркази кўрсатувларини имом-хатиблар, профессор-ўқитувчилар билан ҳамкорликда тайёрлайди. Қолаверса, кўрсатувларнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида марказ ижодкорлари вилоятларга ижодий сафарлар уюштириб турадилар.


Print   Email